Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун

Туркий давлатлар ташкилоти: кеча ва бугун


Маълумки, 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити ўтказилади. Шу муносабат билан барчани мазкур ташкилот, унинг мақсад ва вазифалари, таркиби, тузилиши қизиқтириши табиий.

Мазкур саволларга тарихий ёндашув орқали жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти 30 йиллик машаққатли йўлни босиб ўтган.

1991 йилнинг охирларига қадар жаҳонда туркий тилда сўзлашувчи ягона мустақил давлат Туркия бўлган, бошқа бешта давлат эса собиқ Иттифоқ таркибидаги республикалар эди. Шунинг учун ҳам мазкур республикалар билан биргаликда туркий тилли давлатлар ташкилотини тузиш тўғрисида фикр юритиш ҳам мумкин бўлмаганлиги барчага аён. 1991 йилнинг охирларига келиб Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон мустақилликка эришиб, ўзининг суверенитетини эълон қилди ҳамда халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектига айланди.

Шундан сўнг 1992 йил 30 октябрда Туркиянинг ташаббуси билан биринчи “Туркий тилли давлатлар саммити” Анқара шаҳрида ўтказилди. Унда Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон раҳбарлари иштирок этишди.

1993 йил 12 июль куни Олмаота шаҳрида Халқаро туркий маданият ташкилотини тузиш ҳақидаги Битим имзоланди.

2010 йил 15 сентябрга қадар, яъни доимий фаолият кўрсатувчи халқаро ташкилот сифатида ўз фаолиятини бошлагунга қадар 10 та “Туркий тилли давлатлар саммити” бўлиб ўтди. Уларда туркий тилли давлатлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб масалалар муҳокама қилиниб, тегишли ҳужжатлар қабул қилинган.

Хусусан,2008 йилда Истанбул шаҳрида Туркий тилли мамлакатлар парламентлар ассамблеяси ташкил этилди.

2009 йил 3 октябрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида бўлиб ўтган тўққизинчи “Туркий тилли давлатлар саммити”да Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битими имзоланди.

Шу тариқа “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши” халқаро бирлашмаси (кейинги ўринларда Туркий кенгаш деб юритиладиБМТда рўйхатдан ўтган халқаро ҳукуматлараро ташкилот сифатида ўз фаолиятини бошлади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Истанбул шаҳрида жойлашган.

Туркий Кенгашнинг ташкилий тузилмаси доирасида ташкил этилган биринчи саммит Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 2011 йил 20-21 октябрь кунлари ўтказилган бўлиб, унда иқтисодий ва савдо соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Иккинчи саммит 2012 йил 22-23 август кунлари Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида “Таълим, илмий ва маданий ҳамкорлик” мавзусида ташкил этилган.

2013 йил 15-16 август кунлари Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтказилган учинчи саммит “Транспорт ва алоқа” мавзусида бўлган.

2014 йил 4-5 июнь кунлари Туркиянинг Бодрум шаҳрида “Туризм соҳасидаги ҳамкорлик” шиори остида тўртинчи саммит бўлиб ўтган.

2015 йил 11 сентябрда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган бешинчи саммитда “Медиа ва ахборот” мавзуси муҳокамалар марказида бўлган.

Олтинчи саммит 2018 йил 3 сентябрда Чўлпон-ота шаҳрида “Ёшлар ва миллий спорт” мавзусида ўтказилган. Унда қозоғистонлик элчи Боғдод Амреев Туркий Кенгашнинг Бош котиби этиб сайланган. Венгрия Туркий Кенгашда кузатувчи мақомини олган. Учрашув якунида Давлат раҳбарлари томонидан Чўлпон-ота декларацияси имзоланган.

Туркий Кенгаш тўғрисидаги Нахичеван битимининг 10 йиллигига тўғри келган еттинчи саммит 2019 йил 15 октябрда Озарбайжоннинг Боку шаҳрида “Кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаш” мавзусида бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев – Элбоши, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жеенбеков, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййиб Эрдўған, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Пурли Агамирадов қатнашди. Саммитда Ўзбекистон ташкилотга янги аъзо сифатида иштирок этди.

2020 йил 10 апрелда онлайн шаклда Туркий кенгашнинг фавқулодда саммити бўлиб ўтди ва унда “Коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари” муҳокама қилинди.

2021 йил 12 ноябрда “Рақамли даврда яшил технологиялар ва ақлли шаҳарлар” мавзусига бағишланган Саммитда етакчилар кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлаб, ташкилотнинг келажаги билан боғлиқ қатор муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилдилар. Аввало, Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди. Саммит туркий давлатлар мустақиллигининг 30 йиллигига тўғри келди ва Туркманистон ташкилотнинг янги кузатувчи аъзоси мақомини олди.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар – Озарбайжон, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон билан бир қаторда 2018 йилдан Венгрия, 2021 йилдан эса Туркманистон ҳам ташкилот фаолиятида кузатувчи-аъзо сифатида фаол иштирок этиб келмоқда.

Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсад ва вазифалари

Туркий давлатлар ташкилотининг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш;

минтақада ва умуман жаҳонда тинчликни сақлаш, хавфсизлик ва ишончни мустаҳкамлаш;

умумий манфаатларга эга бўлган ташқи сиёсат масалалари бўйича, шу жумладан, халқаро ташкилотлар ва халқаро форумлар доирасида умумий нуқтаи назарларни излаш;

халқаро терроризм ва сепаратизм, экстремизм, наркобизнесга қарши курашиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш, шунингдек, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишини назорат қилиш бўйича халқаро сиёсатга кўмаклашиш;

томонларни қизиқтирган барча соҳаларда, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, экология, маданият, илмий-техникавий, таълим, энергетика, транспорт, молия-кредит ва бошқа жабҳаларда самарали минтақавий ва икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш;

cавдо ва инвестициялар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар, хизматлар, технология, молия ва банк операциялари эркин ҳаракатланишини босичма-босқич амалга ошириш мақсадида божхона ва транзит тартиб-таомилларини янада соддалаштириш;

томонлар халқларининг турмуш даражасини муттасил ошириш ва яхшилаш мақсадида минтақада тенг ҳуқуқли ҳамкорлик асосида биргаликдаги ҳаракатлар орқали ҳар томонлама ва мувозанатли иқтисодий ўсишга, ижтимоий ва маданий тараққиётга интилиш;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган тамойиллари ва нормаларига мувофиқ инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини таъминлаш масалаларини муҳокама қилиш;

фан ва техника, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, спорт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш, туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини оммалаштириш;

туркий халқларнинг буюк маданий ва тарихий меросини тарғиб қилиш, оммалаштириш ва тарқатишда оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш;

ҳуқуқий муносабатларнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳамкорлик қилиш мақсадида ҳуқуқий ахборот алмашинувини муҳокама қилиш.

Туркий давлатлар ташкилотининг тузилиши ва фаолияти

Туркий давлатлар ташкилотининг асосий органлари Давлат раҳбарлари кенгашиТашқи ишлар вазирлари кенгашиЮқори мансабдор шахслар қўмитасиОқсоқоллар кенгаши ва Котибият ҳисобланади.

Шунингдек, 2022 йил 27 апрелда Туркий давлатлар ташкилотининг Конституциявий судлар кенгаши ташкил қилинди.

Давлат раҳбарлари кенгаши ўз фаолиятини мунтазам учрашувлар шаклида амалга оширади ва унинг доирасида: долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилинади; давлатлар ўртасида ташкилот доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгиланади; ташкилот фаолияти таҳлил қилинади.

Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига (саммитга) мезбонлик қилувчи томон кейинги шундай мажлисга қадар Туркий давлатлар ташкилоти раиси саналади. Ҳозирги кунда ташкилот раиси Туркия Республикаси Президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон ҳисобланади. Самарқанд саммити доирасида Туркий давлатлар ташкилотига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга ўтади.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ўз ваколатлари доирасида: ташкилотнинг жорий фаолияти масалаларини кўриб чиқади; Давлат раҳбарлари кенгаши мажлислари доирасида муҳокама қилиш учун энг долзарб халқаро муаммоларни белгилайди; Котибиятнинг штат жадвалини ва молиявий ҳисоботини тасдиқлайди. Ташқи ишлар вазирлари кенгаши зарур ҳолларда ташкилот номидан баёнотлар бериши мумкин.

Юқори мансабдор шахслар қўмитаси ҳар бир давлатдан камида битта вакилдан иборат таркибда тузилади. Қўмита ўз ваколатлари доирасида Котибият фаолиятини мувофиқлаштиради, Котибият томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатлар лойиҳаларини Ташқи ишлар вазирлари кенгашида тасдиқлаш (қабул қилиш)гача кўриб чиқади ва тасдиқлайди.

Оқсоқоллар кенгаши Туркий давлатлар ташкилоти ҳузурида доимий фаолият юритувчи маслаҳат институти ҳисобланади.

Туркий давлатлар ташкилотининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга кўмаклашиш учун Томонлар ташкилотнинг доимий бошқарув органи бўлган Котибиятни ташкил этадилар.

Котибият ўз ваколатлари доирасида: Давлат раҳбарлари кенгаши, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Юқори мансабдор шахслар қўмитаси мажлисларини, шунингдек, ташкилот шафелигида бошқа мажлисларни ўтказиш бўйича зарур маъмурий, ташкилий, баённомавий ва техник чораларни кўради; ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқади; ҳужжатлар архивини ташкил этади ва юритади; давлатлар томонидан тақдим этилган ва бошқа халқаро ташкилотлар ва форумлардан олинган ҳужжатлар ва маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва тарқатиш маркази сифатида ишлайди; ташкилот ҳақида умумий маълумотларни тарқатади ва бошқа вазифаларни амалга оширади.

Туркий давлатлар ташкилотининг ўзига хос жиҳатларидан бири, Нахичеван битимига кўра, ташкилотнинг ишчи тиллари унга аъзо давлатларнинг давлат тиллари, яъни озарбайжон, турк, қирғиз, қозоқ, ўзбек тили ҳисобланади. Ташкилот фаолиятини жаҳон халқларига кенг миқёсда етказиш мақсадида инглиз тили ҳам ишчи тил сифатида белгиланган.

Туркий давлатлар ташкилоти, шунингдек, Халқаро туркий маданият ташкилоти, Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси (ТуркПА), Халқаро туркий Академия, Туркий маданият ва мерос пойдевори ва Туркий савдо-саноат палатаси каби мавжуд ташкилотларга ҳамкорлик механизмлари учун шафе ташкилот вазифасини бажаради.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзолик халқимизнинг туб манфаатларига тўла жавоб беради

Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати чуқур ўйланганлиги, прагматик ва аниқ ечимларга асосланганлиги, демоктарик руҳда фуқароларнинг эҳтиёж ва манфаатларига жавоб бериши билан халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлмоқда.

Дарҳақиқат, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида еттинчи устувор йўналиш – “Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш” деб номланган бўлиб, унда бу соҳадаги аниқ мақсадлар белгилаб олинди. Уларда мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги тенг ҳуқуқли субъект сифатида ролини ошириш, Марказий Осиёда хавфсизлик, савдо-иқтисодий, сув, энергетика, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалардаги яқин ҳамкорликни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, анъанавий ҳамкорларимиз билан муносабатларни янада ривожлантириш, ташқи алоқалар географиясини кенгайтиришга устувор аҳамият қаратилиб, иқтисодий дипломатияни кучайтиришга алоҳида эътибор берилган.

Хусусан, туркий мамлакатлар билан алоқаларни ривожлантириш Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Туркий кенгаш билан ҳамкорликнинг фаоллашуви юртимиз учун қўшни давлатлар билан ҳам, минтақадан ташқаридаги янги ҳамкорлар билан ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантириш учун янги имкониятлар эшигини очади.

Бу, ўз навбатида, нафақат ўзаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга, балки туркий тиллар, жумладан, ўзбек тилининг халқаро мақомини юксалтиришга хизмат қилади. Ташкилот ишида доимий аъзо сифатида иштирок этиш бизга халқаро майдонда ўз ташаббусларимизни илгари суриш, шунингдек, мамлакатимизнинг туркий-исломий тараққиёт марказларидан бири сифатидаги жаҳондаги нуфузи ва мақомини мустаҳкамлаш учун қўшимча сиёсий-дипломатик ресурсларни яратади.

2019 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди ва бу ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланди. Мазкур Кенгашнинг Чўлпон-ота саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Ўзбекистон ва Туркий кенгаш мамлакатларини азалдан нафақат маданият, тил, маънавият муштараклиги, балки анъанавий дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатлар боғлаб туради”, – дея эътироф этилганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мазкур ташкилот доирасидаги бундай кўп томонлама ҳамкорлик Ўзбекистоннинг ўзаро ҳурмат, дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳозирги очиқ, конструктив ва амалий ташқи сиёсатини илгари суришда қўшимча омил бўлиб хизмат қилади. Бу борада ташкилот фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида “Туркий дунё нигоҳи  2040” дастурий ҳужжати давлат раҳбарлари томонидан имзоланди. Мазкур саммит давомида келгуси саммитни ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди ва 2022 йил 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити бўлиб ўтиши белгиланди.

Самарқанд саммити доирасида сиёсий-иқтисодий, транспорт, маданият ва туризм каби соҳаларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш масалалари муҳокамаси ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.

Тадбирнинг асосий ҳужжати – бу аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити декларациясидир. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур ташкилот доирасида азалий қардошликни мустаҳкамлаш баробарида глобал ва минтақавий муаммолар бўйича сиёсий маслаҳатлашувларни кучайтириш, иқтисодий ва техникавий ҳамкорликни, илм-фан, санъат ва маданият соҳасида ҳамда туркий тилли дунёнинг моддий, маънавий маданиятини асраш ва янада ривожлантириш борасида ҳамкорликни юқори савияга кўтариш доимий эътиборда бўлиб қолади.

Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор.

www.xs.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930