Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон–Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлиги: ҳозирги ҳолати ва истиқболлари

Ўзбекистон–Қирғизистон парламентлараро ҳамкорлиги: ҳозирги ҳолати ва истиқболлари


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон ва Қирғизистон: парламентлараро ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссияси аъзолари, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар саноат ва савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти Илмий-экспертлик кенгаши ҳамда “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” даврий нашри таҳрир ҳайъати аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек жорий йилнинг 26-27 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар қизғин муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва янги босқичга кўтаришга хизмат қилади. 

Тадбирда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йилда ўрнатилгани, шундан буён икки томонлама муносабатларни тартибга солишга қаратилган кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани қайд этилди. Улар орасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларацияни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий ташрифи давомида яна бир тарихий ҳужжат – Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияниниг имзоланиши (2023 йил 27 январь) куни эса икки томонлама муносабатларга янги маъно беришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. 

Давра суҳбати давомида икки қўшни давлат ўртасидаги кўп томонлама муносабатлар бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам яхшилангани алоҳида эътироф этилди. Самарали ҳамкорлик икки мамлакат халқларининг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади. 

Айниқса, икки мамлакат етакчилари - Ш. Мирзиёев ва С. Жапаров ўртасида дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар ва доимий мулоқот Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Биргина 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистон ва Қирғизистон раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама форматлар доирасида 7 марта учрашишди. Бундан ташқари, телефон суҳбатлари ҳам мунтазам равишда йўлга қўйилган. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қирғизистонга амалга оширган ташрифи чоғида имзоланган ҳужжатлар орасида Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг айрим участкалари тўғрисидаги битимнинг ратификация ёрлиқларини алмашиш ҳақидаги баённоманинг ҳам борлиги диққатга сазовордир. Ушбу баённома орқали чегара делимитациясининг узил-кесил расмийлаштирилиши икки мамлакат ўртасида муаммоли масалалар тўлиқ бартараф этилганидан далолат беради. 

Дарҳақиқат, 30 йилдан бери ҳал этилмай келган бундай мураккаб масаланинг батамом ҳал этилиши ўзбек ва қирғиз халқлари хоҳиш-иродаси ва умумий манфаатларининг ёрқин ифодасидир. Ўзбек-қирғиз чегарасининг делимитация қилиниши нафақат икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, ҳудудлараро, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқаларни янада кенгайтиришга туртки беради, балки минтақадаги бошқа давлатлар, айниқса, чегара муаммоларига дуч келаётган мамлакатлар учун намуна сифатида хизмат қилиши мумкин. 

Давра суҳбати иштирокчилари икки давлат парламентлари ўртасидаги алоқаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Эътироф этиш жоизки, сўнгги йилларда парламентлараро ҳамкорлик анча жонланди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга ташрифи чоғида Олий Мажлис ва Жокоргу Кенеш ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланганидан кейин бу алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши ўртасида ҳамкорлик бўйича Парламентлараро комиссия тузилди. 

Шу билан бирга, давра суҳбатида олий даражадаги келишувлар тўлиқ амалга оширилиши учун барча имкониятларни ишга солиш зарурлиги, жумладан, Парламентлараро комиссия олдида ҳам бир қатор долзарб вазифалар турганлиги алоҳида қайд этилди. Айниқса, ўзаро муносабатларнинг ҳозирги, жуда ижобий динамикасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, Парламентлараро комиссия ўз режаларини янгилаш, унга олий даражадаги келишувлар ижроси устидан парламент назорати механизмларини кучайтиришга қаратилган қўшимчалар киритиши мақсадга мувофиқдир. Зеро, ташриф давомида имзоланган Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияда ҳам парламентлараро алоқаларни изчил давом эттириш тавсия этилган. 

Иккинчидан, Президент Ш. Мирзиёев ташрифи арафасида ва айниқса, ташрифдан сўнг ҳар икки мамлакат жамоатчилиги вакиллари, депутатлар, олим ва экспертларнинг қатор мақола ва интервьюлари эълон қилинди. Ана шу материалларни мос равишда ўзбек, қирғиз ва рус тилларига таржима қилиб, кенг оммага етказиш зарур. 

Учинчидан, жорий йилда икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади. Шу муносабат билан, ушбу сана доирасида ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирларни кенг жамоатчилик вакиллари, хусусан, тадбиркорлар, зиёлилар, нуронийлар, ёшлар иштирокида юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятларни ишга солиш зарур. Бу эса Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигига янги суръат бахш этиш билан бирга, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришга хизмат қилади. 

Давра суҳбати доирасида, шунингдек, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланиб, нашр этилган “Қирғиз Республикаси парламенти” тўплами тақдимоти ўтказилди. Тақдимотда Жогорку Кенешнинг конституциявий асослари, парламент Регламенти тўғрисидаги қонун, Жогорку Кенешнинг  қўмиталари, фракциялари ва бошқа таркибий тузилмалари, парламентлараро комиссия ва дўстлик гуруҳи аъзолари ҳақида маълумот берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларининг кейинги босқичида миллий парламент олдида турган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930