Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Юридик хизмат тизими ва тузилиши

Ф.Отахонов. Юридик хизмат тизими ва тузилиши


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори
  юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

3-МАВЗУ

ЮРИДИК ХИЗМАТ ТИЗИМИ ВА ТУЗИЛИШИ

 

Мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш шароитида юридик хизмат тизими ва тузилишини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади. Айниқса, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ҳуқуқий ишларнинг самарадорлигини ошириш мустақил давлатимизда инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш вазифаси билан чамбарчас боғлиқдир. Бу муҳим вазифани амалга оширишда бошқа органлар билан бир қаторда, юридик хизматнинг аҳамияти беқиёсдир.

Бизга маълумки, сўнгги йилларда юрист, айниқса, тадбиркорлик субъектларида, шу жумладан, хусусий корхоналарда юрисконсульт лавозими тобора оммавийлашиб бормоқда. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, юридик хизмат давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг энг муҳим фаолият турларидан бири бўлиб, ушбу хизматсиз уларнинг самарали фаолият кўрсатиши қийин. 

Маълумки, юридик хизмат давлат ҳокимияти ва бошқарувининг барча бўғинларида (парламент, ҳукумат, вазирлик, давлат қўмитаси, агентлик, ҳокимлик ва бошқаларда), хўжалик бошқаруви органлари (компания, уюшмаларда ва ҳоказо), хўжалик юритувчи субъектларда (корхона, муассаса, ташкилотларда) ҳам мавжуд. Бироқ, давлат ҳокимиятининг олий органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятидаги ҳуқуқий ишлар хусусиятлари, ҳажми ва йўналишлари бир-биридан муайян даражада фарқ қилади. Чунончи, иқтисодиётнинг турли соҳаларида ҳуқуқий ишлар хусусиятлари, ҳажми ва йўналишлари турличадир. Шу сабабли, турли давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятининг моҳиятини аниқлашда, ушбу масалага тизимли ёндашиш муҳим аҳамиятга эга. 

Юридик адабиётларда юридик хизмат кўрсатиш фаолияти билан боғлиқ масалалар,  аксарият ҳолларда, халқ хўжалигида ҳуқуқий ишларнинг асосий йўналишлари бўйича ёритиб берилган. Бу ҳолат шу билан изоҳланадики, қайд этилган гуруҳга мансуб юридик хизмат субъектлари фаолиятининг асосий вазифаси бевосита иқтисодиётда тартиб ўрнатишга қаратилгандир. 

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида рўй бераётган ўзгаришлар, айниқса, парламентнинг ислоҳ қилиниши, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ваколатларининг аниқ белгилаб қўйилиши, давлат бошқарувида маъмурий ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши юридик хизмат тизимида ҳам муайян таркибий янгиланишларни амалга оширилишини тақозо этмоқда. Шу сабабли, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шунингдек хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини ташкил қилиш борасидаги ўзгаришлар оқибатида уларнинг юридик хизмати  ҳам бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилмоқда. 

Шу сабабли турли давлат органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятининг мазмун-моҳиятини аниқлаш учун ушбу масалага тизимли ёндашиш талаб этилади. Айнан тизимлилик фан предметини ўрганишнинг усулларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Юридик хизмат тузилиши, ҳуқуқий мақоми ва фаолияти асосий йўналишларининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тизимдан иборат: а) давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органларининг юридик хизмати;  б) давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг юридик хизмати; в) вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларининг юридик хизмати;
г) хўжалик юритувчи субъектлар (корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар) юридик хизмати.

Хусусан, мустақил давлатимизда қонунчилик ҳокимиятининг роли ва таъсирини кучайтириш мақсадида икки палатали, яъни Қонунчилик палатаси ва Сенатдан иборат бўлган Парламент шакллантирилган, бозор ислоҳотларининг талабларига мувофиқ иқтисодиётни бошқаришни янада эркинлаштириш, хўжалик бирлашмалари фаолиятини ташкил қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида хўжалик бошқарув органларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари, асосий вазифалари ва функциялари қонун ҳужжатларида белгиланган, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ва амалиётда корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларни хўжалик юритувчи субъект сифатида умумий ном билан юритиш одатий ҳолга айланган. 

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари   юридик хизмати деганда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг юридик хизмати тушунилади.

Қорақалпоғистон Республикасида эса  давлат ҳокимияти ва бошқаруви Олий органлари – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши юридик хизмати тушунилади. 

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви олий органлари   юридик хизматининг вазифалари, функциялари, ҳуқуқ ва масъулияти мазкур органлар томонидан тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан  белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси юридик хизмати«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, унинг органлари ва депутатлар фаолиятига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони томонидан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Юридик бошқармаси Қонунчилик палатаси Девони таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармасининг асосий вазифалари ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг 2021 йил 19 январдаги 709-IV-сон Қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Девони тўғрисида»ги Низомда белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Юридик бошқармаси 11 та ходимдан иборат бўлиб, унда бошқарма бошлиғи, унинг ўринбосари ҳамда ходимлари фаолият юритади. Юридик бошқарма таркибида Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги қонунчилик сектори, Ижтимоий масалалар соҳасидаги қонунчилик сектори, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик сектори, Иқтисодиёт соҳасидаги қонунчилик сектори ташкил қилинган.   

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг юридик хизмати.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, унинг органлари ҳамда Сенат аъзолари фаолиятига хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Юридик бошқармаси Сенат Девони таркибига киради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати юридик хизматининг асосий вазифалари ва функциялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил
 11 ноябрдаги КҚ-155–IV-сонли Қарори билан тасдиқланган
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Девони тўғрисида»ги Низомда ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Юридик бошқармаси 9 нафар ходимдан иборат бўлиб, унда бошқарма бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари ҳамда бошқарма ходимлари фаолият юритадилар. Улар Сенат Раиси томонидан лавозимига тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади. Юридик бошқарма ходимларининг меҳнат муносабатлари Сенат ваколатлари муддатига боғлиқ бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик хизмати. 

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги (янги таҳрири) Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг аппарати Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва баённома жиҳатдан таъминлашни, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашни, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилган «йўл хариталарини», жадвалларни, ҳаракатлар дастурларини, амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг ва унинг таркибий бўлинмаларининг иш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тегишли низомлар билан белгиланади. Вазирлар Маҳакамасида унинг фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш функцияси амалга ошириш учун Юридик таъминлаш бошқармаси ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 мартдаги 212-сон қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Юридик таъминлаш бошқармаси тўғрисида»ги Низом тасдиқланган. Низомда Юридик таъминлаш бошқармаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро шартномалар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва ҳуқуқий жиҳатдан ишлаб чиқиш, шунингдек, ишлаб чиқилаётган лойиҳалар ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш фаолиятини таъминлайдиган таркибий бўлинмаси ҳисобланиши белгиланган.

 Юридик таъминлаш бошқармаси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раҳбарлигида амалга оширади. Бошқарма Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисига бўйсунади. Бошқарма фаолияти Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари томонидан мувофиқлаштирилади.

Юридик таъминлаш бошқармасининг тузилмаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 мартдаги 137-сон қарори билан тасдиқланган бўлиб, унга кўра Юридик таъминлаш бошқармаси 2 та бўлим ва 14 та ходимдан иборат. Унда бошқарма бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари (интеллектуал мулк ва давлат хизматлари соҳасида қонун ҳужжатлари масалалари); Ҳуқуқий экспертиза бўлимида бўлим мудири, тадбиркорлик, банк ва молия фаолияти, хусусийлаштириш ва рақобатни ривожлантириш, солиқ ва божхона соҳаларидаги қонун ҳужжат-лари масалалари бўйича бош мутахассис, инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият, қурилиш, транспорт ва коммунал хўжалик соҳаларидаги қонун ҳужжатлари масалалари бўйича бош мутахассис, меҳнат ва ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги қонун ҳужжатлари масалалари бўйича бош мутахассис, давлат бошқаруви, маъмурий ва жиноят қонунчилиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш масалалари бўйича бош мутахассис, таълим ва илм-фан, маданият ва ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги қонун ҳужжатлари масалалари бўйича бош мутахассис, экология ва табиатдан фойдаланиш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги қонун ҳужжатлари масалалари бўйича бош мутахассис; Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўлимида бўлим мудири; иқтисодий, молиявий ва пул-кредит соҳаларида тартибга солиш таъсирини баҳолаш масалалари бўйича бош мутахассис, тартибга солишнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш масалалари бўйича бош мутахассис, тартибга солишнинг ижтимоий соҳага ҳамда экология ва атроф муҳитга таъсирини баҳолаш масалалари бўйича бош мутахассис ҳамда инспектор фаолият кўрсатади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши юридик хизмати.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси юридик хизмати Юридик бўлими деб номланган бўлиб, унинг Аппарати таркибига киради. Бўлимнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2021 йил 7 январдаги 224-сонли Қарори билан тасдиқланган «Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати тўғрисида Низом»да белгилаб қўйилган. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Юридик бўлимининг функциялари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари юридик бошқармалари функцияларига ўхшашдир. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Юридик бўлими 3 та ходимдан иборат бўлиб, унда бўлим бошлиғи, бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт фаолият юритади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши таркибий бўлинмаси сифатида Юридик хизмат ташкил қилинган бўлиб, у бевосита Вазирлар Кенгаши Раисига бўйсунади. Юридик хизмат 2 та ходимдан иборат бўлиб, унда Юридик хизмат бошлиғи ва бош юрисконсульт фаолият юритади.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг юридик хизмати.

Жамият ҳаётининг барча жабҳаларини эркинлаштириш ва ислоҳ қилишнинг ҳозирги босқичи талабларига мувофиқ иқтисодиётни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, давлат тузилмаларининг ҳокимият ваколатларини қисқартириш, давлат ва хўжалик бошқаруви вазифаларини аниқ чегаралаб қўйиш, шунингдек республика давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 2003 йил 9 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»[1]ги ПФ-3350-сон Фармони қабул қилинган. Фармонга мувофиқ вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари (марказлар, инспекциялар) республика давлат бошқаруви органлари ҳисобланади.

Республика давлат бошқаруви органларининг асосий вазифалари ва функцияларига қуйидагилар киради: Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалда рўёбга чиқарилишини, уларнинг ижроси устидан таъсирчан назорат амалга оширилишини таъминлаш; ташқи ва ички сиёсатни амалга ошириш, давлатнинг ташқи ва ички хавфсизлигини таъминлаш; мамлакатни стратегик ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, давлатнинг мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишни ташкил қилиш, иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқариш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш; инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини, аҳолининг таълим, тиббий хизмат, ижтимоий таъминотга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, меҳнат бозорини тартибга солиш, ижтимоий соҳада умумдавлат бошқарув тизими фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириш; тегишли ҳуқуқий муҳитни яратиш, лицензиялаш, сертификатлаштириш ва стандартлаштириш орқали хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш; солиқлар, божхона тўловларини йиғиш, давлат даромадларини тақсимлаш йўли билан хазинага оид вазифаларни амалга ошириш[2].

Бозор ислоҳотларининг ҳозирги босқичи талабларига мувофиқ иқтисодиётни бошқаришни янада эркинлаштириш, маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, корпоратив бошқаруви меъёр ва тамойилларини кенг жорий этиш, хўжалик бирлашмаларини унификациялаш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида 2003 йил 22 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида»[3]ги ПФ-3366-сон Фармони қабул қилинган. Фармонга мувофиқ қуйидаги асосий ташкилий-ҳуқуқий шаклларда ташкил этиладиган хўжалик бирлашмалари хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади: таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари; муассис-корхоналар томонидан улар фаолиятига кўмаклашиш учун муассис-корхоналарнинг акциялари пакетларини бошқариш ҳуқуқисиз айрим умумий вазифаларни уларга топшириш йўли билан ихтиёрийлик асосида ташкил қилинадиган уюшмалар.

Республика хўжалик бошқарув органлари жумласига –  “Ўздонмаҳсулот”, "Ўзавтосаноат", "Ўзкимёсаноат" "Ўзэлтехсаноат",  "Дори-дармон" акциядорлик компаниялари, «Ўзбекозиқовқатзахира»«Ўзтўқимачи-ликсаноат», «Ўзсаноатқурилишматериаллари»,  «Ўзбекипаксаноат», «Ўзёғ-мой-саноат», «Ўзбекзаргарсаноати», «Ўзбекистон асаларичилари» уюшма-лари ва бошқалар киради[4]

Бошқарув органлари фаолиятида қонунчиликни таъминлаш, тармоқдаги ҳуқуқий ишлар аҳволини яхшилаш мақсадида кўпчилик вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва бошқа органларда юридик хизмат ташкил этилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида – Шартнома-ҳуқуқ департаменти[5], Қишлоқ хўжалиги вазирлиги[6], Сув хўжалиги вазирлиги[7], Давлат солиқ қўмитаси – Юридик бошқарма[8], Давлат божхона қўмитасида[9] – Юридик бўлим, Қурилиш вазирлигида[10] – Юридик бюро тузилган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада[11] – бош юрисконсульт лавозими штат жадвалида назарда тутилган. Шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари тузилмасида ҳам юридик хизмат ходимлари лавозими штатлар жадвалига киритилган.

Юқорида қайд этилган барча органларнинг юридик хизмати томонидан олиб бориладиган вазифалар амалга ошириш доираси бўйича иккита гуруҳга бўлинади. Биринчиси – юридик хизмат вазифаларини бевосита бошқарув органининг марказий (ижроия, ишчи) аппаратида амалга ошириш,   иккинчиси – бошқарув органига бўйсунувчи ёки таркибига кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматига раҳбарлик қилиш. 

Вилоят, шаҳар, туман ҳокимликларининг  юридик хизмати.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида ҳуқуқий ишларни амалга ошириш учун юридик хизмат ташкил қилинади. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ-2691-сонли «Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»[12]ги Қарорига мувофиқ вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг   Намунавий тузилмаларида – юридик хизмат (бошлиқ ва бош юрисконсульт), барча шаҳарлар ҳамда туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратининг  Намунавий тузилмаларида эса – бош юрисконсульт лавозими назарда тутилган ва улар бевосита ҳокимга бўйсуниши белгилаб қўйилган. Бу эса ўз навбатида юридик хизматнинг вилоят, туман, шаҳарлар ҳокимликлари фаолиятида  тутган ўрни ва мавқеини оширишга хизмат қилмоқда.

Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин ўтган давр мобайнида мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Натижада, ташкилий ҳуқуқий шакли акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамият, қўшимча масъулиятли жамият, хусусий корхона ҳамда хўжалик ширкатлари, фермер хўжаликлари кўринишида бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг сони бир неча минг бараварга кўпайди. Уларнинг фаолиятида қонунчиликни таъминлаш, шартнома ва меҳнат интизомига риоя қилиш устидан назорат қилиш, мулкни сақлашни ҳуқуқий воситалар орқали таъминлаш, мансабдор шахслар ва мутахассисларнинг ҳуқуқий савиясини кўтариш ҳамда бошқа ҳуқуқий ишларни амалга оширишда юридик хизматнинг роли муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Хўжалик юритувчи субъектлар (корхоналар) юридик хизматини ташкил қилиш ва фаолиятининг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августдаги «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»[13]ги Қонуни ва ички низомларда белгилаб қўйилган.

Хўжалик юритувчи субъектларда амалга ошириладиган ҳуқуқий ишларнинг салмоғи, ходимларнинг, таркибий тузилмаларнинг сони ва бошқа мезонларга кўра юридик хизмат – юридик департамент, юридик бошқарма, юридик бўлим, юридик бюро шаклларида мустақил таркибий тузилма сифатида ёки бош юрисконсульт, етакчи юрисконсульт, катта юрисконсульт, юрисконсульт  лавозимларини штатлар жадвалига киритиш орқали ташкил қилинади. 

 

 


[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-3350-сон Фармони // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. – 2003. – № 23. – 229-модда.

[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги “Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-3350-сон Фармони // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. – 2003. –№ 23. – 229-модда.

[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 22 декабрдаги “Хўжалик бошқарув органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3366-сон Фармони // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами. – 2003. – № 24. – 236-модда.

[4] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати портали// https://gov.uz/uz/organizations/kind/economic.

[5] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги
 ПҚ-3654-сонли Қарори //Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.04.2018 й., 07/18/3654/1024-сон. 

[6]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3671-сонли Қарори //Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2018 й., 07/18/3671/1085-сон.

[7]Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3672-сонли Қарори //Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2018 й., 07/18/3672/1086-сон. 

[8] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6098-сонли Фаромони // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.10.2020 й., 06/20/6098/1432-сон.

[9] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3665-сонли Қарори //Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 13.04.2018 й., 07/18/3665/1071-сон.

[10] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3646-сонли Қарори Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 02.04.2018 й., 07/18/3646/0981-сон.

[11] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3668-сонли Қарори // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.04.2018 й., 07/18/3668/1080-сон.

[12] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3374-сонли қарори таҳририда // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 04.11.2017 й., 07/17/3374/0208-сон; Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5497-сонли Фармони таҳририда // Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 01.08.2018 й., 06/18/5497/1604-сон.

 

[13] Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни //  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси.              – 1998. –№ 9. – 170-модда. 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930