Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишда давлат органлари ва  фуқаролик жамияти  институтларининг ўзаро ҳамкорлиги


Кеча “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” ННТ томонидан “Давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ҳамкорлиги ва маҳкумларни ижтимоийлаштириш” лойиҳаси доирасида Германия халқ университетлари ассоциацияси (DVV)нинг Ўзбекистондаги филиали, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Европа Иттифоқи ҳамда Германия иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт Федерал вазирлиги (BMZ) ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни очилиш қисмида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” ННТ директори Сайёра Ходжаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шухрат Бафаев, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова кириш сўзлари билан қатнашишди.

Лойиҳанинг мақсади фуқаролик жамияти институтларининг аҳолининг заиф гуруҳлари – судланган ва жазони ижро этиш жойларидан қайтган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқларини давлат органлари билан ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик ўрнатиш ва мақсадли гуруҳларга мослаштирилган хизматларни тақдим этиш орқали ҳимоя қилиш салоҳиятини кучайтириш эканлиги ташкилотчилар томонидан таъкидланди.

Қайд этилганидек, ўтказилаётган мазкур учрашув Лойиҳани амалга оширишдаги оралиқ натижаларни тақдимот қилиш, маҳкумларни қайта ижтимоийлаштириш бўйича Германия тажрибаси билан ўртоқлашиш, пенитенциар тизим билан ишлашда фуқаролик сектори вакиллари дуч келадиган муаммоларни кўриб чиқиш, тадбирлар учун эҳтимолий бўлган ғояларни муҳокама қилиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадларини ўз олдига қўйган.

Тадбирнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар ва қайта ижтимоийлашув масалалари” номли сессияси DVVнинг Ўзбекистондаги филиали Лойиҳа координатори Артем Гороховнинг Лойиҳа доирасида бажарилган ишлар тақдимоти билан бошланди.

Шундан сўнг, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов “Жазони ижро этишга доир Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги ўзгартиришлар – фуқаролик жамияти ва давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишлари” мавзусида маъруза қилди.

У ўз сўзида сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ташкилий-амалий ва ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, миллий қонунчилигимизни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга оид ишлар қамрови ҳам тобора кенгайиб бораётгани масалаларига тўхталди.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш доирасида 2023 йил 15 февралда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қабул қилинган Қонун билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг умумий меҳнат стажига ишланган ҳамда ижтимоий солиқ тўланган даврни қўшиб ҳисоблашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, жиноят-ижроия қонунчилигига маҳкумларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазо турларининг қўлланилишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги нормалар, шунингдек маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи мезонлар ҳам назарда тутилганлигига эътибор қаратди.

Тадбир бугун давом этади.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930