Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари

Ф.Отахонов. Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишлари


Ф.Х. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори,
 юридик фанлар доктори, профессор в.б.

 

7-МАВЗУ

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР ЮРИДИК ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

 

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, айниқса, улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ўз навбатида хўжалик юритувчи субъектларда амалга ошириладиган ҳуқуқий ишлар самарадорлигини оширишни ва улардаги юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишларини аниқ белгилашни тақозо этмоқда. 

Ҳуқуқшунос олимлар ва амалиётчилар хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларини аниқлашга турлича ёндашмоқдалар. Хусусан, А.Чашин томонидан ёзилган «Россия Федерациясида юридик хизмат» ўқув қўлланмасининг махсус қисмида юридик хизмат бевосита иштирок этадиган қуйидаги саккизта йўналиш ёритилган: 1) шартнома компанияси; 2) даъво ишлари ва судда вакиллик;
 3) корхона жамоат ташкилотларига юридик ёрдам кўрсатиш; 4) талабнома ва даъво ишларининг таҳлили; 5) юридик хизматнинг қонунийликни таъминлаш бўйича фаолияти; 6) локал норма ижодкорлиги; 7) меҳнат қонунчилигига риоя қилишни таъминлаш; 8) юридик хизматнинг юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқишни таъминлаш бўйича фаолияти .

Фикримизча, бунда юридик хизматнинг фаолият йўналишларини аниқлашда изчиллик, уйғунлик, комплекслилик етишмайди, шунингдек юридик хизматнинг юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқишни таъминлаш бўйича фаолиятини барча хўжалик юритувчи субъектлар бир хилда хос бўлган фаолият қаторига киритиб бўлмайди, натижада юридик хизмат фаолияти йўналишларини яхлит тизимга солишга эришилмаган. 

Мазкур ўқув қўлланмада терминларни қўллашга ҳам бир хилда ёндашилмаган. Масалан, бир жойда – «юридик бўлимнинг шартнома компаниясини ташкил этиш ва кузатиб бориш бўйича ишлари қуйидаги фаолият йўналишларини ўз ичига олади: шартномалар билан ишларни ташкил қилиш бўйича буйруқ лойиҳасини тайёрлашда иштирок этади ва ҳоказо», иккинчи жойда – «юридик хизматнинг талабнома ишларини ташкил қилиш ва юритиш мазмуни қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади: талабнома ишларини юритиш тартиби тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини манфаатдор бўлинмалар билан биргаликда тайёрлаш ва ҳоказо», учинчи жойда – «даъво ишлари жараёни юридик хизмат ходимларининг қуйидаги ҳаракатларини ўз ичига олади: даъво аризаларини тайёрлаш ва ҳоказо» – деб юридик хизматнинг бир қатор функциялари санаб ўтилган. Бу ўз навбатида юридик хизмат «фаолияти», «фаолиятининг асосий йўналишлари», «вазифалари»
 ва «функциялари» тушунчаларининг бир бирига қоришиб кетишига олиб келади ҳамда уларнинг моҳиятини очиб беришни қийинлаштиради.

Л.Лебедев амалиётчи юристларнинг асосий вазифалари ва функцияларини икки кичик гуруҳга, яъни ташкилотнинг ички ва ташқи муносабатларини ҳуқуқий таъминлаш ҳамда шартнома-ҳуқуқий ишлар ва судда юритиладиган ишлар бўйича корпоратив юристнинг ишларига алоҳида тўхталади. У шунингдек амалиётчи юрист «фаолиятининг предмети», «функционал мажбуриятлари доираси» тушунчаларига эътиборни қаратади . 

С.Айзин ва М.Тихомиров юридик хизмат ишларининг йўналишлари сифатида: а) қонунийликнинг бузилишини олдини олиш бўйича ишлар;
 б) корхонанинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар; в) шартнома ишлари; г) ҳуқуқий ихтилофларни ҳал қилишда иштирок этиш кабиларни ёритганлар .

Л. Мась хўжалик юритувчи субъект юридик хизмати фаолиятининг асосий йўналишларига: а) қонунийликни ва корхонанинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар; б) шартномавий ишлар; г) ходимлар томонидан етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ ишлар; д) талабнома-даъво ишларини киритган . Л.Мась томонидан бозор иқтисодиёти шароитида рақобат, шу жумладан ғирром рақобат муҳити ҳам ривожланиб бориши эътиборга олинган ҳолда корхонанинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлашда юридик хизматнинг иштирокига алоҳида урғу берилганлиги диққатга сазовордир, аммо амалдаги қонун ҳужжатларида юридик хизматга бундай вазифа юклатилмаган.

М.Клеандровнинг «Тадбиркорликда юридик хизмат институти» монографиясида юридик хизмат фалиятининг йўналишлари жумласига қуйидагилар киритилган: а) тадбиркорлик тузилмалари фаолиятида қонунийликни таъминлаш; б) тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш; в) шартномавий ишларни ҳуқуқий таъминлаш; г) ички норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллашда юридик хизматнинг роли;
  д) ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий тарбия ишларида юридик хизматнинг роли .

Фикримизча, хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат: 

  1. хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг роли;

2) юридик хизматнинг хўжалик шартномаларини тайёрлаш, тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича ишларда иштироки; 

3) юридик хизматнинг талабнома-даъво ишларини ташкил қилиш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли; 

4) юридик хизмат томонидан мулкни сақлаш бўйича ҳуқуқий таъминлаш ишларини ташкил қилиш; 

5) юридик хизматнинг меҳнат қонунчилигига риоя қилиш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашдаги роли.

Бизнинг юридик хизмат фаолиятини мазкур бешта асосий йўналишларга ажратишимизга сабаб, биринчидан, бу йўналишлар барча хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизмати фаолиятига хослиги; иккинчидан, уларнинг бир-бирини тарорламаслиги, аксинча, бир-бирини тўлдириши, яъни комплекслилиги, уйғунлиги ва изчиллиги; учинчидан, юридик хизматнинг амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган вазифа ва функцияларидан келиб чиққан ҳолда тизимга солинганлигидир. 

 

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда юридик хизматнинг роли

Юридик хизматнинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасидаги ишлари – унинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг бу йўналишдаги фаолияти қуйидаги функцияларни: назорат, ҳуқуқий тарбия, норматив-ҳуқуқий, локал ҳужжатлар ва юридик амалиёт бўйича маълумотнома ишларини олиб бориш орқали амалга оширади.

Юридик хизматнинг назорат функцияси – у бажарадиган вазифалар ҳажми ва ваколат доираси бўйича асосий функция ҳисобланади. 

Юридик хизмат тўғрисидаги қонунчиликнинг ривожланиши унинг қонунийликни таъминлашга қаратилган фаолиятида мустақиллигини кучайтиришга йўналтирилаётганлигини кўрсатмоқда. Натижада юридик хизмат ходимлари нафақат хўжалик юритувчи субъект раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсларга ҳуқуқий масалаларда маслаҳатлар беради, балки қонунийликка риоя қилиш устидан назорат қилиш функциясини ҳам кенг кўламда амалга оширади. 

Юридик хизмат хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига тааллуқли бўлган барча қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шу жумладан, юқори турувчи бошқарув органлари ҳуқуқий ҳужжатлари, хўжалик юритувчи субъектлар локал ҳужжатлари ижроси устидан назоратни олиб боради.

Юридик хизматни назорат функцияси – ички идоравий назоратнинг таркибий қисми ҳисобланиб, у қуйидаги воситалар орқали амалга оширилади:

юридик хизмат хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим қилинаётган буйруқлар ва ҳуқуқий мазмундаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини текширади ва уларга виза қўяди;

хўжалик юритувчи субъектнинг таркибий бўлинмалари раҳбарлари томонидан чиқарилган ҳуқуқий ҳужжатларнинг қонунга мувофиқлиги нуқтаи назаридан текширади ва бундай ҳужжатнинг қонунга зидлиги аниқланса, юридик хизмат томонидан ушбу ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш бўйича тегишли чоралар кўрилади;

хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш, талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

хўжалик юритувчи субъект ва унинг таркибий бўлинмаларида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилинишини ўрганади ва умумлаштиради.

Мансабдор шахслар ва ходимларни ҳуқуқий тарбиялаш хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Юридик адабиётларда ҳуқуқий тарбиянинг қуйидаги асосий шакллари фарқланади: ҳуқуқий таълим (ўқитиш ёки ўқиш); ҳуқуқий тарғибот (оғзаки ва оммавий ахборот воситалари орқали); қонунлар ва юридик амалиётнинг тарбиявий таъсири; ҳуқуқий ташвиқот, ҳуқуқий ахборот бериш, шахсий ҳуқуқий тарбиявий иш. 

Юридик хизматнинг норматив-ҳуқуқий, локал ҳужжатлар ва юридик амалиёт бўйича маълумотнома ишлари бошқарув органлари юридик хизматининг бу борадаги функциясидан қуйидагилар билан фарқланади:

биринчидан, юридик хизмат тегишли соҳага оид эмас, балки фақатгина мазкур хўжалик юритувчи субъект фаолиятига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фондини ташкил қилади;

иккинчидан, хўжалик юритувчи субъектнинг локал ҳужжатлари, яъни унинг таъсис ҳужжатлари (устав, таъсис шартномаси), ички меҳнат тартиби қоидалари, таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомлар ва бошқа ҳужжатларни ҳам тартибли сақланишини ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз вақтида белгилаб боришни таъминлайди.

Хулоса қилиб айтганда, юридик хизматнинг хўжалик юритувчи субъект фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасида олиб борадиган ишлари қонун устунлигини, яъни давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари ҳамда фуқароларнинг Конституция ва қонунларга мувофиқ хатти-ҳаракат қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Хўжалик шартномаларини тайёрлаш, тузиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш бўйича ишларда иштироки

Бизга маълумки, шартномавий муносабатларнинг аниқ ва тушунарли механизмини амалда шакллантириш, шартнома мажбуриятларининг қатъий бажарилиши учун назорат ва масъулиятни кучайтириш устувор йўналиш бўлиб ҳисобланади . 

Шартномавий-ҳуқуқий ишларни ташкил қилиш мураккаб жараён бўлиб, унда деярли хўжалик юритувчи субъектнинг барча таркибий бўлинмалари иштирок этади. Бу борада хўжалик юритувчи субъектларда фаолият кўрсатаётган юридик хизмат муҳим ўрни тутади . 

Хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати: 

а) хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади; 

б) хўжалик шартномалари бажарилиши устидан ўзаро текширувлар ўтказилишини назорат қилади; 

в) хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим этилаётган хўжалик шартномалари лойиҳаларининг ва улар билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини текширади; 

г) тайёрланган хўжалик шартномаси ва у билан боғлиқ ҳуқуқий тусдаги бошқа ҳужжат лойиҳаси қонун ҳужжатлари талабларига мос эмаслиги аниқланган тақдирда, ўз эътирозини асослаган ҳолда уни қўшимча равишда ишлаб чиқиш учун қайтаради; 

д) шартномавий муносабатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишда бевосита иштирок этади .

Хўжалик шартномалари уларни имзолашга тайёрлаш жараёнида хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизмати томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқлиги юзасидан текшириб кўрилиши керак. Шартномаларни уларнинг имзоларисиз тузишга йўл қўйилмайди.

Юридик хизматнинг шартномаларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Чунки, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузиладиган шартномаларни пухта ҳуқуқий экспертизадан ўтказмасдан туриб, унинг лозим даражада бажарилишини таъминлаш мураккаб масаладир. Тарафлар хўжалик шартномаларини тузиш учун хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг ёки жалб этилган адвокатларнинг ёзма хулосасини олишга ҳақли. Хулосада, қоида тариқасида, қуйидагилар кўрсатилади: хўжалик шартномасида кўрсатилган муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солиниши; хўжалик шартномаси шартларининг қонун ҳужжатлари талабларига мос келиш-келмаслиги; тарафларнинг жавобгарлиги меъёри ва низоларни ҳал этиш тартиби қонун ҳужжатлари талабларига мос келиш-келмаслиги .

Юридик хизмат амалиёти бўйича ҳуқуқий экспертизани амалга оширишда энг аввало, қонун талабларига қатъий риоя этишлари зарур, ҳуқуқий манбаларда айрим турдаги битимларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишнинг хусусиятларини ёритишга эътибор берилмоқда .

К.Қодировнинг «юридик хизмат ходими, агар у ҳақиқатдан ҳам малакали ва тажрибали бўлса, шартнома шартларини ўзгартириш ҳақида таклиф киритиши, у ёки бу шартнинг ҳуқуқий оқибатларини тушунтириб бериши, ўзининг таклифларини бериши мумкин. Шартнома - ҳар бир ҳолатда аниқ бир шарт-шароитларни ва тарафларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олган ҳолда ҳар хил тузиладиган ўзига хос ҳужжатдир ва намунавий шартнома шакли ҳеч қачон малакали мутахассиснинг ўрнини боса олмайди» деган фикрига қўшилиш мумкин. Чунки, ҳақиқатан ҳам амалиётда кўпчилик ҳолатларда намунавий шартномаларга ҳеч қандай ўзгартириш ёки аниқликлар киритилмасдан шартномалар тузилади ва бунинг оқибатида иқтисодий низолар келиб чиқади. Айниқса айрим турдаги шартномаларни тузишда юридик хизмат ходимига катта масъулият юкланади.

 

Юридик хизматнинг талабнома-даъво ишларини ташкил қилиш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли 

Хўжалик юритувчи субъектлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий ишларнинг асосий босқичларидан ва шартнома мажбуриятларининг бажарилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг самарали воситаларидан бири талабнома ва даъво ишларини тўғри ва ўз вақтида юритишдир.

Талабнома ва даъво ишлари бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлса-да, ҳар бирининг мустақил роли, вазифалари, аҳамияти ва амалга оширишнинг алоҳида тартиби мавжуд. А.Титиевскийнинг фикрича, талабнома ишлари – бу ташкилот, унинг таркибий бўлинмалари ва ходимларининг талабномаларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш ҳамда бу жараёнда олинган ахборотлардан фойдаланиш бўйича ҳаракатлари йиғиндисидир . 

Талабнома ишларини юритишни тўғри ташкил этиш хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш, хўжалик ва молиявий аҳволини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги иқтисодий муносабатлардан келиб чиқувчи низолар учун қонун ёки шартномада назарда тутилган ҳолларда даъвогар жавобгар билан низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этгандан кейингина иқтисодий судда даъво қўзғатиши мумкин .

Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунининг 17 ва 18-моддаларида талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари белгиланган бўлиб, унга кўра ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект мазкур ҳуқуқ ва манфаатларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан талабнома билдиришга ҳақлидир. Талабнома ёзма шаклда билдирилади. Талабномада қуйидагилар кўрсатилади:
 а) талабнома билдирган хўжалик юритувчи субъектнинг ва талабнома билдирилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг номи; б) талабнома билдирилган сана ва унинг рақами; в) талабнома билдириш учун асос бўлган ҳолатлар; г) талабномада баён этилган ҳолатларни тасдиқловчи далиллар; д) арз қилувчининг талаблари; е) талабнома суммаси ва унинг ҳисоб-китоби, арз қилувчининг тўлов ва почта реквизитлари; ж) талабномага илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати. Талабнома хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан имзоланади. Талабнома буюртма ёки қимматли хат тарзида, телеграф, телетайп орқали, шунингдек талабнома жўнатилганлигини қайд этадиган, қабул қилиб олувчини огоҳлантирадиган бошқа алоқа воситаларидан фойдаланилган ҳолда жўнатилади ёхуд тилхат олиб топширилади.

Ўзига талабнома билдирилган хўжалик юритувчи субъект талабномани олган кундан бошлаб бир ой муддат ичида унга жавоб қайтариши шарт. Талабномага жавоб хўжалик юритувчи субъект раҳбари ёки раҳбарнинг ўринбосари томонидан имзоланади ва муҳр (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланади. Талабнома тўлиқ ёки қисман тан олинган тақдирда хўжалик юритувчи субъект арз қилувчига ўзи тан олган суммани ихтиёрий равишда ўтказади. Агар талабномани тан олиш тўғрисидаги жавобда тан олинган сумма ўтказилиши ҳақида маълумот бўлмаса, талабнома билдирган тараф жавоб олингандан сўнг йигирма кун муддат ўтгач, банк муассасасига қарздор тан олган суммани сўзсиз тартибда ўтказиш тўғрисидаги фармойишни тақдим этишга ҳақли. Фармойишга қарздорнинг жавоби илова қилинади .

Амалдаги қонунга кўра хўжалик юритувчи субъектларнинг юридик хизматига талабнома билдириш ва уни кўриб чиқиш тартибига риоя этилишини назорат қилиш вазифаси юклатилган. Аммо, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан «Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида»ги Низомга мувофиқ юридик хизмат тўғрисидаги ички Низом тасдиқланган ҳолатда юридик хизмат хўжалик юритувчи субъектнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича талабномалар тайёрлашда ва давлат органи ва ташкилотига нисбатан билдирилган талабномаларни кўриб чиқишда иштирок этиши ҳам мумкин.

Демак, хўжалик юритувчи субъектнинг юридик хизмати талабнома ишларини юритишда икки хил шаклда иштирок этишлари мумкин:
 1) талабнома ишларини юритишда иштирок этиш; 2) талабнома ишларини юритишни назорат қилиш. Юридик хизматнинг талабнома ишларини юритишдаги иштироки бевосита ёки билвосита амалга оширилиши мумкин. Агар хўжалик юритувчи субъектда юридик хизмат учун етарли шароитлар (ходимлар сони, моддий-техник базаси ва бошқа таркибий бўлинмалардан тезкор ахборот олиш имконияти) яратилган бўлса, юридик хизмат талабнома ишларини мустақил юритиши ҳам мумкин .

Юридик хизмат томонидан бевосита олиб бориладиган талабнома ишлари ўз ичига қуйидагиларни олади: а) талабномани расмийлаштириш учун керакли бўлган маълумот ва ҳужжатларни йиғиш, талабнома ёзиш ва уни расмийлаштириш ҳамда тегишли хўжалик юритувчи субъектларга юбориш;
 б) хўжалик юритувчи субъектга келиб тушган талабномаларни кўриб чиқиш, улар бўйича керакли ҳужжатларни ўрганиб, талабномани тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ёхуд рад этиш ҳақида хулоса бериш ва жавобни расмийлаштириб, уни жўнатиш; в) юборилган ва келиб тушган талабномалар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириб, уларни таҳлил қилиб, ишлаб чиқариш, хўжалик, молия, ҳисоб-китоб, меҳнат интизомининг бузилиши каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритиш ва чора-тадбирлар белгилаш .

Юридик хизмат томонидан билвосита, яъни талабнома ишлари бошқа таркибий бўлинмалар (бухгалтерия, молия, таъминот, маҳсулотларни реализация қилиш ва ҳоказо) томонидан олиб борилганда юридик хизмат талабнома ишларини юритишда қуйидагича иштирок этади: бошқа бўлинмалардаги талабнома ишларини юритувчи ходимларга иш юритиш тартибини тушунтиради; амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан таништиради; зарур ҳолларда уларни ҳуқуқий тайёргарликдан ўтказади; уларга амалий ёрдам беради; мураккаб масалалар бўйича талабномаларни тайёрлашда уларга зарур маслаҳатлар беради; талабнома лойиҳаларига виза қўяди; тегишли бўлинмалар билан бирга талабнома ишларини юритишни яхшилаш юзасидан хўжалик юритувчи субъект раҳбарига таклифлар киритади.

Юридик хизмат талабнома ишларини юритишни назорат қилишда тегишли таркибий бўлинмалар томонидан талабнома билдириш ва унинг кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини бузилмаслигига алоҳида эътибор қаратади ҳамда унинг салбий оқибатларини олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш учун раҳбариятга маълумот беради.

Иқтисодий низони судгача ҳал қилиш – талабнома юбориш ва унга ўз вақтида жавоб бериш орқали ҳал қилиш ҳар икки тараф учун ҳам фойдали. Бунда, биринчидан, талабнома юборувчи тараф ўзининг бузилган ҳуқуқи ёки қонуний манфаатларини қисқа муддатларда тиклашга эришади; иккинчидан, иқтисодий муносабатларга киришган тарафлар даъво аризасини расмийлаштириш ва уни иқтисодий судга тақдим этиш, иқтисодий судда ишни кўриш жараёнида иштирок этиш ва ҳоказо ҳаракатлар учун сарфланадиган вақт ва харажатларни тежайдилар; учинчидан, давлат божи ва бошқа суд харажатларини тўлашга кетадиган маблағлар, яъни самарасиз сарф-харажатлар олди олинади; тўртинчидан, шартномавий муносабатларга киришган тарафларнинг бири-бирига бўлган ишончи ортади ва ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ортиқча монелик бўлмайди.

Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонунида қайд қилинганидек, даъво ишларини олиб бориш вазифаси юридик хизмат зиммасига юклатилган. «Даъво ишлари – бу ташкилот, унинг таркибий бўлинмалари ва ходимларининг даъво материалларини тайёрлаш ва даъвони тақдим этиш, шунингдек, унга қарши қўзғатилган даъводан ҳимояланиш бўйича ҳаракатлари йиғиндисидир» .

Даъво аризасига қандай ҳужжатларни илова қилиш, улар нусхасининг сони, давлат божи ёки ҳакамлик йиғими миқдори, қайси иқтисодий ёки ҳакамлик судида даъво қўзғатиш ва бошқа масалалар бўйича ишлар юридик хизмат томонидан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси , «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ олиб борилади. Зарур ҳолларда, даъво материалларини тузишда мутахассис иштирок этиши, судда, ҳакамлик суди ёки халқаро тижорат арбитражида унинг қатнашиши тақозо қилинса, юридик хизмат хўжалик юритувчи субъект раҳбари билан келишган ҳолда уларни бу ишга жалб қилиши мумкин.

Юридик адабиётларда иқтисодий судлов ишларида иштирок этадиган юридик хизмат ходимларига муайян талабларни қўйиш мақсадга мувофиқ деган фикрлар билдирилган. Хусусан, К.Лебедев юридик хизмат ходимлари, биринчидан – фуқаролик ва тижорат (тадбиркорлик) ҳуқуқлари бўйича зарур даражада назарий тайёргарликка, қонунчилик бўйича билимга эга бўлишлари; иккинчидан – суд тизимининг ташкилий тузилишини билишлари ва процессуал қонунчиликни эркин эгаллашлари; учинчидан – судда иш юритиш тажрибасига эга бўлишлари лозим деган фикрни илгари сурган . 

Бизнинг фикримизча, юридик хизмат ходимлари суд иш юритуви тартиби ва асосларини мукаммал билиш билан биргаликда уни амалиётга татбиқ этиш қобилиятига эга бўлсагина, уларнинг бу борадаги фаолиятининг самарадорлигини оширишга эришилади . Шунингдек юридик хизмат ходими ҳакамлик муҳокамасида иштирок этиши учун нафақат амалдаги қонун талабларини, балки муайян Ҳакамлик суди қоидаларини (регламенти ва низомини) ҳам диққат билан ўрганиши лозим бўлади, чунки ҳар бир Ҳакамлик судининг ўз қоидалари мавжуд бўлиб, улар ўзига хос хусусиятларга эга . 

Юридик хизмат ходимига даъвогар ёки жавобгарнинг вакили сифатида иқтисодий суд, ҳакамлик суди ёки халқаро тижорат арбитражида ишда иштирок этиши учун хўжалик юритувчи субъект томонидан ишончнома берилиши лозим. Ишончномага хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбари ёки таъсис ҳужжатларида шундай ваколат берилган шахс имзо чекади ва бу имзо хўжалик юритувчи субъектнинг муҳри (мавжуд бўлса) билан тасдиқланади.

Юридик хизмат ходимининг ишда иштирок этувчи тарафларнинг (даъвогар ёки жавобгарнинг) вакили сифатидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 42 ва 63-моддаларида белгилаб қўйилган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат: иш материаллари билан танишиш, улардан кўчирмалар олиш, кўчирма нусха олиш, рад қилиш тўғрисида ариза бериш, далиллар тақдим этиш, далилларни текширишда иштирок этиш, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш (протест келтириш).

 

Юридик хизмат томонидан мулкни сақлаш бўйича ҳуқуқий таъминлаш ишларини ташкил қилиш 

Бозор иқтисодиётига ўтиш кўп жиҳатдан мулкчиликнинг турли шаклларига ҳам боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасида «давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир» - дейилган. Маълумки, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш асосида иқтисодиётда давлат мулки улушини тобора камайтириш жараёни ўзининг самарасини бермоқда. 

Бозор муносабатлари шароитида нафақат давлат мулки, балки бошқа барча шаклдаги мулклар ҳам жамият фаровонлигини оширишнинг иқтисодий манбаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам барча шаклдаги мулкларни ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва кўпайтириш лозим, бу эса ўз навбатида уларнинг сақланишини зарур даражада таъминлашга боғлиқ.

Хўжалик юритувчи субъектлар мулкини ҳуқуқий воситалар билан сақлашни ташкил этишда юридик хизмат муҳим роль ўйнайди. Юридик адабиётларда, жумладан, Б.Пугинский, В.Неверов, А.Чашин, В.Анохин, Л.Мась, М.Клеандров томонидан бу масалага алоҳида эътибор берилган . 

Юридик хизмат мулкни сақлашни ҳуқуқий таъминлаш ишларини қуйидаги шаклларда амалга оширади: мулкни сақлаш масалалари бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини қонунга мувофиқлигини текширади ва уларни тайёрлашда иштирок этади; бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда ўғирлик, камомад ва самарасиз харажатларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароитларини таҳлил қилади ва уларни бартараф қилиш тадбирларини амалга оширади; моддий бойликлар ва пул маблағларини ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ҳужжатлар лойиҳаси ҳамда бузилишлар
 ва суиистеъмолликлар аниқланган аудиторлик текширувлари ва қайта рўйхатга олиш далолатномалари бўйича ҳуқуқий хулосалар беради; хўжалик юритувчи субъектга етказилган зарарларни қоплаш чораларини кўради; дебиторлик қарзларини тугатиш ишларида қатнашади; суд ва тергов органларига жўнатиш учун пул маблағлари ва товар-моддий бойликларнинг камомади ва уларни ўғирлашлар бўйича материалларни расмийлаштиради; мулкни сақлашни таъминлаш бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини ташвиқот қилади.

Юридик хизмат бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда хўжалик юритувчи субъектга келиб тушадиган моддий бойликларни қабул қилишни ташкил қилиш, уларни омбордан ишлаб чиқаришга ўтказиш, ишлаб чиқариш жараёнидаги ҳисобини ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳисобини юритишни; хўжалик юритувчи субъектга моддий зарар етказилган ҳолатлар аниқланганда тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ва муддатларини белгиловчи буйруқ (йўриқнома) лойиҳасини тайёрлайди. Мазкур буйруқда юқоридаги вазифаларни бажариш учун масъул бўлган шахслар аниқ кўрсатилади. Юридик хизмат маҳсулотларни сони ва сифати бўйича қабул қилишни хўжалик шартномасида ва қонунчиликда белгиланган тартибига риоя қилиниши, қабул қилиш далолатномаларини тўғри тузилиши устидан назоратни олиб боради. 

Хўжалик юритувчи субъектда мулкни сақлашни таъминлашда моддий жавобгар шахслар алоҳида роль ўйнайди. Шунинг учун ҳам юридик хизмат бундай лавозимга илгари қасддан жиноят содир қилган ва суд томонидан моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахсларни қабул қилмаслик; моддий жавобгар шахслар билан ўз вақтида тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузиш; ҳар бир моддий жавобгар шахсни лавозими бўйича ҳуқуқлари, мажбуриятлари
 ва жавобгарлиги тўғрисидаги мансаб йўриқномаси билан тилхат орқали мажбурий таништириш; моддий жавобгар шахсларга ҳар йили моддий бойликларни топшириш йўли билан меҳнат таътили бериш чораларини кўришга эътиборини қаратади.

Юридик хизмат хўжалик юритувчи субъектда аниқланган ўғрилик, камомад ва самарасиз харажатлар бўйича материалларни тергов ва суд органларига топшириш билан чекланиб қолмасдан, балки бунга йўл қўйган шахсларни тегишли жазога тортилиши ҳамда етказилган зарарни тўлиқ ва тезроқ ундирилишини таъминлаш чораларини ҳам кўради.

Хўжалик юритувчи субъектларда уларнинг мулкини сақлашни ҳуқуқий таъминлаш, аввало, мулкка бўлган эгалик ҳуқуқини шакллантиришга, мулк эгаси бўлган тадбиркорлар, акциядорлар ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга, қолаверса жиноят ва етказилган зарар учун жазони муқаррарлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Юридик хизматнинг меҳнат қонунчилигига риоя қилиш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашдаги роли

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка амал қилишни таъминлаш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлаш хўжалик юритувчи субъект юридик хизмати бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда амалга оширадиган ҳуқуқий ишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади . Чунки, «меҳнат муносабатларини лозим даражада ҳуқуқий тартибга солиниши», – дейди А.Титиевский, корхонанинг барча хўжалик ва бошқа устав фаолиятининг сифатига жиддий таъсир кўрсатади» . 

Хўжалик юритувчи субъектлар юридик хизматининг бу борадаги асосий ишлари қуйидагилардан иборат: хўжалик юритувчи субъектнинг меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларини – жамоа шартномаси, ички меҳнат тартиби қоидалари, мукофотлаш ва рағбатлантиришлар тўғрисидаги низомларни – ишлаб чиқишда қатнашиш; хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим қилинаётган меҳнат муносабатларига оид буйруқлар ва ҳуқуқий мазмундаги бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини таъминлаш; меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, ишга келмаганлик, кечикиш ва ишлаб чиқаришдаги бошқа тартиб ва интизомни бузганлик учун қонунчиликда кўзда тутилган жавобгарлик чораларини тўғри қўллашда хўжалик юритувчи субъект раҳбари ва мутахассисларга юридик ёрдам кўрсатиш; хўжалик юритувчи субъектда меҳнат ҳақидаги қонунчилик ва корхонани ҳуқуқий тусдаги ҳужжатларини назоратда тутишни тартибли ҳисобга олиш бўйича ишларни ташкил этиш ва амалга ошириш; меҳнат жамоасидаги мавжуд касаба уюшмаси қўмитаси, меҳнат низолари комиссияси ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига ҳуқуқий маслаҳатлар бериш; меҳнат жамоаси аъзоларига меҳнат қонунчилигини тарғиб қилиш ва тушунтириш.

Хўжалик юритувчи субъектда меҳнат қонунчилигини қўллаш масалалари бўйича ҳуқуқий ҳужжатларни юридик хизмат тегишли таркибий бўлинмалар билан ҳамкорликда, айрим ҳолларда мустақил тайёрлайди.

Жамоа шартномаси – хўжалик юритувчи субъектда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи локал ҳужжатдир. Юридик хизмат жамоа шартномалари лойиҳаларини тайёрлаш ва уни тузиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилинишини таъминлаши лозим.

Меҳнат қонунчилигини қўллашда муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатлардан бири Ички меҳнат тартиби қоидалари ҳисобланади. Унда, жумладан, иш берувчи ва ходимнинг меҳнат фаолияти жараёнидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланади. Юридик хизмат хўжалик юритувчи субъектнинг Ички меҳнат тартиби қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этар экан, мазкур хўжалик юритувчи субъект иши хусусиятини иложи борича тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаши керак. Шу мақсадда тегишли таркибий бўлинма мутахассисларини мазкур ҳужжатни тайёрлашга жалб қилиш тўғрисида таклиф киритиши ва Ички меҳнат тартиби қоидалари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилган ҳолда тасдиқланишига эътиборни қаратиши лозим.

Хўжалик юритувчи субъект раҳбарига имзолаш учун тақдим қилинаётган меҳнат муносабатларига оид буйруқлар лойиҳаларининг қонунга мувофиқлигини таъминлаш юридик хизматнинг асосий вазифаларидан биридир. Юридик хизмат бу вазифани бажарар экан, биринчи навбатда, қуйидагиларни аниқлайди: хўжалик юритувчи субъект раҳбари мазкур масала бўйича буйруқ чиқаришга ҳақлими ёки лойиҳада кўзда тутилган масалаларни ҳал қилиш бошқа органларга тегишлими; мазкур лойиҳа касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишишни талаб қиладими; қонун бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тўғри таянилганми ва ҳоказо.

Хўжалик юритувчи субъектнинг деярли ҳар кунлик фаолиятида қабул қилинадиган ҳуқуқий мазмундаги ҳужжатлар – меҳнат шартномасини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқдир. Юридик хизмат меҳнат шартномасини қонун ҳужжатларига мувофиқлигини текшириш жараёнида – унинг ёзма шаклига риоя қилинганлигини; унинг мазмунини ташкил қилувчи шартлар: иш жойи (хўжалик юритувчи субъект ёки унинг бўлинмаси), ходимнинг меҳнат вазифаси-мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим, ишнинг бошланиш куни, меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати, меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари ёритилганлигини кўриб чиқиб, у тўғри расмийлаштирилган бўлса, меҳнат шартномасининг хўжалик юритувчи субъектда сақланадиган нусхасига виза қўяди.

Меҳнат интизомини мустаҳкамлаш-жамоат бойлигининг сармоя сарфлашни талаб қилмай, улкан самара берадиган захирасидир. Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатадики, саноатда иш вақтининг йўқотилишини икки баравар қисқартириб, меҳнат унумдорлигини анча ошириш мумкин. Меҳнат интизомини мустаҳкамлашнинг асосий йўналиш ва услублари қонун ҳужжатларида белгиланган. Улар интизомни мустаҳкамлашга комплекс ёндашишни, интизомни бузиш ҳисобини такомиллаштиришни, хўжалик юритувчи субъектлар ва уларнинг бўлинмалари раҳбарларининг интизом аҳволи учун жавобгарлигини оширишни, интизомни бузувчиларга муросасозлик билан ёндашиш фактларини йўқотишни, бу мақсадларда амалдаги қонунчилик меъёрларидан самарали фойдаланишни, сидқидилдан қилинган меҳнат учун моддий ва маънавий рағбатлантириш чораларини кенг қўллашни, меҳнат жамоалари ва жамоатчилик ташкилотлари ролини оширишни, уларнинг ҳуқуқларидан самарали фойдаланишни ўз ичига олади. Ушбу йўналишларнинг ҳар бири бўйича ишларни ташкил этиш ҳуқуқий воситалардан кенг фойдаланишни тақозо этади.

Юридик хизмат хўжалик юритувчи субъектда меҳнат интизомини мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий воситалардан фойдаланиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади. Бунинг учун юридик хизмат кадрлар бўлими билан ҳамкорликда иложи борича жамоат ташкилотлари иштирокида хўжалик юритувчи субъект бўйича меҳнат интизомининг бузилиш ҳоллари ҳақидаги маълумотларни вақти-вақти билан таҳлил қилиши, бу нуқсонларнинг сабабларини аниқлаши ва уларни бартараф этишда ҳуқуқий воситалардан фойдаланиш борасида таклифлар киритиши керак.

Юридик хизмат меҳнат интизомини бузувчиларга қонунчилик нормаларини қўллаш тажрибаларини умумлаштиришда иштирок этади. Бунда ҳуқуқий чораларни жамоатчилик таъсири тадбирлари билан моҳирона қўшиб қўллаш, ишга келмайдиган ва бошқа меҳнат интизомини бузувчиларга интизомий чоралар қонунчиликда (Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 181-моддасида) кўзда тутилган жазоларни (жумладан -«хайфсан», «ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда жарима», «меҳнат шартномасини бекор қилиш») қўллашга, қўлланган чоралар ҳақидаги ахборотни жамоа аъзоларига етказилишига, яъни ошкораликка эътибор бериши лозим. Чунки, интизомий жазо чорасининг нотўғри қўлланилиши ёки қонунда кўрсатилмаган чоранинг (масалан, «танбеҳ», «огоҳлантириш», «қаттиқ хайфсан» каби) қўлланилиши, бундай чораларни бекор қилиш ёки ноқонуний деб топишга олиб келади. Натижада, меҳнат интизомини бузган ходим ҳақиқатда жазосиз қолиши мумкин, чунки кўпчилик ҳолларда интизомий жазо қўллашнинг бир ойлик муддати ўтиб кетади. Бу ўз навбатида жамоада меҳнат интизомини бўшашиб кетишига олиб келади. 

Юридик хизмат томонидан ташкил этиладиган семинарларда хўжалик юритувчи субъектда меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, уюшқоқлик ва тартиб учун барча ҳуқуқий воситалар ҳамда қонун кучидан фойдаланиш зарурлигини ҳар томонлама таъкидлаш муҳимдир.


Юклаб олиш


«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031