Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Парламент комиссиясининг йиғилишида Омбудсманлар ахбороти тингланди

Парламент комиссиясининг йиғилишида Омбудсманлар ахбороти тингланди


Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Парламент комиссияси раиси, академик Акмал Саидов йиғилишни очар экан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури” ва уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” билан белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда Олий Мажлис палаталари, Парламент комиссияси, омбудсманлар фаол иштирок этишлари лозимлигини таъкидлади.
Шундан сўнг кун тартиби бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича Феруза Эшматованинг ахбороти тингланди.


Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова ўтган 2022 йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошганини қайд этди.
Қайд этилдики, Омбудсман ўз фаолиятини амалга оширишда, энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилаётгани ҳақидаги мурожаатларини таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисидаги ахборотларни ўрганиш, қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси натижасида Омбудсман хулосаларини тақдим этиш, ишлаб чиқилган ва муҳокамага қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни киритиш, қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган халқаро ҳужжатларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.
Ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17 761 (2021 йилда 18 738) та мурожаат келиб тушган. Жумладан, уларнинг 14 526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, 3235 таси жазони ижро этиш муассасаларидан юборилган.
Ҳудудлар кесимидаги таҳлилларга кўра, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларидан келиб тушган.
2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга таъсир чоралари шаклидаги 134 та ҳужжат, хусусан, давлат органлари, ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризаси киритилган. Эътиборлиси, ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.
Комиссия аъзолари Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича тақдим этилган ахборотни тинглар экан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини эътироф этишди. Чунончи, 2022 йилда ўтказилган мониторинг ташрифлари сони 381 (2021 йилда 177)тани ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошгани, бу жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, ўтган йил давомида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3 235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.
Омбудсман сўровига асосан прокуратура органлари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида 43 (2021 йилда 32)та қарор барвақт қабул қилинганлиги аниқланган.
Ушбу қарорлар бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланган.
Кейинги маърузада Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) Алия Юнусованинг ахбороти тингланди.

Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири саналади.
2022 йилда Болалар омбудсмани номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг, шунингдек, болаларнинг қонуний вакиллари томонидан 696 та, шу жумладан, шахсий қабулда 275, почта ва Омбудсманнинг виртуал қабулхонаси орқали 386, “Ишонч телефони” орқали 35 та мурожаат келиб тушган.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болаларни юртимизга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 2022 йил давомида Россиядан 37, Қозоғистондан 4, Туркия давлатидан 2, жами 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган.
2022 йилда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар 11 549 нафарни ташкил қилган. Ушбу болаларнинг 11 162 нафари (96,7 фоиз) оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилган (9 010 нафарига васийлик-ҳомийлик белгиланган, 2 024 нафари оилаларга тарбияга берилган, 128 нафари болалар тарбия муассасаларига жойлаштирилган). Қолган 387 нафарини (3,3 фоизи) оилаларга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. 652 нафар боланинг ота-онаси ота-оналик ҳуқуқини суистеъмол қилганликлари, болаларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортганликлари учун ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган.
Йиғилишда, шунингдек, Парламент комиссияси аъзоларига Омбудсманларнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.
Парламент комиссияси йиғилишида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ҳам иштирок этди ва қуйидаги таклифларни илгари сурди:
биринчи, пенсия ёшидан ўтганлар дунёда, шу жумладан, юртимизда ҳам аҳолининг 12 фоизини ташкил этмоқда. 2050 йилга бориб жаҳон миқёсида бу кўрсаткич 25 фоизга етиши мутахассислар томонидан прогноз қилинмоқда. Янги Ўзбекистонда болалар, ёшлар, аёллар, ногиронлиги бўлган шахслар қатори кексаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, уларни ҳар томонлама эъзозлаш ва эҳтиром кўрсатишга давлат сиёсати даражасида алоҳида аҳамият берилмоқда.
Эътиборли жиҳати, “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури” лойиҳасида кексаларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш орқали 3 миллиондан ортиқ кекса авлод вакилларига ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг кафолатли ижтимоий ва моддий таъминотини ташкил этиш, уларга тиббий, ижтимоий, таълим, маданият, спорт ва транспорт тизимларидан кенг фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш каби кўплаб масалалар ўз ифодасини топадиган “Кексаларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланмоқда.
Шунга кўра ҳамда ҳозирда Ўзбекистон дунё ҳамжамиятида глобал миқёсдаги амалий ташаббус ва таклифларни илгари сурувчи мамлакат сифатида эътироф этилаётганини, жумладан, Президентимиз томонидан билдирилган ташаббуслар халқаро даражадаги ҳужжатлар шаклида қабул қилинаётганини инобатга олиб, ҳозиргача мавжуд бўлмаган халқаро ҳужжат – БМТ шафелигида “Кексалар ҳуқуқлари тўғрисида” халқаро Конвенцияни қабул қилиш ташаббусини илгари суришни таклиф этди;
иккинчи, республика миқёсида мурожаатларни улар муаллифларининг (шунингдек, қонуний манфаатини кўзлаб ёзилган шахсларнинг) ёши кесимида ҳам таҳлил қилиш ҳамда фуқароларда мурожаат қилиш маданиятини оширишнинг самарали ва таъсирчан чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда татбиқ этишни таклиф қилди;
учинчи, мурожаатлар сони сунъий ошишига йўл қўймаслик, бу орқали давлат органлари ва ташкилотларида ортиқча қоғозбозликнинг олдини олиш ҳамда уларнинг вақтини тежаш мақсадида мурожаатларни унинг шакли, тури, тааллуқлилиги, тегишлилиги ва бошқа жиҳатлари бўйича сунъий интеллект ёрдамида тақсимлайдиган, шунингдек, мурожаатлар сони, ҳолати ва ҳисобини республика ва ҳар бир ҳудуд, давлат органи ва ташкилоти кесимида, ўз навбатида, горизонтал ва вертикал тарзда юритиш имконияти таъминланган “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари Ягона платформаси”ни яратиш вақти келганлигига эътибор қаратди.
Йиғилиш якунида комиссия аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) фаолиятларини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди, кўриб чиқилган масалалар юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930