Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Никоҳни қайд этиш муддатларини қисқартиришга оид қонун маъқулланмади

Никоҳни қайд этиш муддатларини қисқартиришга оид қонун маъқулланмади


Оила кодексига ўзгартишлар киритишга оид қонун Сенат ялпи мажлисида муҳокама этилди.

Оила кодексининг амалдаги 13-моддасида узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши, алоҳида ҳолларда, масалан, ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳга ариза берилган куни тузилиши мумкинлиги қайд этилган.

Муҳокама этилган қонунда мазкур нормаларни чиқариб ташлаш назарда тутилган. Бунга асос сифатида қонун билан киритилаётган бошқа ўзгартишлар кўрсатилган. Хусусан, эндиликда никоҳ тузиш Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан кейин бир ой ўтгач эмас, балки ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.

Аммо, никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтганидан кейин қанча муддат давомида ўтказилиши ноаниқлигича қолган.

Шунга кўра, мазкур норманинг қабул қилиниши алоҳида ҳолларда, яъни ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатларда никоҳни ариза берилган куннинг ўзида тузиш имкониятини чеклашга олиб келиши ва бу, ўз навбатида, никоҳланувчи шахсларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Оила кодексининг амалдаги 17-моддасига мувофиқ никоҳланувчи шахслар 50 ёшдан ошган бўлса, шунингдек, алоҳида ҳолларда, жумладан, ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқа ҳолатлар мавжуд бўлганда тиббий кўрикдан ўз розилиги билан ўтказилади.

Қонун билан киритилаётган ўзгартишга асосан 50 ёшдан ошган никоҳланувчи шахслар ёки ўртада боласи (болалари) бўлган никоҳланувчи шахслар учун, шунингдек, ҳомиладор аёл ва унинг туғилажак боласини ўз боласи деб тан олувчи шахс учун тиббий кўрикдан ўтиш ихтиёрий ҳисобланиши кўрсатилмоқда.

Мазкур ўзгартишларга асосан, эндиликда юқорида қайд этилган айрим шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши никоҳланувчи шахсларнинг айнан ўз розилиги билан эмас, балки ихтиёрий равишда амалга оширилиши қайд этилди.

Бундан ташқари, амалдаги таҳрирда назарда тутилган бир тарафнинг касаллиги мавжуд ҳоллар Оила кодексига киритилаётган ўзгартишлар жараёнида эътибордан четда қолдирилган. Бу эса, ўз навбатида, бу тоифадаги шахслар ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади.

Шу билан бирга, Оила кодексига киритилаётган ўзгартишга кўра, никоҳни қайд этишнинг бир ойлик муддатини бекор қилиш ҳамда никоҳ тузиш фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берилганидан ва белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтилгандан кейин амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бироқ, ушбу нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмаган. Шунингдек, миллий ва хорижий мамлакатлар тажрибаси чуқур ўрганилиб, таҳлил қилинмаган.

Амалдаги норма ва қоидалар, яъни никоҳни қайд этишдаги муддатларнинг мавжудлиги никоҳдан ўтувчиларнинг ўз қарорларини пухта ўйлаб кўришларига, ёшлар томонидан шошма-шошарлик билан никоҳдан ўтишга йўл қўймасликка, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашга, мамлакатда ажрашишлар сонининг камайишига имкон бериши мумкинлиги жиҳатидан талқин этилмоқда ҳамда бу бўйича тегишли қатор қонуности ҳужжатлар ҳам қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтилди.

Юқоридагиларга асосланиб, сенаторлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонунни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

www.uza.uz



«    Май 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031