Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси


Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан ўтказилган давра суҳбати шу мавзуга бағишланди.

Унда Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Конституциявий суд вакиллари, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари, Институт ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Хайрулло Ғаффоров кириш сўзида Янги Ўзбекистонда демократик, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умум эътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган ҳолда, халқ учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиш йўлида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар ҳақида тўхталди. Зеро, ҳар қандай Конституция ҳаётий бўлиши, мамлакатнинг ижтимоий ва ҳуқуқий воқеликларига, халқнинг орзу-умидлари ва келажак истиқболига, хусусан, замон талабларига мос келиши тўғрисида сўз юритди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова сенатор ва депутатлар томонидан ҳудудларга чиқилиб, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса ва ташкилотларда ёшу кекса иштирокида қатор учрашувлар ташкил этилаётгани, конституциявий ислоҳотларнинг мазмун­-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтиришлар олиб борилаётгани, бу борада миллий ва халқаро даражада анжуманлар ҳам юқори савияда ташкил этилаётгани хусусида таъкидлаб:

— Конституциявий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири аёллар ва қизларнинг қадр-­қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашнинг конституциявий-­ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришдир. Конституциямизга таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар БМТнинг Хотин­-қизларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси, Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси нормалари ҳамда тамойилларига тўлиқ мос. Барча тадбирлар бўйича якуний ҳужжатлар қабул қилиниб, Конституциямиз ва қонунчиликни такомиллаштириш масалалари таҳлил этилди, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг конституциявий қонун лойиҳасига расмий шарҳлари ва таклифлари олинди, — дея алоҳида қайд этиб ўтди.

Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» ги конституциявий қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилгани, бу жараёнда конституциявий қонун лойиҳасига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқини таъминлашга қаратилган 20 га яқин таклифлар келиб тушгани тўғрисида фикр юритди.

Шунингдек, тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг ўринбосари Асқар Ғафуров мамлакатимизда Конституция устунлигига эришиш ва унинг нормаларига оғишмай риоя этиш кўп жиҳатдан Конституциявий суд томонидан конституциявий назорат фаолиятининг самарали амалга оширилишига боғлиқлиги борасида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Тадбирда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов Институт томонидан тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — халқимиз сиёсий ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси» тўпламини тақдимот қилиб берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳақида билдирган фикр-мулоҳазалари ва маърузалари ягона тўплам ҳолига келтирилгани ҳақида тўхталди.

Таъкидландики, бугунги кунда янги Ўзбекистонда Бош қомусимиз асосида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлмиш халқ ҳокимиятчилигини мустаҳкамлаш, аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, адолатли суд тизими фаолиятини йўлга қўйиш, ёшларнинг билим олиши, илмий фаолият билан шуғулланишини кафолатлаш каби масалаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқларида, албатта, Бош қомусимиз, унинг мазмун-моҳияти, тараққиётимизнинг тарихий ҳамда бугунги босқичида Конституция талабларига сўзсиз амал қилиш, ишлаб чиқилаётган барча қонун ҳужжатларининг унга мувофиқ бўлишини таъминлаш борасида фикрларни билдириб келмоқда.

Анжуман иштирокчилари ва экспертлар Институт томонидан ишлаб чиқилган мазкур тўплам кенг жамоатчилик, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, олий таълим муассасаларининг талабалари, илмий тадқиқот марказларининг ходимлари ва илмий тадқиқотчилар, амалиётчи мутахассислар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳокамалар давомида Конституция ва конституциявий ислоҳотларнинг моҳияти, аҳамияти бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш юзасидан келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Ботирбек СОБИРОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи.

xs.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930