Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига бағишланган давра суҳбати

МДҲ Парламентлараро Ассамблеясига бағишланган давра суҳбати


Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари, Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмиталари билан ҳамкорликда “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида” мавзусида давра суҳбати ҳамда Институт томонидан тайёрланган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси” тўплами тақдимоти ўтказилди.

Унда сенаторлар, Институт ҳузуридаги Илмий экспертлик кенгаши, “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашри таҳрир ҳайъати, палаталар ҳузуридаги Ёшлар парламентлари аъзолари ҳамда Институти ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов, Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси Фарход Боқиев кириш сўзлари билан иштирок этишди.

Таъкидланганидек, 27-28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг тадбирлари ва  йиғилиши бўлиб ўтмоқда. МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларини яқинлаштириш ва қабул қилинаётган модель (намунавий) қонунлар ва тавсиялар асосида МДҲ доирасида ҳар томонлама интеграция йўлида шароитлар яратиш Парламентлараро Ассамблеяга аъзо давлатларнинг қонун ижодкорлиги соҳаси учун муҳим омил сифатида қаралмоқда. 

МДҲ билан бир вақтнинг ўзида пайдо бўлган Парламентлараро Ассамблея ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ янги сиёсий ва иқтисодий шароитларда парламентларнинг ҳамкорлиги учун муҳим майдонга айланди. Мустақилликка эришган мамлакатлар ҳуқуқий тизимларни тубдан ислоҳ қилишлари лозим эди, шунинг учун Парламентлараро Ассамблея доирасида амалга оширилган биргаликдаги фаолият натижасида мазкур исҳотлар рўёбга чиқди. Натижада мамлакатларнинг миллий қонунчилигини МДҲ доирасида уйғунлаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз маърузасида Институт томонидан тайёрланган “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси” тўпламини тақдимот қилиб, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, унинг асосий функциялари ва ўтган давр мобайнида эришилган ижобий натижалар, ташкилот томонидан қабул қилинган ва тавсиявий характерга эга бўлган модель қонунлар МДҲга аъзо давлатлар парламентлари учун миллий қонунчиликни ривожлантириш ва яқинлаштириш учун қонун ижодкорлиги фаолиятида намуна сифатида тавсия этилиши, ҳозирги кунда Ассамблея 600 га яқин модель қонун ва бошқа шу каби ҳужжатларни қабул қилгани хусусида илмий мулоҳазаларини билдириб ўтди.  

Тадбирда, шунингдек, МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларида Парламентлараро Ассамблеянинг ҳужжатларига эҳтиёж мавжудлигини модель қонунлардаги нормалар миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинаётганидан ҳам кўриш мумкин. Ассамблея фаолиятида устуворлик касб этувчи ижтимоий сиёсат ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги муаммоларни ҳал этишда гуманитар ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган ягона ёндашувлар ишлаб чиқилаётгани алоҳида қайд этилди. 

Анжуманда иштирок этган Миллий парламентимиз аъзолари ва экспертлар томонидан Институт томонидан тайёрланган тўплам келгусида нафақат парламент фаолиятида фойдаланиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилиши, балки уни олий ўқув юртларига ўқув қўлланма сифатида киритиш ҳамда бошқа хорижий тилларга таржима қилган ҳолда МДҲ давлатларига юбориш каби таклифлар билдирилди. 

Давра суҳбати якунида кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан келгусида амалга оширилиши муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифалар белгилаб олинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930