Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жамоатчилик назорати – адолат мезони

Жамоатчилик назорати – адолат мезони


“…Конституция ва қонун устуворлигига эришишда жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ”. Шавкат Мирзиёев

 Конституциямиз мамлакатимизнинг асрий қадриятлари ва анъаналари, миллий қонунчилиги, менталитетини намоён этибгина қолмай, келгусидаги барқарор ривожланиш ҳамда жамият фаровонлигини таъминловчи, тарихий, ҳуқуқий ва сиёсий-мафкуравий ҳужжатдир.

Президентимиз ҳақли равишда таъкидлаганларидек,«Мустақил тараққиёт йилларида Конституциямиз юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда».

Кишилик жамияти вужудга келиши ва шаклланиши давлатчилик асосларига туртки бўлган. Фуқаролик жамияти ҳамда ҳуқуқий давлат инсоният томонидан асос солинган давлат ва жамият ҳаётининг энг олий шаклларидир.

Фуқаролик жамияти – инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат мавжуд бўлган, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари юксак даражада таъминланган жамият.

Жамият ва мамлакат равнақи унинг иштирокчилари ҳаракати билан амалга ошади. Бу жараёнда эса жамоатчилик назорати алоҳида ўрин тутади. Бевосита шоҳиди бўлиб турганимиздек, Ҳаракатлар стратегияси билан бошланган инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари устувор бўлган фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидаги оқилона бошқарув сиёсати ва кенг қамровли ислоҳотлар бугун Тараққиёт стратегияси асосида жадал давом эттирилмоқда. Бу, албатта, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларга кўпроқ ҳуқуқ ва ваколатлар бериш билан узвий ҳолда кечмоқда.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг иштирок этиши эса жамият ҳаётининг демократик жараёнлар билан боғлиқ асослари чуқур илдиз отиб, мустаҳкамланиб бораётганини англатади. Президентимиз таъбири билан айтганда, муҳим ижтимоий омиллардан бири – жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш каби йўналишлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таркибий қисмига айланди.

Бугун шунчаки жамоатчилик назоратини эмас, балки таъсирчан жамоатчилик назоратини ривожлантириш масалалари Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йиллар мобайнидаги ривожланиш йўлининг асоси ҳисобланган муҳим ҳужжат – Тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш» номли биринчи устувор йўналишида алоҳида мақсад сифатида мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас.

Чунончи, Тараққиёт стратегиясининг 12-мақсади “Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” деб номланиб, унда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, жамоавий мурожаатлар асосида ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурлари ижро сифатини текшириш амалиётини жорий этиш, айрим давлат функцияларини амалга ошириш жараёнига жамоатчилик назорати субъектларини кенг жалб қилиш, оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш масалалари ўз ифодасини топди.

Саъй-ҳаракатлар натижасида жамоатчилик назоратини янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир соҳада унинг имкониятларидан унумли фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Чунки жамоатчилик назоратини кенгайтириш жамият тараққиётининг барча жабҳасида юқори самара бериши, шубҳасиз.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Шу ўринда «Жамоатчилик назорати нима?», «Ўзбекистонда унинг ҳуқуқий асослари қандай?», «Уни кимлар амалга оширади?», «Қандай фаолиятлар устидан жамоатчилик назорати олиб борилади?» каби саволлар туғилиши табиий.

Жамоатчилик назорати – жамият ва давлат миқёсида қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда адолатни қарор топтириш учун ўта зарур бўлган энг самарали амалиёт. У жамоатчилик назорати субъектлари томонидан марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат ташкилотлари, қонунларга мувофиқ, давлатнинг алоҳида ваколатларини амалга оширувчи бошқа органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида амалга ошириладиган фаолиятдир.

Жамоатчилик назорати институтининг ҳуқуқий асослари ҳақида гап кетганда, аввало, Асосий қонунимизнинг 32-моддасини келтириб ўтамиз. Унда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгалиги, бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилиши, жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланиши ҳақидаги норма мустаҳкамлаб қўйилган.

Бош қонунимизда жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланган фуқаролик жамияти институтлари ҳақидаги конституциявий нормаларни «Жамоат бирлашмалари» номли XIII бобда, «Оммавий ахборот воситалари» деб номланган XV бобда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига бағишланган 105-моддада кўришимиз мумкин.

Шунингдек, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги, «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Жамоат фондлари тўғрисида»ги қонунларда ҳамда соҳага доир бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мазкур институтнинг ҳуқуқий асослари белгиланган ва тизимли равишда такомиллаштириб борилмоқда.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ СУБЪЕКТЛАРИ

Жамоатчилик назорати субъектлари фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларидир. Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз аҳолиси 2022 йил 1 октябрь ҳолатида 35,8 миллион киши бўлиб, жамоатчилик назоратини фаол амалга ошириш имкониятига эга бўлган 15 ёшдан юқорилар 24,7 миллиондан иборат. Ҳозир юртимизда 9349 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мавжуд, шунингдек, 9 077 та нодавлат нотижорат ташкилот фаолият юритиб келмоқда. Бундан ташқари, миллий ахборот маконида оммавий ахборот воситалари сони 1962 тани, интернет нашрлари 733 тани ташкил этади.

Юқоридаги рақамлар жамоатчилик назорати жуда катта куч бўлиб, уларда ўзаро ҳамкорлик қилиш орқали мунтазам, тизимли ва самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш имконияти мавжуд эканидан далолат беради. Бунга яна давлат томонидан уларнинг сонини кўпайтириш ва фаолиятини кенгайтириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доимий эътибор берилаётганлигини инобатга олсак, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдан давлат органлари ҳам манфаатдор эканлиги яққол намоён бўлади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ёки халқ тили билан маҳалла деганда, Президентимиз таъкидлаганидек, дунёда камдан-кам учрайдиган, инсонни жамият билан уйғун ва бағрикенглик руҳида тарбиялайдиган, халқ билан давлат ўртасида ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ноёб ижтимоий тузилмани тушунамиз.

Жорий йилда фуқаролар йиғинларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, 1860 та маҳалла биноси қурилди, 33 маҳалла биноси реконструкция қилинди, шунингдек, маҳалла биноларидан 361 таси жорий ва 97 таси капитал таъмирланди, 721 маҳалла компьютер техникаси ва 771 маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, хотин-қизлар, ёшлар ва болалар, ветеранлар ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, илмий-техникавий, маданий-маърифий, жисмоний тарбия-спорт ва бошқа кўнгилли жамиятлар, ижодий уюшмалар, юртдошлар уюшмалари ва фуқароларнинг бошқа бирлашмалари жамоат бирлашмалари тарзида сўнгги йилларда жамоатчилик назорати субъектлари сифатида кенг кўламли фаолиятни амалга оширмоқда.

Таъкидлаш жоиз, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари – газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, теле, радио, видео, кинохроникал дастурлар, интернет жаҳон ахборот тармоғидаги веб-сайтлар бугун халқ овози, том маънода, «тўртинчи ҳокимият»га айланмоқда.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИ ОБЪЕКТИ ВА ШАКЛЛАРИ

Жамоатчилик назорати объекти, яъни жамоатчилик назорати субъектлари томонидан назорат қилинадиган фаолият турлари давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, қарорларда, шунингдек, ривожланишнинг давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга доир фаолияти. Бунга барчанинг ёдига тушишига осон бўлиши учун жамоатчилик фикри асосида ижобий ҳал этилган «тонировка» масаласини, дарахтлар ва бошқа ўсимликларга шикаст етказганлик, уларни қонунга хилоф равишда кесганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Тараққиёт стратегияси лойиҳаси ҳам том маънода инсон ва жамият манфаатлари йўлида ишлаб чиқилган, жамоатчилик мулоҳазалари, таклифлари билан янада бойитилиб, такомилига етказилган;

фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг ижро этилишини таъминлашга оид фаолияти. Маълумки, ҳар бир давлат органи ва ташкилоти фаолиятининг энг биринчи галдаги вазифаси инсон ҳуқуқларига риоя этиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳисобланади;

ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажариш борасидаги фаолияти. Бу орқали «Инсон қадри учун», «Давлат – инсон учун», «Давлат хизматчиси – халқ хизматкори», «Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган эзгу тамойиллар бугун бу йўналишда юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларни яққол намоён этади;

давлат хизматларини кўрсатиш фаолияти. Бунда «Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади» деган муҳим тамойилга амал қилинаётгани унинг ҳаётий ифодасини кўрсатади. Кечаётган бу ислоҳотларнинг уйғунлиги ва изчиллигини таъминлаш баробарида, давлат хизматларини сифатли бажариш учун ваколатли органлар ва ташкилотларнинг масъулияти ҳамда жавобгарлигини оширишга ҳам хизмат қилмоқда;

ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажаришга доир фаолияти ҳисобланади.

Бугунги кунда жамоатчилик назорати фуқароларнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамлар кайфиятини ва мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Бу жараёнда жамоатчилик назорати – давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботи ва ахборотини эшитиш каби шаклларда амалга оширилмоқда.

Мисол тариқасида айтиб ўтиш жоиз, сўнгги йилларда халқ билан мулоқотнинг янги тизими йўлга қўйилди. Биргина Президент Виртуал қабулхонасига шу пайтга қадар 7 миллион 397 минг 647 мурожаат келиб тушган бўлиб, 7 миллион 313 минг 591 таси кўриб чиқилган ва қолганлари ҳам қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилмоқда. Асосийси, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар таҳлиллари натижасида уй-жой, бандлик, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, банк, молия-кредит, коммунал хўжалик, қўйингки, барча соҳаларда ўз ечимини кутиб турган муаммолар ҳал этилишига эришилмоқда;

Жамоатчилик муҳокамаси натижаларини «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамалари портали» (regulation.gov.uz) мисолида яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда ушбу порталга 16 минг 372 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган бўлиб, улардан 16 минг 21 таси бўйича муҳокамалар якунланган.

Яна бир ёрқин мисол, айни конституциявий ислоҳотлар ташаббускори ҳам фуқароларимиз, кенг жамоатчилик, жумладан, фуқаролик жамияти институтларидир. «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси халқимиз фикр-мулоҳазаларини ўрганиш асосида тайёрланди. Лойиҳа тайёрлангунга қадар бўлган даврда Бош қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича 62 минг 336 та таклиф келиб тушгани фикримиз нақадар ҳаётий эканлигини тасдиқлайди.

Ўз навбатида, тайёрланган конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Эътиборлиси, халқимиз манфаатлари йўлида умумхалқ муҳокамаси муддати 2 марта узайтирилди ва бу даврда фуқароларимиздан жами 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушгани ҳам жамоатчилик назоратининг ўзига хос амалий кўринишини англатиб турибди.

Сўнгги йилларда жамоатчилик фикрини ўрганиш оммавий тус олмоқда. Мисол учун, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали ҳар йили икки маротаба (февраль, июль) ўтказиладиган «Ташаббусли бюджет» йўлга қўйилди. Бу умумманфаатли муаммоларни бевосита фуқароларнинг кўпчилик овози билан ҳал этиш имконияти бўлиб, амалиётда натижадорлиги билан ўзини оқламоқда. Эътиборли жиҳати, ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи йўналтириладиган «Фуқаролар бюджети» дастури доирасидаги маблағларни жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфлашни ташкил этишга эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ички йўллар билан боғлиқ эътирозлар кўпайгани ортидан «Очиқ бюджет» ахборот порталида «Менинг йўлим» лойиҳаси йўлга қўйилди. Унда фуқаролар томонидан жами 9212 та лойиҳа илгари сурилиб, улар учун жами 1,9 миллион овоз берилди. Якунларга кўра, 380 лойиҳа ғолиб топилиб, шу асосда ҳозирда ички йўлларни таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари, жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида Президент қарорига асосан ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 139 та лойиҳани молиялаштириш учун қўшимча равишда 85 миллиард сўм ажратилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахслари ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш бўйича жаҳон тажрибасида ўхшаши йўқ амалиёт – ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчиси, аёллар ва ёшлар масалалари билан алоҳида, манзилли ишлашни янада жадаллаштириш мақсадида хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси лавозимлари жорий қилинган. Улар ўз фаолияти ҳақида ўзини ўзи бошқариш органларига ахборот бериб бориши керак.

Конституциявий ислоҳотлар даврида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳасида Янги Ўзбекистонни кучли ва адолатли фуқаролик жамиятига айлантириш ғояси асосида фуқаролик жамияти институтлари мақомини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш мақсадида Конституциянинг 56-моддаси янги таҳрирда баён қилинмоқда, 98- ва 122-моддалари эса янги нормалар билан бойитилмоқда. Яъни биринчидан, илк бор «фуқаролик жамияти институтлари» ибораси киритилмоқда. Иккинчидан, маҳалла ва оммавий ахборот воситалари фуқаролик жамияти институтлари қаторида қайд этилмоқда. Учинчидан, Вазирлар Маҳкамасига фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш вазифаси юклатилмоқда. Тўртинчидан, фуқаролик жамияти институтларига республика бюджети шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати берилмоқда.

ЖАМОАТЧИЛИК НАЗОРАТИНИНГ САМАРАСИ

2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси доирасида 2022 йилнинг 9 ойида Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш бўйича:

биринчидан, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда маҳаллаларнинг ваколатини кенгайтириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 16 августдаги «Маҳалла институтининг жамият ҳаётидаги ролини мустаҳкамлаш ва молиявий имкониятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳар бир маҳаллада Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағларини маҳалладаги ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш учун йўналтириш белгиланди;

иккинчидан, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимида аризаларнинг 70–80 фоизини 2023 йил якунига қадар электрон шаклда онлайн режимда қабул қилишни таъминлаш чораларини кўриш мақсадида ушбу ахборот тизимида оила таркибини автоматик тарзда шакллантириш функцияси яратилди. Камбағал оилалар билан манзилли ишлаш тизимини автоматлаштириш, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари»ни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га интеграция қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва имкониятлари яратилди;

учинчидан, маҳаллаларнинг жамоатчилик билан алоқаларини кучайтириш чораларини кўриш мақсадида 2022 йил 6 июнда тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар режасига асосан, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигида медиа-марказ фаолияти йўлга қўйилди;

тўртинчидан, ҳоким ёрдамчилари фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 августдаги қарори билан Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчилари фаолияти самарадорлигини янада ошириш бўйича намунавий концепция ҳамда «йўл харита»лари тасдиқланди.

Ушбу «йўл харита»ларида белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши натижасида: 1,9 млн. фуқаронинг даромадли меҳнат билан бандлиги таъминланди; 341 минг фуқарога ижара асосида ер ажратилди; 267 мингта лойиҳага 6,4 трлн. сўм имтиёзли кредит ва 35 мингдан ортиқ ишсизга 112 млрд. сўм субсидия ажратилди; 218 минг аҳоли касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди; 34 мингдан ортиқ «маҳаллабай» микролойиҳадан 19 мингтаси ишга туширилиб, 78 мингта янги иш ўрни яратилди; 61 мингта юридик ва 62 мингта якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди; 14,6 минг километр таъмирталаб ички йўллар шағаллаштирилди, 7,1 минг километр йўллар асфальтлаштирилди, маҳалла ҳудудидан ўтувчи магистраль йўл ёқасида минг километр пиёдалар йўлакчалари барпо этилди; 5,3 минг дона трансформатор, 141,6 минг дона симёғоч ва 122,6 минг дона тунги чироқ алмаштирилди; 32,8 минг километр ариқни тозалаш ва 6,5 мингта вертикал суғориш қудуқларини қазиш орқали 225 мингдан ортиқ хонадон томорқаси сув билан таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, Тараққиёт стратегиясининг 12-мақсадидаги таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масаласи келгусида инсонларни рози қилиш, уларнинг дарду ташвишларини тезкор ўрганиш ва ҳал қилишнинг энг самарали усули – халқ билан очиқ мулоқотнинг ҳуқуқий ва амалий механизмларини янада такомиллаштириш, жамият ҳаётидаги, давлат бошқарувидаги муҳим қарорларни жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қабул қилиш амалиётини кенгайтириш учун хизмат қилади.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031