Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Мўъжизакор юрт”нинг ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлари нимада? — Мутахассис билан суҳбат

“Мўъжизакор юрт”нинг ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлари нимада? — Мутахассис билан суҳбат


“Мўъжизакор юрт”, “Осиё йўлбарси” каби атамалар билан аталадиган Сингапур қисқа фурсатда энг қашшоқ давлатдан дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторига қўшилди. Кўплаб соҳаларда ўз тажрибасига эга бўлди.

Маълумки, шу йилнинг 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапурга ташриф буюрган эди. Учрашувлар давомида кўплаб ҳамкорлик битим ва келишувлари имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов билан мазкур битимлар аҳамияти, Сингапурнинг ривожланиш омиллари ҳамда мазкур давлат тажрибасидан ўрганишимиз мумкин бўлган жиҳатлари хусусида суҳбатлашдик. 

— Сизнингча, Сингапур ўтган асрдаги энг қолоқ давлатдан ривожланган давлатлар қаторига қўшилишининг асосий сабаблари нимада?

— Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 70 йилларига қадар энг қашшоқ давлатлардан бири саналган Сингапур давлати қисқа фурсат ичида дунёдаги энг тараққий этган давлатлар қаторига қўшилди. Сингапур кичкина давлат. Унинг ўзига хос феномени халқининг ягона ғоя асосида бирлаша олгани, эртанги кунга бўлган ишончидир. Бунда давлат ва сиёсат арбоби, биринчи бош вазир Ли Куан Юнинг хизматлари беқиёс. Айнан унинг кенг қамровли ислоҳотлари туфайли Сингапур юксак тараққиёт чўққисига эришди.

Иккинчи омилларидан бири бу — коррупцияга қарши тизимли равишда кураш олиб борилганидир. Бу иллатга қарши курашишни тепадан туриб қонун қабул қилиш ёки буйруқ бериш, маъмурий усул билан эмас, балки жамиятнинг ўзи қабул қилган. Қонун бор, мансабдор шахслар ўз чегарасини билиб, қонунларга амал қилиши, уларнинг даромадлари ва харажатларини декларация қилиш масалалари ҳамда жамоатчилик назоратининг тўғри йўлга қўйилгани, халқнинг ўзи коррупцияга йўл қўймасликка ҳаракат қилиши муҳим. 

Сингапурнинг яна муҳим жиҳатларидан бири динлараро бағрикенглик ва тотувликда яшашидир. Масалан, Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб малай миллатига мансуб, мусулмон аёли бўлса, бош вазири хитой миллати вакилидир. Бу ҳам динлараро, миллатлараро бағрикенглик ғоялари устуворлигидан далолат беради. Сингапур парламентида ҳам кўпмиллатлилик кузатилади. 

Шу ўринда Сингапур парламенти ҳақида тўхталиб ўтсангиз.

— Сингапур парламент республикаси ҳисобланиб, қонун чиқарувчи ҳокимияти Президент ва парламентдан иборатдир. Парламент бир палатали бўлиб, унга 104 та депутат 5 йиллик ваколат муддатига сайланади ва тайинланади, яъни 6 миллионга яқин аҳолиси бор Сингапурнинг ҳар 57 минг аҳолисига битта депутат тўғри келади. Хусусан, 2020 йилги умумий сайловдан кейин 14-парламентга 93 аъзо ва 2 та округдан ташқари аъзолар сайланди ҳамда 9 аъзо эса Президент томонидан тайинланган. 

Ўзбекистонда эса қонун чиқарувчи ҳокимият парламент — Олий Мажлис палаталаридан иборат. Аммо парламент палаталари қонунни қабул қилиб, маъқуллагани билан Президент имзоламаса, мазкур қонун кучга кирмайди, ижрога қаратилмайди. Шу жиҳатдан олиб қараганда Сингапурнинг қонунчилик ҳокимиятига оид амалиёти илмий тадқиқот сифатида ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам дастлабки парламент тадқиқотлари якуни бўйича институтимиз томонидан “Сингапур парламенти” номли тўплам тайёрланди ва тақдимоти ўтказилди.

Сингапурдан яна қандай жиҳатларни ўрганишимиз мумкин?

— Улардан ўрганишимиз керак бўлган муҳим жиҳатларидан бири давлат хизматчиларини тайёрлаш, давлат бошқарувига энг юқори малакали кадрларни танлаб олиш, жалб қилиш амалиётидир. Бизда ҳам “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Давлат хизматчиларини танлов асосида қабул қилишда бир ўринга 10-20 та кадр тўғри келиши мумкин. Бу борада масалан, Сингапурда 100дан ортиқ талабгор тўғри келиши мумкин. Улар ичидан танлаб олиш имконияти бўлади. Ўзбекистонда ҳам ана шундай саралаш, танлаш имкониятини яратиш учун талабга жавоб берадиган кадрларни тайёрлашимиз керак. Шу маънода таълим соҳасида Сингапур билан алоқаларимиз муҳим. 2008 йилдан бери Тошкент шаҳрида фаолият юритиб келаётган Сингапур менежментни ривожлантириш институтини олиб қарайдиган бўлсак, у ерга қабул жараёнида ҳам, ўқиш давомида ҳам таниш-билишчиликка, коррупцияга йўл қўйилмайди. 

Сингапурнинг яна бир жиҳати — шаҳарсозлик. Хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожлангани, шаҳарсозликнинг жой-жойига қўйилгани, халқининг озодалик, тежамкорлик фазилатлари шаҳарсозлик тизимида муҳим ўрин тутади. Шаҳарсозлик, коммунал хизматлар борасидаги жараёнлар режали амалга оширилади ва буларнинг бари рақамлаштирилган.  

Сув тежамкорлиги борасида ҳам ўзига хослик мавжуд. Аввало, халқнинг ўзи тушунган ҳолда сувни тежайди. Бунда, айниқса, сув таъминоти билан 70 дан ортиқ компаниялар, шундан 23 та илмий-тадқиқот муассасалари фаолият юритиши диққатга сазовор. Қолаверса, сувни қайта ишлашга ҳам алоҳида эътибор берилади. Яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш, банк хизматларини кўрсатиш каби соҳаларда ҳам илгарилаб кетган.  

Яна бир томони — компанияларнинг ўзаро рақобат муҳити ҳалол тарзда йўлга қўйилганидир. Яъни, турли рақобатчи компаниялар ҳасадгўйлик билан эмас, балки ўзаро ҳамфикр, бир-бирига ёрдам бериш, ўрганиш тамойили асосида ҳалол рақобат қилар экан. Жумладан, таълим соҳасида ҳам давлат ва нодавлат таълим муассасалари ғирром рақобат қилмасдан, “ким кучли, ким сифатли кадр тайёрлайди”, деган қараш билан бир-бирига ёрдам беради.  

Битта давлат тажрибасини ўрганиш билан ривожланиб кетиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг сиёсати шундай бўляптики, ҳар бир давлатдан энг асосий жавҳарларини териб олиб, ўзимизга татбиқ қилиш орқали иқтисодиётимизни, фан-таълимни ривожлантиришга, кадрларимизнинг дунёда тан олинишига эришишимиз мумкин.  

— Маълумки, коррупцияга қарши курашишда Сингапур халқаро рейтингларда дунёда учинчи ўринда туради. Бу борада Ўзбекистон Сингапурнинг қандай тажрибаларини ўрганиши мумкин, деб ўйлайсиз?

— Коррупцияга қарши курашиш энг асосий мақсадларимиздан биридир. Коррупция хуфёна иқтисодиётнинг ривожланишига олиб келади. Хуфёна иқтисодиёт дегани бу — солиқдан қочишдир.

Коррупцияга қарши курашиш борасида Сингапурдан, аввало, қонуний асосларни ўрганишимиз керак. Қонунга риоя қилиниши устидан парламент ва жамоатчилик назоратининг қанчалик кучли эканлигини, жазо муқаррарлигини ўрганишимиз лозим, деб ўйлайман. У ким, қандай лавозимда бўлишидан қатъи назар, одил судлов олдида жавоб бериши шарт. Аслида коррупциядан 100 фоиз холи бўлган давлатнинг ўзи йўқ. Жумладан, Сингапурда ҳам қанчадир миқдорда корруция бор, албатта. Аммо бу иллатга қарши курашиш механизми самарали ишлайди. Биз ана шу механизмларни ўрганишимиз мақсадга мувофиқ. 

— Президентимиз ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Улар Ўзбекистонга нима беради?

— Ўзбекистон–Сингапур ўртасида шу пайтгача 14 та ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улардан 6 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 6 таси идоралараро ва 2 таси тармоқлараро ҳужжатлардир. Президентимиз ташрифи давомида яна 8 та ҳужжат алмашилди. Жумладан, таълим, транспорт, соғлиқни сақлаш, кадрлар, шу жумладан давлат хизматчиларини тайёрлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди.

Биргина кадрлар тайёрлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Сингапур Миллий университети тизимидаги Ли Куан Ю Давлат сиёсати мактаби, шунингдек, Сингапур Давлат хизмати коллежи билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилмоқда. Бу ҳамкорлик доирасида бизнинг давлат хизматчиларимиз Сингапурга бориб, малака ошириб, жаҳон тенденцияларини ўрганиб, бошқарувнинг сир-асрорларини билиб келса, Ўзбекистонда татбиқ этила бошланади. 

Сингапурнинг Ли Куан Ю Давлат сиёсати мактаби кадрлар тайёрлаш сифати бўйича Осиёда биринчи ўринда туради. У ерда малака ошириб келган кадрларимиз Ўзбекистон ривожида ўз ўрнига эга бўлади. Шунингдек, Сингапурдан мутахассисларни жалб этиб, ўзимизда ўқувлар ташкил этиладиган бўлса, кадрларимиз нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда ҳам ўз фаолиятини юритиш имконига эга бўлади. 

Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришни мақсад қилган эканмиз, илм-фан соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳам муҳим ҳисобланади. Фанга таянилган соҳанинг илдизи мустаҳкам бўлади. Шу маънода ҳар соҳада, шу жумладан парламент фаолиятини такомиллаштиришда ҳам чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш долзарб аҳамиятга эга.

Муҳтарама Комилова суҳбатлашди.

ЎзА



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930