Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлида

Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлида


2023 йил 27 март куни Аёллар тадбиркорлиги бўйича миллий режалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Унда “Women and Girls Empowered” (WAGE) — Марказий Осиёдаги аёлларнинг иқтисодий фаолиятда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида мамлакат ва минтақа даражасида аёллар ташкилотлари уюшмаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг қамровли минтақавий дастурининг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқот натижалари тақдимоти бўлди.

Дастурнинг асосий мақсади фуқаролик жамияти институтлари, хусусий сектор, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларидаги аёллар бизнес бирлашмалари салоҳиятини кучайтириш, аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва имкониятларини қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва мавжуд дастурлар самарадорлигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш ва гендер асосидаги зўравонликка қарши курашишдан иборат.

Давра суҳбати Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг миллий кун тартиби ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, ОАВ, блогерлар/инфлюен-серларнинг ушбу кампаниядаги ролини муҳокама қилиш, эксперт-мутахассисларнинг бу борадаги фикрларини ўрганиш мақсадида ташкил этилгани ташкилотчилар томонидан қайд этилди.

Очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар халқаро ассоциацияси раиси Гулнора Махмудова, дастурлаш менежери, Умумий манфаатларни қидириш дастури (Search of Common Ground) менежери Акром Хайдаров, Британия менежмент университети Карьера ва корпоратив муносабатлар маркази директори Камола Азимова кириш сўзлари билан қатнашишди.

Жумладан, Ф.Отахонов Янги Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири экани, ҳозирда аёлларимиз ҳаётнинг барча жабҳалари, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳаларда фаоллик кўрсатиб келишаётгани, давлатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар таъминланаётганини эътироф этди.

Шунингдек, мисолларга тўхталиб, 2022 йилда аёллар тадбиркорлиги учун 4 триллиондан ортиқ маблағ ажратилгани, сўнгги 5 йил ичида тадбиркорлик йўналишида 42 та, шу жумладан, 10 дан ортиқ айнан хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, ўз меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун касб-ҳунар ва тадбиркорликни ўрганиш иштиёқида бўлган 388 874 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитилгани ва бунинг учун 12 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилгани ҳақида сўз юритди.

Ўз навбатида, аёллар тадбиркорлигининг аҳамиятига эътибор қаратиб, бу Ўзбекистонда аҳоли умумий сонининг 48 фоизини ташкил этаётган меҳнатга лаёқатли аёлларга:

биринчидан, иқтисодий жараёнларда иштирок этиш, етакчи, ихтирочи, янгиликка интилувчи ва ишбилармон аёлларга иқтисодий ўсиш ва янги ғояларни ҳаётга татбиқ қилиш имкониятини беришини;

иккинчидан, аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш ва ўз ҳаётларидан рози бўлиб яшашларига кўмаклашишга хизмат қилишини;

учинчидан, аёллар тадбиркорлигининг қонунчилик асосларини янада такомиллаштириш бўйича асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишга замин яратишини;

тўртинчидан, гендер тенглиги таъминланишига хизмат қилишини;

бешинчидан, оилада аёлларни камситиш, маиший зўравонлик иллатларининг олдини олишини;

олтинчидан, тадбиркор аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, уларга ҳар томонлама кўмаклашишни мақсад қилган нодавлат-нотижорат ташкилотлар сонини кўпайтириш орқали уларнинг мамлакатда ва халқаро миқёсда ўзларини намоён қилишга шароит яратишини;


еттинчидан, Ўзбекистоннинг “Аёллар тадбиркорлиги глобал Индекси”га аъзо-давлатлар қаторида юртимизда аёллар тадбиркорлиги ривожи ва истиқболлари йўлидаги саъй-ҳаракатлар ривожланган мамлакатлар стандартлари асосида олиб борилишини, энг асосийси, аёллар тадбиркорлиги ривожининг сифатини 3 та асосий омил: тадбиркорлик муҳити, тадбиркорлик экотизими ва аёлларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиш истаклари белгилашини таъкидлади.

Сўз олганлар қайд этганидек, Марказий Осиё мамлакатларида аёлларнинг иқтисодиётдаги иштирокини чегаралайдиган ҳуқуқий ва ижтимоий тўсиқларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида аёллар тадбиркорлик бирлашмалари ва жамоат ташкилотларини бирлаштирган минтақавий дастур 2021 йил апрель ойидан бошлаб фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда мазкур дастур 2022 йил бошидан Британия менежмент университети ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон Республикасида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича Эксперт кенгаши тузилди. Айни пайтда Ўзбекистон Экспертлар кенгаши таркибига 27 та ташкилот, хусусан, тадбиркорлик бирлашмалари (шу жумладан, тадбиркор аёллар уюшмалари вакиллари), фуқаролик жамияти институтлари, илмий муассасалар ва таҳлил марказлари вакиллари киради.

Эксперт кенгаши аъзолари мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 700 нафарга яқин хотин-қизлар билан маслаҳат учрашувлари ўтказди. Натижаларига кўра, Экспертлар кенгаши томонидан Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигининг миллий кун тартиби ишлаб чиқилди ва тадқиқот жараёнида тадбиркор аёллар томонидан аниқланган тўсиқларни бартараф этиш бўйича тавсиялар шакллантиришнинг 4 та: тадбиркор аёллар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш; уларнинг молиялаштириш имкониятлари; аёллар ва қизларнинг бизнес ва ахборот-коммуникация технологиялари (IT) бўйича кўникма, билим ва хабардорлигини ривожлантириш стратегиясини такомиллаштириш; гендерга асосланган зўравонликка барҳам бериш каби устувор йўналишлар белгиланган.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой бўлди.

 



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031