Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Атоқли давлатшунос олим, ғамхўр устоз

Атоқли давлатшунос олим, ғамхўр устоз


Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила. 

Алишер Навоий 

“Устоз отангдан улуғ”, дейди доно халқимиз. Бу нақадар пурмаъно сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Ҳеч биримиз биринчи бўлиб ўқиш-ёзишни ўргатган устозимизни ёдимиздан чиқармаганмиз, десам, ўйлайманки, муболаға бўлмайди.

Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – сўзда ва амалда бор кучи, ақл-идроки, билими, зеҳни, бутун умри-ю меҳрини шогирдларига бахшида этган чинакам қаҳрамонлардир... 

Устозлар ҳақида сўз кетганда менинг илмий фаолиятимга жуда катта ижобий таъсир кўрсатган биринчи илмий раҳбарим, атоқли давлатшунос олим, юридик фанлар доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Отабой Эшонов кўз олдимда гавдаланади. 

Юксак ғурур эътироф этишим керак, Ўзбекистонда биринчи бўлиб юридик фанлар номзоди ва Марказий Осиёда маҳаллий миллат вакиллари орасида илк бор юридик фанлар доктори илмий даражасига сазовор бўлган ҳам устозим Отабой Эшонов бўладилар. 

Олий аттестация комиссиясининг 1951 йил 14 апрелдаги қарори билан устозимга 35 ёшида юридик фанлар доктори илмий даражаси ва профессор илмий унвони берилган. Юридик фанларни ривожлантиришга қўшган улкан хизматлари учун 44 ёшида Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзолигига сайланган.

Илм аҳлининг дарғаси. Отабой Эшонович на фақат Ўзбекистонда, балки собиқ Иттифоқнинг барча республикаларида миллий давлатчиликни барпо этиш ва ривожланиш тарихи, шунингдек умумхалқ давлатини назарий муаммоларини тадқиқ этиш соҳасида йирик мутахасис сифатида тан олинган атоқли ҳуқуқшунос олим эди. 

Отабой Эшоновнинг номи Ўзбекистонда юридик фанларининг вужудга келиши, ривожланиши ва такомиллашуви билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, устоз қаламига 200 га яқин илмий, илмий-оммабоп ишлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари мансуб, бўлиб улардан 25 тадан ортиғи монографиялардир. 

ЎзССР ФА Фалсафа ва ҳуқуқ институти ва Тошкент давлат университети юридик факультети олимлари гуруҳига мамлакатимизда социализм қурилиши ва ғалабаси даврида Ўзбекистонда совет давлати ва ҳуқуқий қурилиши тажрибасини назарий умумлаштиришга бағишланган ишни яратишида раҳбарлик қилгани О.Э.Эшоновнинг катта хизмати ҳисобланади. 

1960-1968 йилларда нашр этилган 3 жилдли «Ўзбекистон совет давлати ва ҳуқуқи тарихи» катта қизиқиш уйғотиб, мамлакат илмий жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланган (қаранг: С.С.Иванов ва О.И.Чистяков тақризлари «Совет давлати ва ҳуқуқи тарихи курсини ишлаб чиқишнинг биринчи тажрибаси», «Совет давлати ва ҳуқуқи» журнали, М,, 1963 йил, 3-сон, шунингдек, Р.Тургунбеков ва Л.Голубевлар «Совет давлати ва ҳуқуқи тарихи бўйича қимматли тадқиқотлар», Қирғизистон ССР ФА ахборотномаси, ижтимоий фанлар серияси, III жилд. 3 чиқиши, Тарих, Фрунзе, 1961 йил ва бошқалар). 

О.Э.Эшонов нафақат ушбу 3 жилдли китобнинг масъул муҳаррири (ЎзССР Фанлар Академияси академиги Х.С.Сулаймонова билан биргаликда), балки бир қуйидагилар бобларнинг муаллифи бўлганлар: «Бухоро Халқ Совет Республикасининг ижтимоий-сиёсий тизими»; «Янги иқтисодий сиёсатга ўтиш муносабати билан Туркистонда Совет давлатининг мустаҳкамланиши»; «Туркистон, Бухоро ва Хоразмда Совет давлатчилигини мустаҳкамлашда Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси Марказий Ижроия қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети Турккомиссиясининг роли»; «Хоразм Халқ Совет Республикасидаги социалистик ўзгаришлар»; «Ўрта Осиёнинг миллий-давлат демаркацияси»; «СССР таркибида ўзбек суверен социалистик давлатининг ташкил этилиши ва унинг ижтимоий-сиёсий тизими» ва бошқалар. 

Отабой Эшоновични кўплаб архив ҳужжатларини аниқлаш, ўрганиш ва илмий муомалага киритишда алоҳида хизматлар эътирофга молик. 

Устоз 30 йилдан ортиқ вақтини КПСС Марказий қўмитаси ҳузуридаги Марксизм-ленинизм институти марказий партия архиви ва СССР Октябрь инқилоби Марказий давлат архиви каби Москванинг йирик архивларидаги энг қимматбаҳо материаллар билан танишишга бағишлади ҳамда янги маълумотлардан фойдаланиш асосида Ўзбекистонда миллий давлатчиликни яратиш ва ривожлантириш бўйича фаолияти билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича кўп йиллик ишларни якунланиб, «Ўзбекистон ССРда давлат қурилиши ва ҳуқуқи» жамоавий монографияси чоп этилди.

Бу ишда устознинг илмий-услубий тамойилларга асосланган ҳолда ажойиб тадқиқот қобилияти, фактик материални чуқур таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш қобилияти тўлиқ намоён бўлганини алоҳида қайд қилиш ўринлидир.

Устознинг ноёб хислатларини ҳамкасблари юксак ҳурмат билан хотирлайдилар. Бунга фалсафа фанлар доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат  кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Ўзбекистон давлат мукофоти совриндори Омонулла Файзуллаев қуйидаги хотиралари яққол мисол бўла олади: “Отабой Эшонов билан юридик фанлар  доктори, профессор Малик Хакимов илмий кенгашларда доим баҳс қилишар эди. Баҳсни ё у томон, ё бу томон бошлар эди. Бу баҳсларда ким ютди, ким ютқазди – бкнинг аҳамияти йўқ эди.  Баҳсни натижасида, албатта, бир янги фикр айтилган бўлар эди. Бизни шу нарса қизиқтирар эди. Шуниси ҳам бизга ёқардики, баҳс жавраёнида қарама-қарши фикрлар айтилаётганлигида иккала томон ҳам жилмайиб табассум билан гапишар эди. Отабой ака – устоз, Малик ака – шогирд, улра бир-бирини ҳурмат қилишар эди”.  

Бу Отабой Эшоновични қанчалик бағрикенглиги, илмий баҳс-мунозарага юридик фанларни ривожлантириш воситаси сифатида алоҳида эътибор қаратганлиги, шогирдларининг илмий мушоҳадаларини изҳор этишга ва ўз фикрларини асослашга ундаганлигидан далолат беради. 

Устознинг  шогирдлари. Отабой Эшонович кўплаб иқтидорлик ёшларни илмнинг сеҳрли оламига олиб кирган, парваришлаган ва уларнинг етук олим, моҳир педагог ҳамда давлат ва жамоат арбоблари бўлиб етишишларига улкан ҳисса қўшган бағрикенг устоз эди.

Устознинг илмий раҳбарликларида 30 дан ортиқ юридик фанлар номзоди ва докторлари тайёрланган. Шу жумладан, Н.И.Абидова, А.А.Ахмадеев, Л.М.Ахунджанов, Р.А.Бабаева, М.С.Васикова, Т.А.Жалилов, А.Қодиров, М.Қориев, М.К.Қосимова, Т.Кулумбетов, Д.А.Мухитдинов, А.Раджапов, Ю.Содиқов, Б.Самарходжаев, С.А.Султонов, С.Турдиев, Т.Г.Тухтаметов, У.Т.Тохтаханов, Ш.З.Ўразаев,  У.Чориёров, А.Шарипов, К.Шеметаев, А.Шукуров, Э.Х.Халилов, Д.М.Қораходжаева (Ўзбекистон), Г.П.Емельянов, А.П.Фомченко (Россия), Д.М.Абаева, Б.Марджиков, А.М.Мухамедов (Туркманистон)  ва бошқалар.

О.Э.Эшонов нафақат Ўзбекистон, балки ҳозирги Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Арманистон, Озарбайжон, Россия ва бошқа мамлакатларнинг 150 дан ортиқ олимларининг илмий ишларига оппонентлик қилганлар ёки тақризлар берганлар. Хусусан, уларнинг қаторида таниқли фан арбоблари А.A.Агзамходжаев, Ф.Атаходжаев, Ғ.А.Ахмедов, Х.Б.Бобоев, И.Жалилов, Ш.Жалилов, И.Б.Зокиров, З.М.Исломов, К.К.Камилов, Н.И.Киселев, Х.П.Пўлатов, А.Х.Расулев, Ф.Х.Сайфуллаев, М.М.Файзиев, М.X.Хакимов, К.Т.Холмўминов, Ш.Ш.Шарахметов (Ўзбекистон), В.Н.Аношкина, Р.Г.Аренберг, П.T.Василенков, А.A.Гордиенко, И.И.Грошев, А.М.Давидович, И.Мартысевич (Россия), В.К.Иконому (Греция),  С.Б.Байсалов, С.Н.Досымбеков, С.З.Зиманов, М.С.Сапаргалиев (Қозоғистон), Г.А.Мукамбаева, К.Н.Нурбеков, Г.Р.Тургунбаев (Қирғизистон), А.Г.Сукнасян (Арманистон), Ф.A.Ахмедов (Озарбайжон), Н.Д.Дегтяренко, А.Мазарбаев, Ш. Розиқов, О.Усманов, С.Ш.Шукуров (Тожикистон), Б.Дурдыев, Г.Г.Хулапова, В.А.Ченчик (Туркманистон) ва бошқалар.

Устоз – моҳир педагог. 1936 йилдан, яъни 20 ёшидан бошлаб Тошкент давлат юридик институтида (1936–1950 йиллар), Ўрта Осиё давлат университетида (1960–1962 йиллар), СССР ИИВ Олий мактабида (1964–1968 йиллар), Тошкент давлат университетида (1969–1974 йиллар) ва бошқа олий таълим муассасаларида давлат ва ҳуқуқ назарияси, давлат ва ҳуқуқ тарихи фанларидан маърузалар ўқиганлар. 

Кўп йиллар давомида О.Э.Эшоновнинг педагогик фаолияти республика педагогика университетлари билан чамбарчас боғлиқ. Тахминан 10 йил давомида (1939-1947йй.) Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг тарих факультетида совет ҳуқуқи асослари бўйича маърузалар ўқиди ва институтнинг давлат имтиҳон комиссиясини бир неча бор бошқарган (1956, 1958 ва 1960 йилларда). О.Э.Эшонов республика педагогика олий ўқув юртларига илмий ишларни ташкил этишни такомиллаштириш ва ижтимоий фанлар бўйича фан докторлари ва номзодларини тайёрлашда ҳар томонлама ёрдам беради. Бухоро, Қарши, Наманган ва Андижон педагогика институтларида Совет Ўзбекистони тарихи бўйича махсус курсдан дарс берган.

Отабой Эшонов  талабалар орасида жуда катта обрўга эга бўлиб, улар унинг номини тилдан қўймас, ётоқхонада кечқурунлари тўпланишиб, у айтган ҳар бир сўзнинг мағзини чақишар, янги-янги маънолар топиб талқин қилар эдилар.   Устоз дарсни бошлагандаўз фикрини талабаларга жуда равон, содда тилда, энг муҳими, қизиқарли қилиб тушунтириб беришига қойил қолишар эди. 

Юридик фанлар доктори, профессор Икром Бекенович Зокиров – “Отабой Эшонов номларини ёдга олиши билан назарида ботган қуёш қайтадан кўкка кўтарилиб, атроф қайтадан чароғон бўлиб кетгандек  туюлади. Ўзини талаба ҳолида аудиторияда ўтиргандек, қулоқлари остида эса у кишининг қадрдон овози жаранглагандек бўлади. Юрагида эса соғинч, қўмсаш туйғулари бош кўтаради”. 

Мен устознинг катта аудиториядаги маърузаларини фақат бир марта тинглаганман, холос. “Билим” жамияти орқали Фарғонага қайта қуриш даврининг энг долзарб мавзуларида маъруза ўқиш учун борганларида мен ҳам бирга борганман. Устозни вилоятнинг юқори лавозимдаги раҳбарлари жуда катта ҳурмат билан кутиб олишган. 250-300 кишилик мажлислар зали тўлган. Устознинг салобати, юқори ҳам, паст ҳам бўлмаган овозда қилаётган маърузалари барчанинг диққат-эътиборини бирдек қамраб олган эди. Устоз мавзуни содда, халқчил тилда, моҳирлик билан тушунтириб берганларини гувоҳи бўлганман ва уларга жуда ҳавас қилганман.  

Менинг биринчи илмий раҳбарим. 1984 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси И.Мўминов номидаги Фалсафа ва ҳуқуқ институтига сиртдан аспирантурага кирган пайтимда мазкур институтнинг илмий ходими бўлиб ишлаётган курсдошим Шоназар ака Бердиев илк бор Отабой Эшонович билан учрашиб, суҳбат қуришимга сабабчи бўлганлар. Бу суҳбат менинг ҳаётимда энг ҳаяжонли таассуротларга бой бўлган ва суҳбатимиз жуда ижобий якун топиб, устоз менга илмий раҳбар бўлишга розилик берганлар. 

Аспирантура даврида устозим илмий фаолиятнинг барча жиҳатларини бевосита ўзларининг амалий хатти-ҳаракатлари билан ҳаётий ибрат бўлиб, қисқа, аниқ ва лўнда сўзлар билан тушунтириш ҳамда тўғри йўл-йўриқ кўрсатиш орқали очиб берганлар. 

Бу борада хотираларимдан айрим мисоллар келтиришни жоиз топдим. Ёзилажак номзодлик диссертацияси мавзусини танлаш жараёни ўзига хос бўлган. Собиқ Иттифоқ даврида диссертациялар қоида тариқасида рус тилида ёзилгани ҳаммага маълум. Шу сабабли устозим менга “Социальная функция общенародного государства” ёки ўзбекча “Умумхалқ давлатининг ижтмоий функцияси” деган номзодлик диссертацияси мавзусини тавсия қилдилар. Мазкур мавзу бўйича тегишли адабиётлар рўйхатини шакллантириш ва кутубхоналарда топилганини олиб, конспект қилиш ҳамда диссертация режасини тузиш ҳаракатларини бошлаб юбордим. 

Москвага хизмат сафарига боришимни эшитиб, у ерда СССР Фанлар академияси вице-президенти, Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, академик Владимир Николаевич Кудрявцевга хат ёзиб бердилар ва ундан диссертация мавзуси бўйича маслаҳат олишим лозимлигини тайинладилар. Телефон орқали суҳбатлашганимда В.Н.Кудрявцев хизмат тақозоси билан сафарга кетаётганини, бошқа давлат ва ҳуқуқ назарияси бўйича йирик олимга Александр Михайлович Давидовичга учрашишимни айтдилар. Профессорга бориб учрашдим ва у киши диссертация мавзуим жуда кенг бўлиб, докторлик диссертацияси мавзуси эканлиги, бу мавзуда диссертация ёзишга Москвада ҳам ҳали ҳеч ким журъат қилиб киришмаганлигини тушунтирди. Унинг маслаҳати шундан иборат бўлдики, умумхалқ давлати ижтимоий функциясининг бир ёки иккита соҳаси тадқиқот мавзуси қилиб олинса етарли бўлади. 

Шундан кейин устозим Отабой Эшонов билан маслаҳатлашиб, мавзуни “Социальная функция общенародного государства в области коммунального и транспортного обслуживания”, яъни “Умумхалқ давлатининг коммунал ва транспорт хизмат кўрсатиш соҳасидаги ижтимоий функцияси” деб ўзгартирдик. Диссертация устида изланишларни давом эттирдим. Афсуски, бу мавзуни ҳам охирига етказиш имкони бўлмади. 

Ҳалол ва ғамхўр устоз.  Мен дастлаб устознинг хонадонларига борганимда озгина бозорлик қилиб бордим, мени самимий кутиб олдилар ва саволга тутиб:

– Сиз қанча маош оласиз, - дедилар. 

Жавобимни эшитиб:

– Унда мен сиздан уч-тўрт баравар кўп маош оларканман. Шунинг учун ўзингизни уринтирмай, кейинги сафар нарса кўтариб келманг, - дедилар.

– Ота-онам бирор хонадонга қуруқ бормагин, ҳеч бўлмаса иккита нон олиб боргин деб ўргатишган, - дедим.

– Унда, жуда кўнглингиз бўлмаса, Фарғонада қуритилган қандак ўрик (туршак) бўлади, юракка фойдали, шундан бир кило олиб келсангиз бир йилга етади, келишдикми, - дедилар.

Кейинги боришимда қандак ўрик олиб бордим. Биргаликда чой ичдик. Туршакни чойга солиб, кейин истеъмол қилдилар, данагини эса “мағзини кейинроқ чақиб еймиз”, дея қуритишга қўйиб қўйдилар.

Ҳар сафар устознинг хонадонларига борганимда келинойим жуда мазали таомлар, айниқса, мен ёқтирадиган шавла билан сийлар эдилар. 

Диссератация  устида ишлашни давом эттирдим, лекин нимагадир илмий ишимни охири кўринмас эди.

Бир куни Отабой Эшонович мени чақиртириб: 

– Фозилжон, аспирантурани ҳам тугатдингиз, аммо ҳимояга чиқара олмадим, узр сўрайман, мавзу ҳақиқатан ҳам теша тегмаган, анча мураккаб экан. Ҳозир Советларнинг съездлари жуда долзарб мавзуга айланди, агар рози бўлсангиз, мени шахсий архивимдаги материаллар ва адабиётлардан фойдаланиб, “Съезды Советов Бухарской Народной Советской Республики”, яъни “Бухоро Халқ Совет Республикаси Советлари Қурултойлари”мавзусида илмий ишни давом эттирсангиз, мен имкон қадар ҳар томонлама ёрдам берган бўлар эдим, - дедилар. 

Устознинг таклифларига рози бўлиб, астойдил янги мавзу бўйича архив материаллари ва юридик адабиётларни ўргана бошладим. Лекин Отабой Эшонович бетоблик сабаб ётиб қолганлари боис уларнинг тавсиялари ва йўл-йўриқларини олиш имконияти тобора камайиб борди, устига-устак вазирликда ҳам катта арбитрликдан юридик бўлим бошлиғи лавозимига кўтарилганим туфайли диссертация устида ишлаш учун ажратадиган вақтимни қисқартиришга мажбур бўлдим.

1990 йилнинг сентябрь ойи охирларида устозимни кўргани хонадонларига бордим. Жуда яхши кутиб олдилар. 

– Яхши ўзингиз келиб қолдингиз, ўзим ҳам Сизни чақиртирмоқчи бўлиб тургандим, айтадиган гапларим бор. Менга диққат билан қулоқ солинг, - дедилар. – Аввало, сиздан яна бир бор узр сўрайман, мураккаб мавзуларни бериб, илмий ишингиз якунланиши чўзилиб кетишига сабабчи бўлдим. Энди мени номимдан Умаргули Чориёровга (юридик фанлар доктори) бориб учрашинг, унга “бугундан менга илмий раҳбар бўлар экансиз” деб айтинг. У.Чориёров жуда иқтидорли, ҳалол, илмий мушоҳадаси ўткир олим. У сизга албатта ёрдам беради ва ҳимояга чиқасиз.

Шунда мен:

– Устоз, ҳали тузалиб кетасиз ва сизнинг раҳбарлигингизда ҳимоя қиламан, - дедим.

Шунда Отабой Эшонович:

– Гапимга қулоқ солинг ва менга ваъда беринг “илмий ишимни ташлаб қўймайман ва У.Чориёровга бориб учрашаман” деб, - дедилар қатьий оҳангда...

Бошқа иложим қолмаган эди ва устозга ваъда бердим. 

Шу ўринда устозимнинг фарзандлари, айниқса, Баҳодир Отабоевич ва келинлари Мухайё опалар фарзандлик бурчларини аъло даражада бажариб, ҳар томонлама меҳр бериб, падари бузрукворларининг дуоларини олганликларига шоҳидман. 

У инсоннинг оғир хаста ва умр соатлари якун топиб бораётганини билган ҳолларида ҳам мендек бир оддий шогирдининг илмий ишини ўйлаб, ҳижолат чекканларини эслаганимда ҳар гал вужудим титраб кетади, устознинг кичиккўнгил ва камтаринликларига, одамийлигига ич-ичимдан такрор-такрор таҳсинлар айтаман, эътиқодим ва ҳурматим ҳар қачонгиданда минг чандон ортиб бораверади.

Ҳа... Яратганнинг иродаси экан. 

Орадан бир ҳафталар ўтгач у киши вафот этдилар (охиратлари обод бўлсин). Уларнинг юқорида айтган гаплар менга васият бўлиб қолди.

Мен комил инсон бўлган Отабой Эшоновичнинг васиятларини бажардим ва юридик фанлари доктори, профессор У.Чориёровнинг илмий раҳбарлигида “Проблемы юридической службы министерств и ведомств Республики Узбекистан”, яъни “Ўзбекистон Республикаси вазирликлар ва идоралари юридик хизматининг муаммолари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. 1993 йилда юридик фанлар номзоди ва 2019 йилда эса юридик фанлар доктори илмий даражасини, 2021 йилда профессор илмий унвонини олиш менга насиб этди. 

Мен Ўзбекистонда ҳуқуқ илм-фани дарғаларидан бўлган шундай бетакрор инсоннинг шогирди бўлиш бахтига эришганим учун Тангри таолога шукрона айтаман.


Фозилжон Отахонов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги 

Қонунчилик муаммолари ва парламент 

тадқиқотлари институти директори, 

юридик фанлар доктори, профессор



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930