Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичда

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими янги босқичда


Инсон қадрини улуғлаш, аввало аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, мўътабар оналарни эъзозлаш, опа-сингилларни қадрлаш орқали рўёбга чиқиши, шубҳасиз.

Конституциямизнинг 46-моддасида «хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли» деб белгиланганлиги мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш борасидаги тизимли ислоҳотлар учун ҳуқуқий асосдир.

Хусусан, жорий йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг: «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони; «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори; «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. 

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги ижобий жиҳатлари билан алоҳида аҳамиятга эга: биринчидан, оила ва хотин-қизлар билан профессионал тарзда ишлашга ихтисослаштирилган янги давлат органи – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди; иккинчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди; учинчидан, хотин-қизлар билан ишлашнинг янги механизми – маҳаллаларда хотин-қизлар билан мақсадли ва манзилли тартибда ишлаш амалиёти белгилаб берилди; тўртинчидан, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида янги ҳуқуқий механизмлар – прокуратура органларининг ушбу соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорати жорий этилди; бешинчидан, хотин-қизларга таълим олишлари, илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишлари учун давлатнинг янги кафолатлар ва имтиёзлар пакети жорий этилди; олтинчидан, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш кечиришларига кўмаклашишни назарда тутувчи амалдаги механизмлар такомиллаштирилди; еттинчидан, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, хотин-қизларга хос бўлган касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш оналикни муҳофаза қилишга қаратилган янги тизим жорий этилди; саккизинчи, хотин-қизлар билан мулоқот қилишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда ва мулоқотнинг янги, самарали платформаларига асос солинди.

УЧИНЧИ РEНEССАНСНИ АЁЛЛАР БИЛАН БИРГА ҚУРАМИЗ!

Бугунги кунда Юртбошимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш сари дадил қадамлар қўймоқдамиз. Шу ўринда айтиш жоизки, янги Уйғониш даври, аввало, илм-фаннинг тараққиётига, миллий маънавиятнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Мазкур ўткир ҳақиқатни чуқур ҳис қилган ҳолда хотин-қизларнинг таълими ва илм-фан билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан янги имкониятлар яратиб берилмоқда. Хусусан, «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. 

Мазкур ҳужжатлар тўплами билан хотин-қизлар таълими, илмий ва инновацион фаолият билан шуғулланишлари учун қуйидаги янгиликлар жорий этилмоқда: биринчи, олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизларнинг таълим контрактларини тўлаш учун 7 йил муддатга фоизсиз таълим кредитлари ажратилиши; иккинчи, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш мақсадида, Давлат бюджетидан ҳар йили камида 200 миллиард сўм молиялаштирилиши; учинчи, хорижий олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим дастурлари бўйича – 50 нафар, магистратура таълим дастурлари бўйича — 10 нафар хотин-қизларга ҳар йили «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали қўшимча грантлар ажратилиши; тўртинчи, 2 100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз қоплаб борилиши; бешинчи, мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларни ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг тавсияномаларига асосан давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига умумий қабул параметрларидан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш амалиёти жорий этилиши; олтинчи, давлат илмий ташкилотлари ёки олий таълим муассасалари докторантурасига хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши; еттинчи, асосан хотин-қизларга дизайн, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тармоқлар иқтисодиёти, маркетинг ва талаб юқори бўлган бошқа таълим йўналишлари бўйича таълим берадиган алоҳида университетнинг ташкил этилиши; саккизинчи, давлат ва нодавлат таълим муассасаларида давлат буюртмаси асосида хотин-қизларни касбга ўқитишнинг янги тартиби жорий этилиши каби қатор янги нормалар белгиланди.

Жамиятдаги барча аёлларни илм-фанга руҳлантириш мақсадида янги механизм – «Олима аёллар жамияти» тузилиб, унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш учун Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилишига доир янгилик барча хотин-қизларнинг кўнглида жамиятнинг энг фаол қатлами «олима аёл» бўлишга интилишларини янада кучайтириши айни ҳақиқат. Ушбу ислоҳотлар Юртбошимиз таъкидлаганларидек, азал-азалдан халқимизда шаклланган «Битта қиз болани ўқитсангиз – бутун оилани ўқитган бўласиз» деган ҳақиқатнинг бугунги кунда, том маънода, ўз ифодасини топаётганлигидан даракдир.

ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА

Хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича қабул қилинган Миллий дастур амалга оширилаётган ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашда дастуриламал бўлиши, шубҳасиз. Хусусан, Миллий дастурнинг ҳуқуқий ва сиёсий аҳамиятини қуйидагиларда кўриш мумкин: биринчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилиши зарур бўлган 10 асосий вазифа белгилаб берилди; иккинчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишдаги 11 та асосий муаммо кесимида уларни ҳал этишга қаратилган аниқ ечимлар берилди; учинчидан, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган 6 та асосий йўналиш доирасида ишларни амалга ошириш белгилаб берилди; тўртинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг бешта асосий тоифаси белгиланиб, аниқ вазифалар назарда тутилди; бешинчидан, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг иккита асосий йўналиш белгиланиб, унинг доирасида тўртта муҳим вазифаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда. Миллий дастурда белгилаб олинган устувор вазифаларнинг 3 босқичда амалга оширилиши, уларни амалга ошириш механизмлари ва талаб этиладиган сарф-харажатларни молиялаштиришнинг манбалари аниқ белгиланаётганлиги, шунингдек истиқболда кутилаётган ижобий ўзгаришлар ва натижаларнинг назарда тутилаётганлиги ушбу дастурнинг ҳаётийлиги, хотин-қизларнинг ҳаётида амалда ўзгаришларни ясашга хизмат қилувчи ҳужжат эканлигидан даракдир.

БАХТЛИ АЁЛЛАР

«Аёл бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади!» Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аёлларнинг бахти асосига қурилмоқда, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасида назарда тутилаётган янгиликлар фикримизнинг тўлиқ исботидир.

Хусусан, 6 та асосий йўналиш ва 112 та банддан иборат бўлган чора-тадбирлар режасида хотин-қизларни мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини оширишга қаратилган, илгари жаҳон мамлакатлари амалиётида кузатилмаган Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибасига асос бўладиган қуйидаги янгиликлар белгиланди: биринчи йўналиш: хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида: қонунчиликда «хотин-қизларни таъқиб этиш» тушунчасининг ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш; ўқувчи-ёшларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказганлик, зўравонлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш; узоқ муддатга чет давлатларга чиқиб кетаётган ота-оналар томонидан фарзандига васий ёки ҳомий тайинлашнинг мажбурий тартибини белгилаш;

«Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида»ги Гаага Конвенциясига қўшилиш хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланганлик ҳолатини ўрганиш;

хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларда расмий ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш тизимини яратиш; жазони ижро этиш муассасаларидан озод этиладиган хотин-қизларнинг оилаларидаги ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш;

«Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциялар асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш ва бошқа масалалар белгиланган;

иккинчи йўналиш: хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида:

2022 йилда – 140 минг, 2023 йилда – 150 минг нафар хотин-қизларни ишга жойлаштириш чораларини кўриш; 2022 йилда – 66 минг, 2023 йилда – 74 минг нафар хотин-қизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш;

2022 йилда 17 062 нафар, 2023 йилда 19 020 нафар хотин-қизга субсидиялар ажратиш; республика ва ҳудудларда «Етакчи аёллар мулоқоти» платформасини ташкил этиш;

Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасига номзодларни тавсия этишда хотин-қизларнинг сонини магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг 30 фоизигача етказиш; «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида иштирок этадиган хотин-қизлар сонини 30 фоизга етказиш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган; учинчи йўналиш: ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:

14 минг нафар хотин-қизларга тураржой ижара тўлови бўйича компенсациялар тўлаш, 12 минг нафар хотин-қизларни ижтимоий ижара шартлари асосида ижтимоий уй-жойларга жойлаштириш;

уй-жойга муҳтож нотурар жойларда яшайдиган «Аёллар дафтари»га киритилган 6 минг нафар хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

«Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз эҳтиёжманд хотин-қизларга камида 100 минг нафар хотин-қизларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

30 минг нафар хотин-қизларга уларнинг таъмирталаб уй-жойларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб бериш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

84 333 нафар онахонларни бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;

12 919 нафар онахонларни ташкилотлар ва касаба уюшмалари санаторийларида даволанишларини ташкил этиш;

«Аёллар дафтари»тизими орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 300 минг нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланди.

Тўртинчи йўналиш: оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида: ҳар йили режа-жадвал асосида 1 000 та нотинч ва кам таъминланган оилаларни ички туристик саёҳатга имтиёзли юбориш;

оилавий ажралишларнинг олдини олишда медиаторлик институтининг ролини кучайтириш; Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган демографик барқарорлик Концепциясини ишлаб чиқиш;

«Демография» миллий порталини яратиш ҳамда мазкур соҳада фаолият юритаётган олимларнинг ютуқлари ва ишланмаларини ёритиб бориш каби долзарб вазифалар назарда тутилди.

Бешинчи йўналиш: хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида:

хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш; вояга етмаган қизлар билан ишлашда «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлик механизми самарадорлигини ошириш;

профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар билан якка тартибдаги профилактик ишларни амалга ошириш каби хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги амалдаги янги босқичга кўтарилмоқда.

Олтинчи йўналишда эса Чора-тадбирлар режасида назарда тутилган юқоридаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш, уларнинг изчиллигини таъминлаш ва бу борада кучли мониторинг юритишнинг ташкилий механизмлари белгиланди. Мазкур ҳолат хотин-қизларнинг чинакамига бахтли ҳаёт кечиришлари, саодатли аёл сифатида оила ва жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашлари учун янги имкониятларнинг яратилишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

АЁЛЛАРГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, миллий парламентимизда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, 32 фоизни ташкил этди. Хотин-қизларнинг бошқарув лавозимидаги улуши 27 фоизга, тадбиркорлик соҳасида 25 фоизга ва олий таълимда 46 фоизни ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, аёлларнинг тақдири, бугуни ва келажаги учун давлат сиёсати даражасидаги юксак эътиборнинг ифодаси бўлган бундай шароитлар ва имтиёзлар мамлакатимиз тарихида ҳали бўлмаган. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик ва юртдан, Юртбошидан миннатдорлик ҳисси амалий фаолиятимизга кўчиб, ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда. Зеро, бугун Президент ишончи ва меҳридан аёлларнинг қадди баланд, эъзоз ва эҳтиромидан руҳи тетикдир.

Малика ҚОДИРХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори


www.uza.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930