Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Аёл ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган

Аёл ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган


Ҳар қандай давлат ва жамият тараққиёти бир қатор омиллар асосида юз беради. Бу жараёнда аёллар, уларнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлардаги иштироки, ҳуқуқ ва эркинликлари амалда таъминланганлиги масаласи – давлатлар ривожининг ҳамда демократиянинг муҳим индекси саналади. Зотан, аёл ва унинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳамиша муҳим мезон бўлиб келган.

Ҳар қандай ижтимоий тузилма асосида аёлларнинг репродуктив имкониятлари билан бир қаторда янги авлоднинг шаклланиши ва ривожланишида ҳам уларнинг ўрни беқиёс. Жамиятда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари мавжуд бўлиб, булар қонунийлик, демократизм, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, жинс бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги, очиқлик ва шаффофликдир.

Дунё мамлакатлари қаторида ва халқаро ҳамжамиятда муносиб ўринга эга бўлган Ўзбекистоннинг давлат ва жамият сифатидаги тараққиёти силсиласида аёлнинг ўрни, унинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти алоҳида аҳамият касб этади.

Бугунги глобаллашув жараёнида янги авлоднинг ҳар қандай шароитга нисбатан фаол фуқаролик позициясини шакллантириш масаласида хотин-қизларнинг ўрни ва роли ҳар қачонгиданда муҳим. Шу боис ислоҳотларнинг асосий мазмуни ҳам хотин-қизларнинг янги ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ўзгаришлар ва ижтимоий-сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборат. Зеро, инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром, мўътабар оналаримизни эъзозлаш, мунис опа-сингилларимизни қадрлаш орқали рўёбга чиқади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда Юртбошимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш сари дадил қадамлар қўймоқдамиз. Бинобарин, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аёлларнинг бахти асосига қурилмоқда, десак адашмаган бўламиз.

Сир эмаски, янги Уйғониш даври, аввало, илм-фаннинг тараққиётига, миллий маънавиятнинг мустаҳкамлигига боғлиқдир. Мазкур ўткир ҳақиқатни чуқур ҳис қилган ҳолда хотин-қизларнинг таълими ва илм-фан билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан янги имкониятлар яратиб берилмоқда. Жамиятда аёлларни илм-фанга руҳлантириш мақсадида янги механизм – «Олима аёллар жамияти» тузилгани ҳамда унинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш учун Давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилгани барча хотин-қизларнинг кўнглида жамиятнинг энг фаол қатлами – «олима аёл» бўлишга интилишларини янада кучайтириши айни ҳақиқат.

Ҳеч шубҳасиз, аёлларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокини тўлақонли таъминлаш, уларни ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар юртимизда гендер тенгликни ва тенг ҳуқуқлиликни таъминлашдаги ижтимоий адолат намунасидир.

Бир сўз билан айтганда, аёлларнинг тақдири, бугуни ва келажаги учун давлат сиёсати даражасидаги юксак эътиборнинг ифодаси бўлган бундай шароитлар ва имтиёзлар мамлакатимиз тарихида ҳали бўлмаган. Бугун опа-сингилларимиз қалбида жўш ураётган шукроналик ва юртдан, Юртбошидан миннатдорлик ҳисси амалий фаолиятимизга кўчиб, ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.

 

Аёлларга эътибор чинакам давлат сиёсати даражасига кўтарилди: унинг ҳуқуқий ва институционал асослари тубдан такомиллаштирилди

 

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш фаолияти: аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш; аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш; аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш; ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш каби асосий йўналишлардан иборат.

Мамлакатимизда аёл қадрини юксалтириш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар, албатта, бу борада ҳуқуқий асослар яратилганлиги ва мунтазам такомиллаштириб борилаётганлиги билан ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» деб белгиланганлиги мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини ошириш борасидаги тизимли ислоҳотлар учун бош ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари янги сифат босқичига кўтарилди. Ўзбекистон хотин-қизларни ҳар қандай камситиш ва таҳқирлашлардан ҳимоя қиладиган барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. Бунда «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Женева Конвенцияси, «Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Нью-Йорк Конвенциялари, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши Конвенциясини тўлдирувчи одам савдосининг, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги» Баённомаси каби халқаро ҳужжатларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Юртимизда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида», «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди.

Шунингдек, қонун ҳужжатларининг мажбурий гендер-ҳуқуқий экспертизаси жорий қилинди.

Аёлларни қўллаб-қувватлаш масалаларида давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан 30 дан ортиқ фармон ва қарорлар ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинганлигини қайд этиб ўтиш жоиз. Биргина жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ҳамда «Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги ижобий жиҳатлари билан алоҳида аҳамиятга эга: биринчидан, оила ва хотин-қизлар билан профессионал тарзда ишлашга ихтисослаштирилган янги давлат органи – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди; иккинчидан, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди; учинчидан, хотин-қизлар билан ишлашнинг янги механизми – маҳаллаларда хотин-қизлар билан мақсадли ва манзилли тартибда ишлаш амалиёти белгилаб берилди; тўртинчидан, хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида янги ҳуқуқий механизмлар – прокуратура органларининг ушбу соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорати жорий этилди; бешинчидан, хотин-қизларга таълим олишлари, илмий-ижодий фаолият билан шуғулланишлари учун давлатнинг янги кафолатлар ва имтиёзлар пакети жорий этилди; олтинчидан, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб турмуш кечиришларига кўмаклашишни назарда тутувчи амалдаги механизмлар такомиллаштирилди; еттинчидан, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлаш, хотин-қизларга хос бўлган касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш, оналикни муҳофаза қилишга қаратилган янги тизим жорий этилди; саккизинчидан, хотин-қизлар билан мулоқот қилишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда ва мулоқотнинг янги, самарали платформаларига асос солинди.

«Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон билан 2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ҳамда Миллий дастурни 2022–2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Таъкидлаш керакки, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 83-сон қарори билан тасдиқланган «2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар»нинг 5мақсади – Гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш – мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир.

Ушбу мақсадни амалга ошириш доирасида хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш, уларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини, шу жумладан, одам савдоси, жинсий эксплуатация ҳамда эксплуатациянинг бошқа шаклларини, эрта никоҳлар ва зўрлаб никоҳлаш ҳолатларини тугатиш, хотин-қизлар сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётнинг барча босқичларида ҳар томонлама иштирок этишларини ҳамда қарор қабул қилишда етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни таъминлаш, репродуктив саломатликни асраш соҳасида умум қамровли тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш хизматларидан умумий фойдаланишни таъминлаш ва шу каби 9 та вазифа белгиланди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Сенати томонидан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланди.

Саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга доир қатор мақсад ва вазифалар назарда тутилди. Жумладан, Тараққиёт стратегиясининг 5 та мақсадида хотин-қизлар масаласига оид вазифалар белгиланган. «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш» деб номланган 69-мақсадида, жумладан, жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш кўзда тутилган.

Тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 221, 232, 253, 254, 307, 308, 338-вазифалари бевосита юқорида қайд этилган мақсадларни рўёбга чиқаришга қаратилган.

Аёллар борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатларнинг бугунги самараси ушбу соҳадаги институционал асосларни тубдан такомиллаштириш билан узвий боғлиқ. Модомики, мустақилликнинг илк даври – демократик ислоҳотлар бошланишида гендер тенглик масаласи ва аёлларнинг жамиятдаги роли нақадар муҳим эканлиги 1991 йилдаёқ алоҳида давлат тузилмаси – Хотин-қизлар қўмитаси шакллантирилиши билан яна бир бор ўз тасдиғини топган.

Сўнгги йилларда бу йўналишдаги институционал асослар тубдан такомиллаштирилиб, Олий Мажлис Сенати ҳузурида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси жорий қилинди ва 2022 йил 1 мартдаги Президент фармони билан Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилди. Сенат Раиси Танзила Нарбоева бошчилигида дастлаб Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши иш бошлаган бўлса, кейинчалик, яъни жорий йил 1 мартдаги Президент фармони билан Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси тузилди. Мана шу йилнинг март ойида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ташкил этилди.

Эътиборли томони Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг мақоми ва ваколатлари қонун даражасида белгиланди. Жумладан, 2019 йил 2 сентябрдаги «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигига эришиш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг равишда ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, жинси бўйича бевосита ёки билвосита камситилганлиги муносабати билан ҳаётда оғир вазиятга тушиб қолган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус муассасаларни ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.

Шунингдек, Комиссияга гендер сиёсати амалга оширилишини таъминлашга доир вақтинчалик махсус чоралар кўриш ва уларни бекор қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш, давлатнинг раҳбарлик лавозимларига илгари суриш чоғида жинс бўйича камситишга йўл қўймаслик принципини таъминлашга кўмаклашиш, давлат органларининг жамият ҳаётининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириш, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги вазият мониторингини ва таҳлилини ўтказиш, жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, бу соҳада таълимга оид, ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш юзасидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, ушбу йўналишдаги қонунчилик ижроси устидан назорат олиб бориш, соҳада илмий тадқиқотларни ташкил этиш каби қатор ваколатлар берилган.

Бундан ташқари, жаҳон тажрибасида биринчи марта ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича аёллар масалалари билан алоҳида, комплекс ва манзилли ишлаш мақсадида хотин-қизлар фаоли лавозими жорий қилинди.

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда, уларга жамиятда ўз ўрнини топишда ёрдам бераётган худудлардаги «Хотин-кизлар тадбиркорлик маркази» ҳам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган аёллар учун чинакам кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Жамият тараққиётидаги муҳим мезон

 

Бугун юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг асосий ва устувор йўналишлари қаторида алоҳида белгиланганлигигабу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар самарасидан ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз.

2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастурни 2022-2023 йилларда амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар режасида назарда тутилаётган янгиликлар фикримизни тўлиқ тасдиқлайди. Хусусан, 6 та асосий йўналиш ва 112 та банддан иборат бўлган чора-тадбирлар режасида мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини оширишга қаратилган, илгари жаҳон мамлакатлари амалиётида кузатилмаган Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибасига асос бўладиган қуйидаги янгиликлар ўз аксини топди:

Биринчи йўналиш – хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида:

қонунчиликда «хотин-қизларни таъқиб этиш» тушунчасининг ҳуқуқий таърифини ишлаб чиқиш; ўқувчи-ёшларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказганлик, зўравонлик содир этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш; узоқ муддатга чет давлатларга чиқиб кетаётган ота-оналар томонидан фарзандига васий ёки ҳомий тайинлашнинг мажбурий тартибини белгилаш;

«Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида»ги Гаага Конвенциясига қўшилиш, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланганлик ҳолатини ўрганиш;

хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотларда расмий ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш тизимини яратиш; жазони ижро этиш муассасаларидан озод этиладиган хотин-қизларнинг оилаларидаги ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга кўмаклашиш;

«Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги, «Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциялар асосида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ижросини ўрганиш ва бошқа масалалар белгиланган.

Иккинчи йўналиш – хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида:

2022 йилда – 140 минг, 2023 йилда – 150 минг нафар хотин-қизни ишга жойлаштириш чораларини кўриш; 2022 йилда – 66 минг, 2023 йилда – 74 минг нафар хотин-қизни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали уларнинг бандлигига кўмаклашиш;

2022 йилда 17 минг 62 нафар, 2023 йилда 19 минг 20 нафар хотин-қизга субсидиялар ажратиш; республика ва ҳудудларда «Етакчи аёллар мулоқоти» платформасини ташкил этиш;

Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг магистратурасига номзодларни тавсия этишда хотин-қизларнинг сонини магистратурада ўқишга тавсия этилган номзодлар умумий сонининг 30 фоизигача етказиш; «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида иштирок этадиган хотин-қизлар сонини 30 фоизга етказиш каби муҳим масалалар ўз ифодасини топган.

Учинчи йўналиш – ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:

14 минг нафар хотин-қизга турар жой ижара тўлови бўйича компенсациялар тўлаш, 12 минг нафар хотин-қизни ижтимоий ижара шартлари асосида ижтимоий уй-жойларга жойлаштириш;

уй-жойга муҳтож нотурар жойларда яшайдиган «Аёллар дафтари»га киритилган 6 минг нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

«Аёллар дафтари»га киритилган ёлғиз эҳтиёжманд хотин-қизларга (камида 100 минг нафар хотин-қизга) бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш;

30 минг нафар хотин-қизга уларнинг таъмирталаб уй-жойларини таъмирлаш учун қурилиш материаллари олиб бериш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш;

84 минг 333 нафар онахонларни бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш;

12 минг 919 нафар онахонларнинг ташкилотлар ва касаба уюшмалари санаторийларида даволанишларини ташкил этиш;

«Аёллар дафтари» тизими орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 300 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланди.

Тўртинчи йўналиш– оила институтини мустаҳкамлаш мақсадида:

ҳар йили режа-жадвал асосида мингта нотинч ва кам таъминланган оилаларни ички туристик саёҳатга имтиёзли юбориш;

оилавий ажралишларнинг олдини олишда медиаторлик институтининг ролини кучайтириш; Ўзбекистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган демографик барқарорлик Концепциясини ишлаб чиқиш;

«Демография» миллий порталини яратиш ҳамда мазкур соҳада фаолият юритаётган олимларнинг ютуқлари ва ишланмаларини ёритиб бориш каби долзарб вазифалар назарда тутилди.

Бешинчи йўналиш – хотин-қизлар орасида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида:

хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш; вояга етмаган қизлар билан ишлашда «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлик механизми самарадорлигини ошириш;

профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар билан якка тартибдаги профилактик ишларни амалга ошириш каби хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар амалда янги босқичга кўтарилмоқда.

Олтинчи йўналишда эса Чора-тадбирлар режасида назарда тутилган юқоридаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш, уларнинг изчиллигини таъминлаш ва бу борада кучли мониторинг юритишнинг ташкилий механизмлари белгиланди. Мазкур ҳолат хотин-қизларнинг чинакам бахтли ҳаёт кечиришлари, саодатли аёл сифатида оила ва жамиятда мустаҳкам ўрин эгаллашлари учун янги имкониятлар яратилишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Жорий йил 4 март куни Президентимиз иштирокидаги хотин-қизлар масалаларига бағишланган видеоселекторда қизлар таълими учун бир қанча имтиёзлар ҳақида сўз юритилиб, янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пули тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши (23 минг нафар қизга 200 миллиард сўм), ҳар йили 50 нафар қизни нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафарини магистратурага юбориш, ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракт пулини маҳаллий бюджетдан тўлаб бериш, ёш фарзанди бор талаба қизларга масофавий ўқишга шароит яратиш, докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратиш, ҳар йили хотин-қизлар талаба бўлиши учун квотанинг камида 50 фоизи аниқ фанлар, техника ва ҳуқуқшунослик йўналишлари учун мақсадли ажратилиши, янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун илк марта 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилиниши белгилаб берилгани бу борадаги ислоҳотлар жараёнини янада юқори босқичга олиб чиқди.

Охирги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, миллий парламентимизда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, 32 фоизни ташкил этди. Хотин-қизларнинг тадбиркорлик соҳасидаги улуши 35 фоиз ва олий таълимда 46 фоиздан юқори. Давлат бошқарувида 1,5 мингга яқин мутахассис хотин-қиз турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, тизимда аёлларнинг улуши 33 фоизни ташкил этмоқда ва бу кўрсаткич жадал суръатда ошиб бормоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизимида мутлақо янги йўналиш – хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш учун «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар» жорий этилди. «Аёллар дафтари» асосида сўнгги 3 йил давомида 400 минг нафарга яқин хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Эҳтиёжмандларининг уй-жой таъминоти, яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, даромадларини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Аёллар саломатлигига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки жамиятнинг соғломлиги, аввало, хотин-қизларнинг қанчалик соғлом экани билан тавсифланади. Президентимиз таъкидлаганидек, «…она ва бола соғлиғигаэътибор – жамиятга, келажакка эътибордир».

Шу мақсадда 2021 йилдан бошлаб ҳомиладор аёлларга ва 15 ёшгача болаларга 7 турдаги витамин, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситаларини бепул тарқатиш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тадбирларда 2021 йилда 11 миллион аёл қамраб олингани таҳсинга сазовор.

Мухтасар айтганда, жамиятда аёл қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида давлат бош ислоҳотчи сифатида намоён бўлмоқда. Зотан, жамиятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш, давлат ва жамият муносабатларида аёлларнинг ўрни ва ролини янада ошириш, уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий соҳаларда манфаатларини ҳимоя қилиш масаласи Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс авлодини шакллантиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

 

Малика ҚОДИРХОНОВА,
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
 Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси

 Фозилжон ОТАХОНОВ,
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
 Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари
 институти директори, юридик фанлар доктори, профессор.

https://uza.uz

 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930