Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жаҳондаги ва Россиядаги халқаро тижорат арбитражи

Жаҳондаги ва Россиядаги халқаро тижорат арбитражи


2022 йил 27 октябрь куни Россия Федерациясининг Савдо-саноат палатаси томонидан Москвада Россия Федерацияси ССП ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж судининг 90 йиллигига бағишлаб “Жаҳондаги ва Россиядаги халқаро тижорат арбитражи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.

Конференцияда халқаро тижорат арбитражи соҳасидаги Россиялик ва хорижий экспертлар, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти вакиллари, шунингдек, Россия Федерацияси ССП вице-Президенти, Россия Федерацияси ССП ҳузуридаги ИCАC Президиуми аъзоси, юридик фанлар доктори В.Чубаров, Россия Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими Г.Вельяминов, Халқаро низолар бўйича РФ ССП ҳузуридаги ИCАC раисининг ўринбосари, РФ ССП ҳузуридаги ИCАC Президиуми аъзоси, ю.ф.д. профессор И. Зыкин, CIETAC вице-Президенти Гу Янь, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлари доктори профессор Ф.Отахонов, Чехия-Моравия товар биржаси ҳузуридаги халқаро арбитраж судининг вице-Президенти А.Белоглавек, Қирғизистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро арбитраж судининг раиси Ш.Майчиев, Россия Федерацияси Олий суди судьяси, юридик фанлар номзоди Н.Павлова ва бошқа ҳуқуқий ҳамжамият ва бизнес тузилмалари вакиллари иштирок этдилар.

Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди (ИCАC) – Ташқи савдо арбитраж комиссиясининг ҳуқуқий вориси бўлиб, 1932 йилда Бутуниттифоқ савдо палатаси ҳузурида ташкил этилган ва Россияда доимий фаолият юритувчи етакчи арбитраж муассасаси ҳисобланади.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва Парламент тадқиқотлари институти директори, ю.ф.д, профессор Фозилжон Отахонов халқаро илмий-амалий конференциядаги чиқишида Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мулкчиликнинг барча шаклларининг тенглиги мустаҳкамлаб қўйилганлиги, хусусий мулкнинг эркин ривожланиши кафолатлангани, жамиятнинг ривожланишнинг бозор тамойилларига ўтиши олдиндан белгилаб қўйилганини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатнинг бозор иқтисодиётига ўтиши ва фуқаролик муносабатларининг ривожланиши билан низолар сони ҳам кўпайди. Замонавий дунё амалиётида низоларнинг асосий қисми, шу жумладан иқтисодий низолар низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари ёрдамида ҳал қилинар экан, ҳакамлик судлари улар орасида асосий ўрин тутади.

Ҳакамлик судлари – фуқаролик жамиятининг асосий институтларидан биридир. Замонавий ҳуқуқий давлат кучли фуқаролик жамиятисиз мавжуд бўла олмайди ва фаолияти юритиши ҳам мумкин эмас. Ривожланган Ғарб мамлакатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, иқтисодий муносабатлар иштирокчилари ҳакамлик судларига нисбатан жудаям ижобий муносабатда бўлишади, чунки ҳакамлик муҳокамаси иқтисодий фаолиятдаги низолар ва муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш учун яратилган. Шунинг учун ҳам мамлакатда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш шароитида ҳакамлик судлари институтини ривожлантириш ўта зарурдир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади. (44-модда). Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг “Фуқаролик ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш” деб номланган 10-моддасига мувофиқ, фуқаролик ҳуқуқлари процессуал қонунчилик ёки шартномада белгилаб қўйилганидек, ишлар қайси судга тааллуқли бўлишига қараб, суд, иқтисодий суд ёки ҳакамлик суди томонидан ҳимоя қилинади.

“Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 36-моддасида хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда иқтисодий суд томонидан, шартномада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан – ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади.

Шу муносабат билан, ҳакамлик муҳокамаси фуқаролик муносабатлари иштирокчилари ўртасидаги низоларни ҳал қилишга қаратилган давлат суд жараёнларининг муқобил шакли сифатида Ўзбекистон ҳудудида анча кенг тарқалди.

Ҳозирги кунда Адлия органлари томонидан 227 та доимий ҳакамлик судлари рўйхатга олинган бўлиб, шулардан 15 таси Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги ҳакамлик судларидир.

Ҳакамлик суди фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, лекин шу билан чекланмаган ҳолда тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолиятини амалга оширишда хўжалик низоларини ҳам ҳал қилади, қонунга мувофиқ ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган низолар бундан мустасно.

Шу тариқа Ўзбекистонда доимий фаолият юритадиган ҳакамлик судлари сонини ошириш, улар томонидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишни кўпайтириш мақсадида ҳакамлик муҳокамаси институтининг шаклланиши ва фаолият юритиши учун объектив шарт-шароитлар яратилган.

Конференцияда халқаро тижорат арбитражининг долзарб масалалари, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, замонавий шароитда ИСАС фаолияти каби масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро конференция якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930