Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Юридик монографиялар тақдимоти

Юридик монографиялар тақдимоти


2022 йил 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан тайёрланган “Чор Россияси мустамлакачилиги даврида Ўзбекистон ҳудудида виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва чеклашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” ва “Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳуқуқий асослари: илмий-амалий таҳлил” монографияларининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти олимлари, шунингдек, Мувофиқлаштирувчи кенгаш аъзолари, ННТлар, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Тақдимотдан кўзланган мақсад – Институт томонидан тайёрланган янги юридик адабиётлар, Ж.Тошқуловнинг “Чор Россияси мустамлакачилиги даврида Ўзбекистон ҳудудида виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш ва чеклашнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари” ҳамда Ж.Нематовнинг “Ўзбекистонда маъмурий суд ишларини юритишнинг ҳуқуқий асослари: илмий-амалий таҳлил” номли монографияларини илмий жамоатчилик ва кенг оммага тақдим этишдир.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлари доктори М.Турғунов йиғилишни очар экан, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари замонавий ҳуқуқшуносликнинг энг асосий соҳаларидан бири эканлигини таъкидлаб, мазкур монография Чор Россияси томонидан Ўрта Осиёнинг босиб олиниши ва мустамлакачилик тузуми ўрнатилишининг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий маданий ва маънавий-маърифий оқибатлари, мустамлакачи ҳукуматнинг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятига оид сиёсати ташкилий-хуқуқий асосларининг шаклланиши ва ривожланиши, ушбу сиёсатни Ўзбекистон ҳудудида амалга оширилишининг ўзига хос хусусиятлари ва унга маҳаллий аҳоли ижтимоий қатламларининг муносабати ҳақида эканлигига эътибор қаратди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов монографиялар тақдимотини ўтказилиши муҳим аҳамиятига эга эканлигини таъкидлаб, уларнинг мазмун-моҳиятини муаллифлар эмас, балки тақризчилар ёритиш асносида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирганликларига алоҳида урғу берди. Шунингдек, юриспруденция соҳасидаги монографиялар тўғрисида илмий журналлар ва газеталарда тақризлар бериб борилиши ҳамда чоп этилган монографияларни муаллифлик ҳуқуқига дахл қилмаган холда электрон нусхаларини юридик олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тақиқот институтларига юбориш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида таклифлар киритди.  

Тақдимотда, шунингдек, Давлат ва ҳуқуқ институти директорининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор A.Тўлаганов, илмий ходимлар Н.Азизов, Р.Ҳакимов, Р.Назаров ва бошқалар  мулоҳазалари билан иштирок этди. Онлайн чиқишлар билан вилоятлардан вакиллар, жумладан, Самарқанд, Наманган давлат университетлари юридик факультетлари деканлари ҳам қатнашди.

Тадбир иштирокчилари ва экспертлар Институтнинг ҳуқуқшунос олимлари томонидан тайёрланган мазкур монографиялар нафақат юридик Олий таълим муассасалари ва илмий текшириш институтларнинг профессор-ўқитувчиларига, балки унинг тингловчилари, магистрлари, талабалари, илмий ходимлари ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун муҳим амалий қўлланма бўлишини таъкидладилар. 

Тадбир сўнгида М.Турғунов мамлакатимиз олимлари ўртасида илмий-амалий ҳамкорлик яхши йўлга қўйилганини эътироф этиб, ушбу ибратли анъана бундан кейин ҳам давом этишига ва ўзининг муҳим самараларини беришига ишонч билдирилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930