Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Фуқаролик жамияти институтлари мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда

Фуқаролик жамияти институтлари мақоми конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда


Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси Бош қомусимизнинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиришлар киритишни назарда тутмоқда. Бундан ташқари, Конституция 6 та (261, 262, 401,411,421,53–моддалар) янги модда билан тўлдирилмоқда.

Уларнинг аксарияти мазмун-моҳиятига кўра, “инсон – жамият – давлат”, “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган тамойилларни конституциявий қоида сифатида муҳрлашга, халқпарвар давлат барпо этишга, инсон ҳуқуқларининг ҳимояси ва ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлашга қаратилган.

Янги Ўзбекистонни кучли ва адолатли фуқаролик жамиятига айлантириш ғояси асосида фуқаролик жамияти институтларининг мақомини  конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш мақсадида лойиҳада Конституциянинг 56-моддаси янги таҳрирда баён қилинмоқда, 98 ва 122-моддалари эса янги нормалар билан бойитилмоқда.

Биринчидан, конституциявий қонун лойиҳасига илк бор “фуқаролик жамияти институтлари” ибораси киритилмоқда. 

Иккинчидан, маҳаллалар, оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилмоқда.

Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини, қўллаб-қувватлаш чораларини амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.

Тўртинчидан,  фуқаролик жамияти институтларига Ўзбекистон Респуб-ликаси бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

Юқорида қайд қилинган янги нормаларнинг мазмун моҳияти нималарда иборат деган ҳақли савол туғилади ва унга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Аввало, Конституциянинг 56-моддасидаги жамоат бирлашмалари тушунчаси “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган эзгу ғоя асосида фуқаролик жамияти институтлари тушунчаси билан алмаштирилмоқда. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий асослари тарқоқ холда “Ўзбекистон Республикасининг жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган. 

Нодавлат нотижорат ташкилоти — жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари қуйидаги ташкилий-ҳуқуқий шаклларда, яъни жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса шаклида, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа шаклда ташкил этилиши мумкин.

Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади.

Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилоти жамоат фонди ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Маҳалла деганда, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун ва бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб ижтимоий тузилмани тушунамиз”. Демак, маҳаллани давлат органи эмас, балки фуқаролик жамияти институти сифатида эътироф этиш лозим. Фикримизни тасдиғи Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган қуйидаги нормада ўз ифодасини топган, яъни “Фуқаролар шаҳарчаларда, қишлоқларда, овулларда, шунингдек шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллаларда ўзини ўзи бошқаришга доир ўз конституциявий ҳуқуқини фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларига мувофиқ фуқаролар йиғинлари (фуқаролар вакилларининг йиғилишлари) орқали амалга оширади”.

Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг доимий номга эга бўлган ҳамда босма тарзда (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар ва бошқалар) ва (ёки) электрон тарзда (теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар) олти ойда камида бир марта нашр этиладиган ёки эфирга бериладиган, қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган шакли ҳамда оммавий ахборотни даврий тарқатишнинг бошқа шакллари оммавий ахборот воситасидир.

Оммавий ахборот воситалари бугун халқ овози, том маънода тўртинчи ҳокимиятга айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларини фуқаролик жамияти институти эканлигини конституциявий даражада эътироф этилиши жамиятимизда сўз эркинлигини инсон тараққиётининг ажралмас ва муҳим омилига айланишига хизмат қилади.

Иккинчи, Конституцияда фуқаролик жамияти институтларининг муштарак мақсади сифатида “фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишга, ижтимоий ҳамда маданий мақсадларга эришиш учун кўмаклашишга, жамиятнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилгандир» – деб белгиланмоқда.

Шу ўринда маҳаллаларнинг маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш борасидаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан кафолатланадиган мустақил фаолиятини қайд этиш лозим.

Учинчи, Конституциянинг 98-моддаси киритилаётган қўшимчага мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси “фуқаролик жамияти институтларини, шу жумладан жамоат бирлашмаларини қўллаб-қувватлаш чораларини амалга оширади, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ва бажаришда уларнинг иштирок этишини таъминлайди, ижтимоий шерикликка оид дастурларнинг амалга оширилишини таъминлайди”.  

Ушбу норма ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда фуқаролик жамияти институтларининг аҳамияти ва ролини оширишга, уларининг фаолиятини субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Тўртинчи, Конституциянинг 122-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилмоқда: «Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади. 

Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Респуб-ликаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади».

Мазкур қўшимчалар бюджет тизимининг очиқлик приципи, хусусан, Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш тартиб-таомилларининг жамият ва оммавий ахборот воситалари учун очиқлигини, шунингдек бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирок этиши мумкинлигини Конституция даражасида мустаҳкамлашни назарда тутмоқда. Шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнида жамоатчилик назоратини кучайтиришга, шу жумладан Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари ҳамда келгуси икки йилга оид бюджет мўлжаллари, шунингдек Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига юборилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини таъминлашга, жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган тадбирларни молиялаштириш харажатларини фуқаролик жамияти институтлари томонидан назорат қилишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда фуқаролик жамияти институтларининг мақоми  конституциявий даражага кўтарилиши Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда “.... бутун давлат бошқарув тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга – “Янги шахс”, “Янги фуқаролик жамияти”, “Янги демократик бошқарув тизими”га олиб чиқишда” муҳим аҳамият касб этади.


Фозилжон ОТАХОНОВ, 
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари 
ва парламент тадқиқотлари институти директори, 
юридик фанлар доктори, профессор 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930