Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Замон ва адабиёт

Замон ва адабиёт


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Замон ва адабиёт” мавзусида ўзбек адабиётининг ёрқин намояндалари бўлган Хуршид Дўстмуҳаммад ҳамда Фарида Афрўз билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Қонунчилик палатасининг депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ва бошқа адабиёт ихлосмандлари иштирок этдилар.

Барчамизга маълум, 2021 йилда “Йилнинг энг яхши асари” республика танловида бош мукофот совриндори бўлган Хуршид Дўстмуҳаммад  миллий адабиётимиз хазинасига тўрт жилдлик сайланмасини туҳфа этган ва бу асарлар китобхонлар томонидан мамнунлик билан кутиб олинган эди.

Кўп йиллик ижодий ва ҳаётий тажриба соҳиби, сўз заргари Хуршид Дўстмуҳаммад ва шеърлари қўшиқ бўлиб халқимиз қалбидан жой олган ардоқли шоира Фарида Афрўз билан бўлиб ўтган ижодий кечада инсон кечинмаларининг, ижтимоий ҳаёт воқеаларининг назм ва насрдаги баёни, улардаги ғояларнинг халқ орзу-истакларига ҳамоҳанглиги, адабиётнинг инсонлар қалбида келажакка ишонч уйғота олиш қудрати ва шижоатга чорлаш салоҳияти хусусидаги фикр-мулоҳазалар тингланди.

Адабиётга ошнолик – гўзалликка ошноликдир, адабиёт – халқни озодлик ва ҳурлик сари бирлашишга, маънавиятимиз ривожига тўсиқ бўлаётган иллатлардан халос бўлишга даъват этади. Мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш, мутолаа маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас, албатта. Бу масала Президентимизнинг ҳам доимий эътиборида бўлиб соҳа фидойилари ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келинмоқда.

Буюк адибимиз Абдулҳамид Чўлпон адабиёт хусусида: “Адабиёт яшаса – миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас”, деган эди.

Дарҳақиқат, халқимизнинг ижтимоий ҳаётнинг барча йўналишларидаги тафаккурини кенгайтириш, ёшларнинг онгу шуурига Ватан туйғуси, Юрт қадри, Халқ эрки энг олий қадрият эканлигини чуқур сингдириш вазифаси аввало адабиёт зиммасидадир.

Адабиёт миллатнинг борлиги рамзидир. Адабиёт – миллат одамларининг ўтмиш ҳаёти, ўй-хаёллари ва орзу-интилишларидан хабардор бўлиш, қадриятларини англаш воситасидир. Шу маънода, адабиёт – зарурий эҳтиёж, руҳият озуқаси ҳамдир.

Шунингдек, ижодий кечада ҳар икки ижодкорнинг ҳаёти, ижоди, айрим асарларининг яратилиш тарихи борасида ҳам суҳбатлашилди. Шеърлар ўқилди.

Самимият йўғрилган ушбу суҳбат барча учун мароқли ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.

 

www.lpri.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930