Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Озод Ҳусановнинг – юриспруденция соҳасига қўшган ҳиссаси

Озод Ҳусановнинг – юриспруденция соҳасига қўшган ҳиссаси


Тошкент давлат юридик университетида “Озод Ҳусановнинг – юриспруденция соҳасига қўшган ҳиссаси” мавзусида республика маънавий-маърифий давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Давра суҳбати олимлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар фидойи ва жонкуяр устоз юридик фанлари доктори, профессор Озод Тиллабоевич Ҳусанов билан бирга ишлаган ҳамкасблари ва у кишининг оила аъзолари иштирок этдилар. Тадбир Тошкент давлат юридик университети оммавий ҳуқуқ факультети конституциявий ҳуқуқ кафедраси томонидан ташкил этилди.

Университет ректори, Акбар Тошқулов ўз кириш сўзида таниқли олим Озод Ҳусановнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, илмий ишлари, мамлакатимизда миллий қонунчилик тизимини такомиллаштиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, 1992 йил Мустақил Ўзбекистон Конституциясининг лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида берган таклифлари, шунингдек бир қатор қонунларга ёзган шарҳлари, юридик энциклопедияни ва уни қайта нашрини тайёрлашда ўз мақолалари билан иштирок этгани ёхуд Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларига шарҳларнинг чоп этилишида масъул муҳаррир лавозимида фаолият юритгани ва кўпгина ибратли ишлари ҳақида фикр билдирди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз табрик сўзида Озод Тиллабаевични етук олим, моҳир педагог, камтарин, тўғри сўз, қатьиятли инсон сифатида билишини, илмий-педагогик соҳада эришган ютуқларида устознинг ўгитлари ва беминнат ёрдамларини ҳар доим ҳис қилиб туришини, Институтнинг Илмий-экспертлик кенгаши аъзо сифатида қонунчиликдаги муаммоларни аниқлаш, таҳлил қилиш ва парламент тадқиқотларини амалга оширишда катта ёрдам бераётганларини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Тошкент давлат юридик университети Давлат ва ҳуқуқ назарияси кафедраси профессори, юридик фанлар доктори Х.Бобоев, Жамоат хавфсизлиги университети профессори, юридик фанлар доктори З.Иноғомжонова, ЖИДУ проректори, юридик фанлар доктори Г.Исмоилова, Давлат бошқаруви Aкадемияси профессори, юридик фанлар доктори Ш.Асадов, 3-босқич Оммавий ҳуқуқ факултети талабаси Э.Усмоналиев ва бошқалар сўзга чиқиб, профессорнинг серқирра меҳнат фаолияти, яратган илмий мактаби ҳақида фикр билдирдилар. Хусусан, Озод Хусановнинг раҳбарлиги остида 16 нафар фан номзоди, 6 нафар фан доктори долзарб мавзуларда ўзларига бириктирилган диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган, коллеж ўқувчилари унинг томонидан тайёрланган “Конституциявий хуқуқ”, юридик олий ўқув юртлари учун “Конституциявий хуқуқ” дарсликлари бир неча бор қайта-қайта нашр қилинган. Мазкур дарсликлардан ҳозир ҳам юридик университети талабалари асосий манба сифатида кенг фойдаланишмоқда. Бундан ташқари Озод Тиллабоевичнинг ёш олимлар учун тажрибали, серғайрат, билимдон мураббий бўлгани, унинг илмий раҳбарлигида юриспруденция йўналишидаги 10 га яқин дарслик ва ўқув қўлланмаларни тайёрлашда ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани тўғрисида фикр билдирилди.

Яна бир муҳим жиҳат, Озод Тиллабоевич қаерда, қайси лавозимда ишламасин, ҳеч қачон Юридик институт ёки университет билан алоқани узмаганлиги, у забардаст олим сифатида университетдаги тегишли мутахассислик бўйича Илмий кенгашнинг тажрибали ва фаол аъзоси, илмий ишларга холис ва масъулият билан расмий оппонентлик қилиб келаётгани ҳамда талаба ва магистрлар учун намунавий маърузалар ўтказиб, университет билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётгани, долзарб, назарий жиҳатдан пишиқ ва амалий аҳамиятга эга докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилиб келаётгани эътироф этилди. Шунингдек, шогирдлар номидан устозни қутлуғ 75 ёши ҳамда илмий-педагогик фаолиятининг 50 йиллиги билан самимий муборакбод этдилар.

Тантанали тадбир якунида Озод Хусанов, унинг қизи ва набираси сўзга чиқиб, ушбу илмий-маърифий анжуманни ташкил қилганлари учун университет раҳбарияти, Конституциявий ҳуқуқ кафедраси аъзолари ва тадбирнинг бошқа ташкилотчиларига бутун оила аъзолари номидан миннатдорчилик билдирдилар.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930