Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражининг ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражининг ривожланиш истиқболлари


Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ) томонидан Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитражининг ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Мазкур соҳанинг мутахассислари, миллий, минтақавий, хорижий ва халқаро экспертлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этган ушбу анжуманни ЖИДУ проректори, юридик фанлар доктори Гулноза Исмаилова, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Комил Рашидов ва Осиё тараққиёт банки бош юрисконсульти ҳамда қонунчилик ва сиёсат ислоҳоти бўйича гуруҳ раҳбари Кристина Пак (онлайн) кириш сўзлари билан очиб беришди.

Тадбирни модератор – ЖИДУ кафедра мудири Шерзодбек Масадиков олиб борди.

Дастлаб Сингапур халқаро тижорат суди судьяси Анселмо Рейес (Сингапур), “Al Tamimi&Company” арбитраж амалиёти бошлиғи Томас Снайдер (БАА), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов маъруза қилишди.

“Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражининг ҳуқуқий асослари ва шаклланиш босқичлари мавзусида маъруза қилган Ф.Отахонов юртимизда халқаро тижорат арбитражини ташкил этиш тарихи, унинг ҳуқуқий асосларини яратиш босқичлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасини тайёрлаш, муҳокама қилиш ва парламент томонидан қабул қилиш жараёни ҳақида батафсил тўхталди.

Таъкидланганидек, мазкур Қонунда асосий тушунчалар, Қонуннинг қўлланиш соҳаси, халқаро тижорат арбитражига ҳал этиш учун топшириладиган низолар, арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг иммунитети, арбитраж судининг мустақиллиги, суд аралашувининг чегаралари, суднинг ваколати, ёзма хабарларни олиш, эътироз билдириш ҳуқуқидан воз кечишга оид нормалар белгиланган.

Шунингдек, Қонунда арбитраж келишувининг таърифи ва шакли, даъво тақдим этиш ва унинг оқибатлари, таъминлаш чоралари ва дастлабки қарорлар, арбитраж судининг таъминлаш чораларини кўришга доир ваколатлари, дастлабки қарорларнинг алоҳида режими, арбитраж муҳокамасини юритиш тартиби, арбитражнинг ҳал қилув қарорини чиқариш ва муҳокамани тугатиш каби нормалар ўз ифодасини топган.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бахром Рахимов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Юридик бошқарма бошлиғи Сардор Рўзиев, Халқаро арбитраж маркази ишлар бошқаруви бўлими юристи Айдана Ханхожаева (Қозоғистон), Ливерпуль университети халқаро иқтисодий ҳуқуқ бўйича профессори, юридик фанлар доктори Мавлюда Сатторова (Буюк Британия), “White & Case LLP” катта юристи Дженнифер Айверс (АҚШ), Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов, ЖИДУ “Халқаро хусусий ҳуқуқ ва фуқаролик-ҳуқуқий фанлар” кафедраси профессори, юридик фанлар номзоди, доцент Дилфуза Имамова, “KIM Consulting Sàrl” арбитр ва халқаро арбитраж бўйича маслаҳатчиси Ольга Ким (Швейцария), Халқаро ҳуқуқий ҳимоя маркази катта маслаҳатчиси Сергей Морозов (Россия), Арбитрлар Қироллик институти тўлиқ аъзоси Илья Путилин (Буюк Британия) ҳамда қатор миллий ва хорижий экспертларнинг маърузалари тингланди.

Мунозараларда иштирокчилар томонидан соҳани янада ривожлантиришга доир таклифлар билдирилди.

Халқаро конференция материаллари ташкилотчилар томонидан тўплам шаклида чоп этилиши режалаштирилди.


www.lpri.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930