Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Марказий Осиё мамлакатлари давлат хизматчилари учун халқаро конференция

Марказий Осиё мамлакатлари давлат хизматчилари учун халқаро конференция


Бугун “Давлат бошқарувини модернизация қилиш ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳурмат қилиш” мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Европа Кенгашининг Ҳуқуқ орқали демократия учун Европа комиссияси (Венеция комиссияси), Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман долзарб масалаларга доир тўртта сессияда ўтказилиши кўзда тутилган.

1 ва 2-сессиялар тадбирнинг бугунги иш кунидан ўрин олган.

Европа Кенгаши Венеция комиссияси, 4-департамент раҳбари Сергей Кузнецов модераторлик қилган очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов, Венеция комиссияси махсус вакили, фахрий президент Джанни Букиккио, Қозоғистон Республикаси Давлат хизмати ишлари бўйича агентлиги раиси ўринбосари Берик Беркимбаев, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан, Қирғиз Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги муҳим топшириқлар бўйича элчиси Толон Турганбаев ва Тожикистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нигина Ализода кириш сўзлари билан халқаро конференцияни очиб беришди.

“Давлат бошқарувини ислоҳ қилиш ва қонун устуворлиги тамойиллари: конституциявий ва ҳуқуқий чақириқлар” масалалари муҳокамасига бағишланган 1-сессияни модератор – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов олиб борди ва маъруза қилди.


Ф.Отахонов ўз маърузасида таъкидлаганидек, ҳуқуқ устуворлиги деганда ҳуқуқий таълимот тушунилади, унга кўра, ҳеч ким қонундан устун бўла олмайди ва қонун олдида ҳамма тенгдир. Ҳуқуқ устуворлигининг асосий тамойилларини қуйидагича умумлаштириш мумкин: биринчидан, қонун устуворлиги барча қонуности ҳужжатларининг қонунга мувофиқлигини ва унга зид бўлмаслигини назарда тутади; иккинчидан, табиий ҳуқуқ назариясига кўра, ҳуқуқ устуворлиги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (шу жумладан, Конституция ва қонунчилик) ва давлат ҳокимиятининг бутун фаолияти инсон қадр-қиммати, эркинлиги ва ҳуқуқларини ҳимоясига йўналтирилган бўлишини талаб этади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг миллий концепцияси яратилди ва бу, албатта, конституциявий-ҳуқуқий асосга эга. Ўзбекистонда давлат бошқарувининг ушбу конституциявий-ҳуқуқий асослари нималардан иборат?

Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат халқ иродасини ифода этиши, унинг манфаатларига хизмат қилиши белгилаб қўйилган. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдир. Мазкур қоида мамлакатимизда давлат бошқаруви тизимининг асосини, асосий мазмунини ташкил этади.

Иккинчидан, мамлакатимизнинг Асосий қонунига кўра давлат ҳокимиятининг ягона манбаи – халқ. Ўзбекистонда давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб, фақат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида қабул қилинган қонунлар билан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилади. Бу қоида республикада давлат бошқарувини амалга оширишнинг асосий мақсади ва шаклини ташкил этади.

Учинчидан, Конституцияда жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалалари халқ муҳокамасига, умумхалқ овозига (референдумга) қўйилиши белгилаб қўйилган. Ушбу қоида давлат бошқаруви тизимидаги демократик тамойилларни мустаҳкамлайди.

Тўртинчидан, мамлакатимизда давлат бошқарувининг мустаҳкам қонунчилик асослари ҳам яратилган бўлиб, уларнинг аксарияти давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган. Масалан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу ғояси 2017 йил 8 сентябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг асосини ташкил этди.

Бешинчидан, Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилишнинг янги босқичи, албатта, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси билан боғлиқ. Мазкур тарихий ҳужжатнинг 4-мақсади давлат бошқаруви органлари фаолиятини “фуқароларга хизмат қилишга йўналтириш” тамойили асосида ўзгартиришни белгилаб беради. Ушбу мақсадга эришиш учун қуйидагилар, яъни:

вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг аниқ тартиби, уларни бир-биридан фарқловчи мезонларни назарда тутувчи ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиб, амалдаги давлат бошқаруви тизимини қайта кўриб чиқиш;

давлат бошқаруви органларининг штат бирликларини оширишга чеклов ўрнатиш тартибини ҳамда кадрлар ва моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича аниқ мезонларни белгилаш;

давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга оширишда манфаатлар тўқнашуви вужудга келишини бартараф этиш, мазкур жараёнга кенг жамоатчиликни жалб қилиш;

вазирлик ва идоралар фаолиятининг барча йўналишларини “Давлат – халқ хизматчиси” тамойили асосида фуқарога хизмат қилишга йўналтириш кўзда тутилган.

 

1-сессия ишида Венеция комиссиясининг Италиядан аъзоси ўринбосари, Римнинг “Ла Сапиенца” университети юридик факультети конституциявий ҳуқуқ профессори Чезаре Пинелли, Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Қонунчилик департаменти лойиҳа ишлари бошқармаси раҳбари Азиз Имангалиев, мустақил халқаро эксперт (Франция) Ришар Мартинез, Қирғиз Республикаси Олий суди девони раҳбари ўринбосари Эркин Искаков, собиқ Грузия Конституциявий суди раиси ва Адлия вазири, Венеция комиссияси эксперти Георгий Папуашвили, Тожикистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Нигина Ализода маърузалари тингланди.

Айни дамда “Фуқароларга сифатли давлат хизматлари кўрсатиш: стратегиялар, инновациялар, рақамлаштириш” масалаларига доир 2-сессия жараёни кетмоқда.

 

Халқаро конференциянинг эртанги (иккинчи) иш кунида “Инсон ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш орқали маъмурий ислоҳотлар барқарорлигини таъминлаш: давлат хизматчиларини қайта тайёрлаш ва профессионал ривожлантириш” ҳамда “Давлат хизмати доирасида самарадорликни бошқариш” масалаларига бағишланган 3 ва 4-сессиялар ўтказилиши режалаштирилган.




«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031