Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ҳакамлик муҳокамаси институтини ривожлантириш истиқболлари

Ҳакамлик муҳокамаси институтини ривожлантириш истиқболлари


Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонд ҳамкорлигида ўтказилган конференция шу мавзуга бағишланди.

Очилиш қисмида Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислам Жасимов ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси масъул ходими Азиз Татибаев кириш сўзлари билан иштирок этишди.

Асосий қисмда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, халқаро арбитр, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахоновнинг “Ҳакамлик судлари билан ваколатли судларнинг ўзаро муносабати масалалари”, Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди раиси Шерзод Саттаров “Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судида низоларни кўриб чиқиш тартиби”, ҳакамлик судьяси, “Grata International” адвокатлик фирмаси адвокати Рустам Акромов “Ўзбекистонда хорижий арбитраж судларининг, хорижда Ўзбекистон арбитраж судларининг қарорларини тан олиш ва ижро этиш. Қаноатлантириш ва рад этиш учун асослар”, “Grata International” адвокатлик фирмаси юристи Санобар Исакулова “Учинчи шахслар томонидан арбитраж жараёнини молиялаштириш масалалари” бўйича маърузалар қилишди. 

Ф.Отахонов Ўзбекистонда илк бор доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди “Қалқон” юридик фирмаси ҳузурида 1992 йилда, яъни бундан 30 йил олдин ташкил қилиниб, бир йил давомида 156 та низолар ҳал қилинганлиги ҳамда қабул қилинган барча ҳал қилув қарорлари 100 фоиз ихтиёрий ижро қилинганлигини таъкидлаган холда  ўз маърузасида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг “Мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш” номли иккинчи устувор йўналишидаги “Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш” деб номланган 15-мақсадда “Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш” вазифаси белгиланганлигига тўхталди.

Шу билан бирга, ҳакамлик судлари билан ваколатли судлар ўзаро муносабатида юзага келаётган муаммолар ва уларни ечими бўйича аниқ таклифларни илгари сурди. Хусусан, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам ваколатли судларда низолашиши мумкинлиги процессуал кодексларда белгиланганлиги, аммо уни амалга ошириш механизми белгиланмаганлигини қайд қилди. Жумладан, қонунларда бу соҳадаги қуйидаги масалалар назарда тутилмаганига эътибор қаратди:

биринчидан, ишда иштирок этмаган, ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳакамлик суди ҳал қилган шахслар қайси муддатда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ваколатли судга ариза билан мурожаат қилишлари мумкин?

иккинчидан, учинчи шахсларнинг ҳакамлик суди қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризасида нималар кўрсатилиши керак?

учинчидан, учинчи шахсларнинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги аризасига нималар илова қилиниши керак?

Юқоридаги масалалар ва бошқа масалалар ўз ечимини топиши юзасидан “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонун, фуқаролик ва иқтисодий процессуал кодексларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Анжуман якунида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930