Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба

Конституциявий ислоҳотлар: миллий ва хорижий тажриба


Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази илмий кенгашининг шу мавзуга бағишланган халқаро илмий муҳокамаси бўлиб ўтди 

Академик ҳамжамият, хорижий экспертлар, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этган анжуманни Мувофиқлаштирувчи кенгаш, айни дамда Конституциявий комиссия раиси юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов кириш сўзи билан очиб берди ва олиб борди.

Шундан сўнг Россияда хизмат кўрсатган ҳуқуқшунос, Россия Федерацияси Конституцияси асосчиларидан бири, О.Е.Кутафин номидаги Москва давлат юридик университети профессори, ҳуқуқ фанлари номзоди Владимир Лафитскийнинг “Конституциявий ислоҳотлар: Россия Федерацияси тажрибаси”, Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, Қозоғистон гуманитар юридик университети ректори, юридик фанлар доктори, профессор Сергей Ударцевнинг “Конституциявий ислоҳотлар: Қозоғистон Республикаси тажрибаси” мавзусидаги маърузалари тингланди. Улар билан ушбу соҳадаги хорижий ҳуқуқий тажриба ҳақида фикр алмашилди.

Шундан сўнг академик Акмал Саидов “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш: бугунги ҳолат ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилиб, конституциявий ислоҳотнинг асосий ташаббускори – бу мамлакатимиз фуқаролари, бош ғоявий илҳомлантирувчиси эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эканлигига тўхталиб ўтди. Конституциявий ислоҳотлар жараёни 3 босқичда амалга оширилаётганини, яъни биринчи – “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш босқичи ва бунда аҳолидан 62 мингдан ортиқ, иккинчи – умумхалқ муҳокамаси босқичи ва ушбу босқичда 150 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганини, ҳозирда мазкур таклифларни умумлаштириш ишлари кетаётган бўлиб, кейинги учинчи – референдум босиқичида Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар умумхалқ овози билан қабул қилинишини алоҳида таъкидлади.

Муҳокамалар қисмида Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари – Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг илмий йўналиш раҳбари, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, Барқарор ривожланиш маркази директори, фалсафа фанлари доктори Маъруф Усманов фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Жумладан, Ф.Отахонов конституциявий ислоҳотлар жараёнида намоён бўлаётган конституциявий ватанпарварлик, бу борада фуқаролар, жамият ва давлат органларининг ҳамжиҳатликдаги фаолияти, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг ушбу жараёндаги ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Шунингдек, референдум орқали қабул қилинадиган ўзгаришлар натижасида Асосий қонунимиз ҳар бир инсон учун “Бу – менинг Конституциям” деган юксак мақомга эга бўлишини ишонч билан тилга олди.

Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли конституциявий ислоҳотларнинг асл мақсади – халқ иродаси, орзу-умидларини рўёбга чиқариш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, пировардида, инсон қадрини амалда тўлиқ таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилини ҳаётга тўла татбиқ этиш эканлиги қайд этиб ўтилди.

Инсон қадри улуғланадиган Янги Ўзбекистон ғояси – умуммиллий ҳаракатга айлангани ва энг муҳими, фуқароларнинг дунёқараши, эртанги кунга, ислоҳотлар натижасига бўлган ишончи кучайгани ва уларнинг шиддатли демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси юксалиб бораётгани эътироф этилди.

Тадбир савол-жавобларга бой бўлди.


www.lpri.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930