Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Аҳоли бандлиги – устувор вазифа

Аҳоли бандлиги – устувор вазифа


Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда аҳоли бандлигини ҳуқуқий тартибга солиш ва такомиллаштириш истиқболлари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов кириш сўзи билан очиб берди ҳамда модератор – палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Ходжаева олиб борди.

Анжуманда парламент депутатлари, мутасадди вазирликлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари ҳамда ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.

Семинар ишида “Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги Давлат сиёсати ва мазкур соҳани ҳуқуқий тартибга солишнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси: амалиёт ва муаммолар”, “Меҳнат ресурсларини ривожлантиришда касбий малакалар ва кўникмаларнинг роли”, “Аҳолининг унумли бандлигини ошириш асосида камбағалликни қисқартиришнинг илмий -услубий асослари” каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Муҳокамаларда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов Янги Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар моҳиятини очиб беришга қаратилган аниқ ҳаётий мисоллар келтирган ҳолда бу борадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, шу жумладан оилавий меҳмонхоналар фаолиятини ривожлантириш, миришкор деҳқонлар ва боғбонларни тренер сифатида танлаб олиш ҳамда уларни хорижий давлатларга ўқув машғулотлари олиб бориш учун юбориш амалиётини жорий қилиш хусусида таклифлар билдирди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи Шахноза Жолдасова Президентимиз ташаббуси билан бугунги куннинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган талабаларни иш билан таъминлаш масаласининг ҳуқуқий асосларини яратиш ва талабалар меҳнатини уларнинг асосий ўқиш сифатига зарар етказмайдиган тарзда ташкил этиш чораларини кўриш, меҳнат бозоридаги талаб ва таклифларга асосан талабаларга хос иш ўринларини аниқлаш, уларнинг истакларини ўрганиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.

Семинар якуни бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Май 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031