Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири муҳокама қилинди

Фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсири муҳокама қилинди


Хабар қилинганидек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси, Демократик ва инсон ҳуқуқлари институти, USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган давра суҳбатида фуқаролик жамияти институтларининг қонун ижодкорлиги фаолиятидаги ҳамда ҳуқуқни қўллаш жараёнларидаги иштироки масалалари кўриб чиқилди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлар мутасаддилари, халқаро ва миллий экспертлар, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган ушбу анжуманни Демократик ва инсон ҳуқуқлари институти директори, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаева очиб берди ва олиб борди.

Очилиш қисмида USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури директорининг ўринбосари Рахима Назарова, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Машарипов кириш сўзи билан иштирок этишди.

Тадбирнинг асосий қисмида юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов “Ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг долзарб масалалари”, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро тоифадаги юрист, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти эксперти Дилфуза Қуролова “Ҳуқуқ ижодкорлиги ташаббуси институтининг давлат органлари фаолиятидаги иштироки: халқаро ва хорижий тажриба”, Ҳуқуқий муаммоларни ўрганиш институти раҳбари, юридик фанлар номзоди, халқаро арбитр Шамил Асьянов “Ҳуқуқ ижодкорлиги ташаббуси институтининг давлат органлари фаолиятида иштирок этиш шакллари”, Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги бош инспектори, иқтисод фанлари номзоди Марьям Абдукаримова “Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат хизматлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик”, ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси Адҳамжон Узоқжонов “Ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида ва қонунчиликни такомиллаштиришда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокининг муҳим жиҳатлари” мавзуларида маъруза қилишди.

Сўзга чиққанлар таъкидланганидек, ҳуқуқ ижодкорлиги – бу ваколатли органнинг, мансабдор шахснинг, фуқароларнинг норматив хусусиятга эга бўлган ҳужжатларни тайёрлаш, қабул қилиш, ўзгартириш ва бекор қилиш борасидаги ҳаракатлари мажмуи ҳисобланади. Бу жараёнда: 

давлат органлари – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;

мансабдор шахс – Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва бошқалар;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

фуқаролик жамияти институтлари – нодавлат нотижорат ташкилотлар (жамоат бирлашмаси, жамоат фонди, муассаса);

фуқаролар (референдум орқали Конституция ва қонунларни қабул қилган ҳолатларда);

корхона, муассаса, ташкилотлар – (локал норматив хусусиятдаги ҳужжатларни қабул қилган ҳолатларда, мисол учун – ички меҳнат тартиб қоидалари, жамоат шартномалари ва ҳ.к.) ҳуқуқ ижодкорлиги субъектлари бўлиши мумкин.

Бунда “ҳуқуқ ижодкорлиги” ўз ичига “норма ижодкорлиги” ва “қонун ижодкорлиги” тушунчаларини ҳам қамраб олувчи ҳуқуқий атамадир.

Фуқаролик жамияти эса инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат мавжуд бўлган, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари юксак даражада таъминланган жамиятдир. 

Фуқаролик жамияти институтларига:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;

нодавлат нотижорат ташкилотлар (жамоат бирлашмаси, жамоат фонди, муассаса);

хусусий оммавий ахборот воситаларини киритиш мумкин.

Сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар ташкилотлари, ветеранлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари, ассоциациялар ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари, деб эътироф этилади. 

Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган нодавлат нотижорат ташкилот жамоат фонди ҳисобланади.

Тадбир асносида маъруза қилган Ф.Отахонов ҳуқуқ ижодкорлигида фуқаролик жамияти институтлари иштирокини таъминлашдаги муаммоларга атрофлича тўхталиб, уларнинг амалий ечими юзасидан қуйидаги таклифларни билдириб ўтди:

биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)да фуқаролик жамияти институтларининг қонун лойиҳалари ва амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича билдирган таклиф ва фикр-мулоҳазаларига муносабат билдириш механизмларини янада такомиллаштириш, қонун лойиҳалари юзасидан келиб тушган таклифларни умумлаштириш вазифасини Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти зиммасига юклаш;

иккинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилинишининг самарали механизмларини жорий этиш, бунда амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли қўшимча, ўзгартиш киритиш ва унда фуқаролик жамияти институтлари учун мотивацияни кучайтириш мақсадга мувофиқ.

Мунозаралар мобайнида фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий давлатчиликни қарор топтириш жараёнларига таъсирини янада ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди.

Якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930