Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотлар: жамиятни демократик ривожлантириш асослари

Конституциявий ислоҳотлар: жамиятни демократик ривожлантириш асослари


2022 йил 27 июнь куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамда Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти ҳамкорлигида ташкил этилган давра суҳбати шу мавзуда бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги, фуқаролик жамияти институтлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Тадбирни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раисининг ўринбосари – ижрочи директор Аскар Маматханов, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директорининг ўринбосари Рахима Назарова, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти (ДИҲИ) директори Сайёра Ходжаева кириш сўзлари билан очиб беришди.

Давра суҳбати асносида Халқаро нотижорат ҳуқуқ маркази (ICNL) вице-президенти Наталья Боржеллининг “Фуқаролик жамияти ташкилотлари учун қонун ҳужжатлари: конституциявий ва қонунчилик асослари” (онлайн), Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахоновнинг “Фуқаролик жамияти институтлари ролини Конституция даражасида оширишнинг долзарб масалалари”, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази профессори в.б., юридик фанлар доктори Лола Саидованинг “Конституциявий ислоҳотларнинг қиёсий таҳлили: миллий тажриба ва халқаро амалиёт”, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш маркази директори Шамиль Асяновнинг “Конституциявий ислоҳот ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш”, ДИҲИ директори Сайёра Ходжаеванинг “Конституция фуқаролик жамияти шаклланишининг асоси сифатида”, “MILLENNIUM” ногиронлиги бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий реабилитация маркази раҳбари Гулжаҳон Махамадқулованинг “Фуқаролик жамияти ривожланишининг янги босқичи” мавзусидаги маърузалари тингланди.

Ф.Отахонов ўз маърузасида 25 июнь куни умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасига фуқаролик жамияти институтлари мақомини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш билан боғлиқ қандай нормалар акс этганига алоҳида эътибор қаратиб, қуйидаги асосий жиҳатларга тўхталиб ўтди:

биринчидан, Конституцияга илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилмоқда;

иккинчидан, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилмоқда;

учинчидан, Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда;

тўртинчидан, фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари мақомини конституциявий даражада мустаҳкамлаш билан боғлиқ масалалар бўйича Конституциявий қонун лойиҳасига қуйидаги таклифларни илгари сурди:

Биринчи, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси XIII бобининг номини “Жамоат бирлашмалари” ўрнига “Фуқаролик жамияти институтлари” деб номлаш таклиф қилинади. Чунки лойиҳада жамоат бирлашмалари фуқаролик жамияти институтлари қаторига киритилган, шунингдек Конституциянинг 57, 58, 59, 60, 61, 62-моддаларида фуқаролик жамияти институтларининг бошқа турлари (шакллари) тўғрисидаги нормалар белгиланган.

Иккинчи, Конституциянинг 56-моддаси янги таҳририни қуйидагича ифодалаш мақсадга мувофиқ: 

56-модда

Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, жамоат фондлари, ноҳукумат ташкилотлар, оммавий ҳаракатлар, хусусий оммавий ахборот воситалари, диний ташкилотлар ва бирлашмалар, шунингдек маҳаллалар, Жамоатчилик палатаси фуқаролик жамияти институтлари сифатида эътироф этилади”.

Учинчи, Конституциянинг 122-моддасига киритилаётган “Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади» деган тўртинчи қисмни чиқариб ташлаб, Конституция 32-моддасининг амалдаги иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирдаги иккинчи ва учинчи қисмлар тарзида баён этиш таклиф қилинади: 

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.

“Давлат органларининг фаолияти, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва маҳаллий бюджетларнинг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади”.

Тўртинчи, Конституция 98-моддаси иккинчи қисмининг 8-бандига киритилаётган қўшимчалардан “шу жумладан жамоат бирлашмаларини” деган жумлани чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ. Чунки Вазирлар Маҳкамаси уларнинг номланиши ва фаолият соҳасидан қатьи назар, барча фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириши лозим, тенглик принципига риоя қилиниши даркор.

Бешинчидан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги таклифларини тўла қўллаб-қувватлаймиз: “Янги Ўзбекистонни кучли ва адолатли фуқаролик жамиятига айлантириш ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш вазифалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ва ролини ошириш керак. Шу муносабат билан, давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга кўмаклашиш учун ташкил этиш мўлжалланган Жамоатчилик палатасига конституциявий орган мақомини бериш мақсадга мувофиқдир. Бу эса Жамоатчилик палатаси зиммасига юклатилган энг муҳим вазифалардан бирини – Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлис палаталарига ва Ҳукуматга қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни киритиш функциясини самарали амалга ошириш имконини беради”.

Давра суҳбати қизғин муҳокамаларга бой бўлди.

Якунда, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930