Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Низоларни судгача ҳал қилиш: музокаралар, талабнома тартиби, медиация

Ф.Отахонов. Низоларни судгача ҳал қилиш: музокаралар, талабнома тартиби, медиация


Низоларни судгача ҳал қилиш: музокаралар, талабнома тартиби,
медиация // Ҳакамлик муҳокамаси ва медиацияни ривожлантиришнинг долзарб масалалари – Т.: 2010. –Б 120–125.

                                                                                     

 Ф.Ҳ. ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар
академияси И.Мўминов номидаги

Фалсафа ва ҳуқуқ институти

грант раҳбари

 

 

НИЗОЛАРНИ СУДГАЧА ҲАЛ ҚИЛИШ: МУЗОКАРАЛАР, ТАЛАБНОМА ТАРТИБИ, МЕДИАЦИЯ

 

Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида давлат қурилиши ва бош­қарувини такомиллаштириш, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг роли ва таъсирини кучайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ҳамда суд тармоқлари ўртасида мутаносиб ва барқарор мувозанатни таъминлаш, бозор иқтисодиётини шакллантиришнинг ҳуқуқий базасини ривожлантириш, фуқаролик жамияти асосларини яратишга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мақсади – инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг инсонпарвар демократик  ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ролини оширишдир.

Мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йўл қўймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми яратилди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши мумкин. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этишга катта  эътибор берилмоқда. Аммо, илмий адабиётларда, қонун ҳужжатларида ва амалиётда унга яқин бўлган тушунчаларни қўллашда изчиллик етишмаяпти ёки бу тушунчалар синоним сўзлар сифатида асоссиз қўлланилаяпти. Бу эса ўз навбатида ҳуқуқ ижодкорлигида юридик техника қоидаларини бузилишига, амалиётда бир-бирига мазмунан мос келмайдиган ибораларни бир хил маънода қўлланилишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам “низоларни муқобил ҳал қилиш”, “яраштирув (муросага келтириш) процедураси”, “низоларни судгача ҳал қилиш”, “низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш”, “келишув битими” каби тушунчаларнинг фарқли жиҳатларига эътибор бериш лозим. 

 Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларига кўплаб ривожланган давлатларда:  а) музокаралар; б) воситачи иштирокидаги музокаралар;                    в) яраштирув (муросага келтириш); г) медиация (воситачилик), д) арибитраж (ҳакамлик суди) е) воситачилик – арбитраж; ё) экспертлик ажрими (хулосаси); ж) мустақил ҳал қилиш; з) мини-процесс; и) ҳолатларни аниқлаш; к) низоларни ҳал қилиш бўйича комиссия; л) хусусий суд;  м) дастлабки холис баҳо; н) “кўп эшикли суд”; о) низоларни судгача ҳал қилиш бўйича кенгаш; п) соддалаштирилган маслаҳатчилар (присяжный) суди ва бошқа процедуралар киради.  

Демак, низоларни давлат судлари (фуқаролик ишлари бўйича судлар, хўжалик судлари) орқали ҳал қилишдан ташқари барча усуллар, шу жумладан ҳакамлик судлари ҳам низоларни муқобил ҳал қилишга тааллуқлидир. 

Яраштирув (муросага келтириш) процедураси деганда низоларни муқобил ҳал қилишни тарафларнинг ихтиёрий хоҳиш-истаклари асосида  низоларни ўзаро мақбул кўриб чиқиш ва ҳал қилишга қаратилган шакллари тушунилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (кейинчалик – ХПК) 122-моддасига кўра  ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида судья тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши лозимлиги белгиланган, аммо уни амалга ошириш тартиби ва усуллари қонун ҳужжатларида белгиланмаган.

Низоларни судгача ҳал қилиш (мамлакатимиз ва МДҲ давлатлари қонунчилигида ҳамда юридик адабиётларида кенг қўлланилади) низоларни муқобил ҳал қилиш билан синонимдек кўринсада, аммо ундан торроқ маънони англатади. Чунки, қонунчилигимизда у фақат талабнома юбориш тартибини (РФ да эса унинг бошқа турларини ҳам), шартномаларни тузиш амалиётида эса музокараларни ҳам  ўз ичига олади. Хусусан, ХПКнинг  6-моддасида агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкинлиги белгиланган. 

Фикримизча, ХПКнинг ушбу ва бошқа тегишли моддаларига низоларни судгача ҳал қилишнинг талабнома юборишдан бошқа усуллари ҳам киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

 Низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш низоларни ҳам суд орқали, ҳам  муқобил усуллар билан ҳал қилишни назарда тутади. Аммо, у одатда шартномалар тузиш жараёнида низони судгача ҳал қилишни назарда тутиб қўлланилади.

Келишув битими  низоларни ҳал қилиш усули эмас, чунки унда низони кўриб чиқишни ҳам, ҳал қилишни ҳам элементлари мавжуд эмас, у фақат низоларни кўриб чиқиш ва ҳал қилишнинг у ёки бу процедурасини қўллаш натижаси ҳисобланади. Келишув битими низоларни муқобил усуллар билан ҳал қилиш жараёнида ҳам, судлов ишларини юритиш жараёнида ҳам тузилиши мумкин.  

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2009 йил  18 декабрдаги “Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида”ги қарорига мувофиқ “келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади”.

Қуйида амалдаги қонунчилик ва шартнома амалиётидан келиб чиққан ҳолда низоларни судгача ҳал қилишнинг музокаралар, талабнома тартиби ва медиация каби усулларига батафсил тўхталамиз.  

Музокаралар низо ёки келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида икки ёки ундан ортиқ тарафларнинг норасмий мулоқот жараёни ҳисобланади. Ўз табиатига кўра музокара яраштирув (муросага келтириш) процедурасига яққол мисол бўла олади, чунки у тарафлар томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади. Тарафларни музокаралар олиб боришга ҳеч ким мажбур қила олмайди. Ўтказилган музокаралар натижаси бўйича тарафлар учун мажбурий бўлган қарор қабул қилинмайди. Шунга қарамай тарафлар кўпчилик ҳолларда низоларни музокаралар йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қиладилар. Шунинг учун ҳам барча турдаги шартномаларга қуйидаги мазмундаги бўлим ва  норма киритилиши  одатий ҳолга айланган:                     

“Низоларни ҳал қилиш тартиби

   Мазкур    Шартномани    бажаришда     юзага   келадиган    низолар   ва келишмовчиликлар  тарафлар  ўртасида   имкон қадар музокаралар йўли билан ҳал   этилади.

Низоларни тарафларнинг музокаралари йўли  билан   ҳал  этиш  имкони бўлмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда низо суд орқали ҳал қилинади”.   

Шартномада белгиланган ушбу нормага тарафлар амал қилишлари шартми? Агар унга амал қилмасалар қандай ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқади? Музокаралар олиб бормасдан ҳам тарафлар тўғридан-тўғри судга мурожаат қилишлари мумкин-ми?

Албатта, шартнома тарафларнинг ўз хоҳишлари билан тузилганлигини инобатга оладиган бўлсак, унинг шартларига риоя қилиш тарафларнинг бурчи ҳисобланади, аммо юқорида қайд қилинган шартнома шартини бажармаганлик учун амалдаги қонун ҳужжатларида ҳеч қандай таъсир чораси белгиланмаган. Бундан музокаралар низоларни судгача ҳал қилиш усулларидан бири ҳисоблансада, уни қўлламаслик судга мурожаат қилиш учун монелик   қилмайди деган хулосага олиб келади. 

Шундай бўлсада кўпинча тарафларнинг вакиллари келишмовчиликларни ҳал қилиш мақсадида учрашадилар, низоли масалаларни муҳокама қиладилар, аммо музокаралар натижа бермагандан сўнг судга мурожаат қилишган мажбур бўладилар. 

Музокаралар ҳар икки тараф учун ҳам ижобий натижа билан якунланиши учун унга ҳар томонлама тайёргарлик кўриш ва ўтказиш лозим.

Бунинг унинг музокалар олиб боришнинг ҳар бир босқичига алоҳида аҳамият бериш керак. Музокаралар қуйидаги босқичлардан иборат: 1) музокараларга тайёргарлик кўриш; 2) уни ўтказиш процедураси бўйича битим тузиш; 3) тарафларнинг чиқишлари;                  4) тарафларнинг манфаатларини (истакларини) аниқлаш; 5) кун тартибини шакллантириш; 6) таклифларни киритиш ва муҳокама қилиш; 7) қарорни танлаш ва тарафларнинг келишувини шакллантириш; 8) музокараларни якунлаш ва уларни расмийлаштириш. 

Низоларни муқобил ҳал қилишнинг энг афзал усули сифатида музокараларнинг роли ва самардорлигини ошириш мақсадида қуйидаги таклифларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир: а) шартномаларда музокараларни олиб бориш тартиби ва шартларини аниқ белгилаш; б) музокаралар олиб бориш кўникмаларини шартнома тарафларида шакллантириш, музокаралар маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш; в) процессуал қонун ҳужжатларида музокараларни низоларни судгача ҳал қилиш усулларидан бири сифатида белгилаш ва унга риоя қилмаслик оқибатларини талабнома тартибига риоя қилмасликка тенглаштириш.

Талабнома тартиби – низоларни судгача ҳал қилишнинг усули сифатида. Шартнома тарафларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий ишларнинг асосий босқичларидан ва шартнома мажбуриятларининг бажарилишини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг ҳамда низоларни ҳал қилишнинг самарали воситаларидан бири талабнома ишларини тўғри ва ўз вақтида юритишдир.

Талабнома ишларининг мустақил роли, вазифалари, аҳамияти ва амалга оширишнинг алоҳида тартиби мавжуд. Талабнома ишларини юритишни тўғри ташкил этиш тарафларнинг ишлаб чиқариш, хўжалик ва молиявий аҳволини яхшилашда муҳим аҳамият касб этади. Агар қонунда айрим тоифадаги низолар учун уларни талабнома юбориш тартиби белгиланган ёхуд бу тартиб шартномада назарда тутилган бўлса, тарафлар ўзаро муносабатларини ихтиёрий равишда ҳал қилиш чораларини кўрганларидан сўнггина хўжалик судида иш қўзғатиш мумкин.

Демак, талабнома тартибига риоя қилиш манфаатдор тарафнинг судга мурожаат қилишининг зарурий шартларидан бири ҳисобланади. 

Талабнома тартибига мажбурий риоя қилиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (кейинчалик матнда – ФК) ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган. Масалан, ФКнинг 724-моддасида  ташувчига нисбатан юк ташишдан келиб чиқадиган даъвони қўғатишдан олдин унга тегишли транспорт устави ёки кодексида назарда тутилган тартибда талаб қўйилган бўлиши шарт. Агар юк ташувчи талабни қондиришни тўлиқ ёки қисман рад этса ёки ўттиз кунлик муддат ичида талабга жавоб қайтармаса, юк жўнатувчи ёки юк олувчи ташувчига нисбатан даъво қўзғатиши мумкин. Шунингдек, талабнома юбориш ва уни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ҳаво кодекси (122-моддаси), “Темир йўл транспорти тўғрисида”ги Қонуни (28-моддаси), “Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни (17–19-моддалари), Ўзбекистон Республикаси Темир йўллари Устави (147-банди), Почта алоқаси хизматини кўрсатиш қоидаларида (158-банди) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд қилинган.

Талабнома тартибига риоя қилинмаган ҳолларда суд томонидан:

а)  даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатлар қайтарилади ( ХПКнинг 118-моддаси);

б) даъво кўрмасдан қолдирилади (ХПКнинг 88-моддаси);

в) иш юритиш тугатилади (ХПКнинг 86-моддаси).

Даъво аризасининг қайтарилиши йўл қўйилган хатолар бартараф этилгандан кейин иккинчи марта хўжалик судига умумий тартибда даъво аризаси билан мурожаат этишга тўсқинлик қилмайди.

Агар даъвогар талабнома юбориш тартибига риоя этмаган ва бундай тартибни қўллаш имконияти йўқотилмаган бўлса хўжалик суди даъвони кўрмасдан қолдиради. Даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгач, даъвогар хўжалик судига умумий тартибда яна мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогар талабнома юбориш тартибига риоя этмаган бўлса ва бундай тартибни қўллаш имконияти йўқотилган бўлса хўжалик суди иш юритишни тугатади.Иш юритиш тугатилган тақдирда айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан хўжалик судига иккинчи бор мурожаат қилишга йўл қўйилмайди.

Шунинг учун ҳам талабнома ишларини юқори савияда юритиш ва унга юридик хизматни жалб қилиш муҳим аҳамият касб этади. Юридик хизмат ходимлари талабнома ишларини юритишда икки хил шаклда иштирок этадилар: 1) талабнома ишларини бевосита юридик хизмат ходимлари томонидан юритилиши; 2) талабнома ишларини бошқа таркибий бўлинмалар томонидан юритилганда, мазкур ишга раҳбарлик қилиши.

Юридик хизмат ходимлари томонидан олиб бориладиган талабнома ишлари ўз ичига қуйидагиларни олади: а) талабномани расмийлаштириш учун керакли бўлган маълумот ва ҳужжатларни йиғиш, талабнома ёзиш ва уни расмийлаштириш ҳамда тегишли хўжалик юритувчи субъектларга юбориш; б) хўжалик юритувчи субъектга келиб тушган талабномаларни кўриб чиқиш, улар бўйича керакли ҳужжатларни ўрганиб, талабномани тўлиқ ёки қисман қаноатлантириш ёхуд рад этиш ҳақида хулоса бериш ва жавобни расмийлаштириб, уни жўнатиш; в) юборилган ва келиб тушган талабномалар тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириб, уларни таҳлил қилиб, ишлаб чиқариш, хўжалик, молия, ҳисоб-китоб, меҳнат интизомининг бузилиши каби ҳолатларнинг олдини олиш бўйича таклифлар киритиш ва чора-тадбирлар белгилаш.

Талабнома ишлари бошқа таркибий бўлинмалар (бухгалтерия, молия, таъминот, маҳсулотларни реализация қилиш ва ҳ.к.) томонидан олиб борилганда юридик хизмат ходимлари талабнома ишларига қуйидагича раҳбарлик қиладилар: а) бошқа бўлинмалардаги талабнома ишларини юритувчи ходимларга иш юритиш тартибини тушунтирадилар; б) амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан таништирадилар; в) зарур ҳолларда уларни ҳуқуқий тайёргарликдан ўтказадилар; г) вақти-вақти билан уларнинг талабнома ишларини текшириб турадилар ва уларга амалий ёрдам берадилар; д) мураккаб масалалар бўйича талабномаларни тайёрлашда уларга зарур маслаҳатлар берадилар;   е) талабнома юритиш ишини тегишли бўлинмалар билан яхшилаш юзасидан хўжалик юритувчи субъект раҳбарига таклифлар киритадилар.

Низоларни судгача ҳал қилишнинг мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамланган энг самарали усули сифатида талабнома юбориш тартибига ва унга ўз вақтида жавоб бериш орқали ҳал қилиш ҳар икки тараф учун ҳам фойдали. Бунда, биринчидан, талабнома юборувчи тараф ўзининг бузилган ҳуқуқи ёки қонуний манфаатларини қисқа муддатларда тиклашга эришиши мумкин; иккинчидан, шартномавий муносабатларга киришган тарафлар даъво аризасини расмийлаштириш ва уни хўжалик судига ёки ҳакамлик судига тақдим этиш, судда ишни кўриш жараёнида иштирок этиш ва ҳоказо ҳаракатлар учун сарфланадиган вақт ва харажатларни тежайдилар; учинчидан, давлат божи ва бошқа суд харажатларини тўлашга кетадиган маблағлар, яъни самарасиз сарф-харажатлар олди олинади; тўртинчидан, шартномавий муносабатларга киришган тарафларнинг бири-бирига бўлган ишончи ортади ва ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ортиқча монелик бўлмайди.

МедиацияҲозирги кунда ҳаётимизга низоларни судгача ҳал қилишнинг энг замонавий усули сифатида бир қарашда ривожланган мамлакатлар амалиёти ва қонунчилигидан кириб келаётган медиация, аслида мамлакатимиз ҳудудида қадимдан қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов таъкидлаганидек, – «бизнинг халқимизда ор-номус, андиша, ҳаё ва ибо деган тушунчалар ниҳоятда кучли. Бу эса кўпинча уйдаги можарони ҳал қилиш учун ариза ёзиб, судга чопишга йўл бермайди. Оилавий келишмовчиликларни нари борса маҳалла доирасида, кўпни кўрган кексалар, фаоллар ёрдамида ҳеч кимга овоза қилмай, ортиқча расмиятчиликка йўл қўймай ҳал этиш – бу ота-боболаримиз амал қилиб келган азалий одат. Ҳозир биз айнан шундай қарашлар асосида суд тизимини ислоҳ қилмоқдамиз. Шу мақсадда судларда яраштирув амалиёти кенг қўлланилмоқда. Бу эса муаммоларни ортиқча можаро, қоғозбозлик, бир-бирини ҳақоратлашларсиз ҳал этиш имкониятини беради. Маҳалларда истиқомат қилувчи оқсоқоллар, ота-оналар, ёшларнинг мураббийлари жамиятда юксак ахлоқий сифатлар мустаҳкамланиши, яраштиришга ёрдам бермоқдалар”[1]

Медиацияни қўллаш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва либераллаштириш соҳасида ислоҳотларнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Концепцияда кўрсатилган вазифаларга тўғри келади. Концепцияда тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўймаслик, улар учун мақбул ҳуқуқий майдон яратиш, имтиёзлар тизими ва кафолатлар орқали тадбиркорликка, бизнесга ва хусусий секторга муносабатни қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилган[2]. Бунда медиацияни айрим турдаги низоларни соддалаштирилган тартибда ҳал этишда тадбиркорлик субъектлари учун ҳуқуқий майдоннинг таъсирчан элементи  сифатида қараш мумкин. 

Миллий ҳуқуқий тизимда медиацияни қўллашнинг ҳуқуқий асосини яратиш мақсадида медиация тўғрисида махсус қонун қабул қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Хўжалик процессуал кодекси ва “Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдир.

 

 

 

 

 


[1]Каримов И.А. Тинчлик ва хавфсизлигимиз ўз куч-қудратимизга, ҳамжиҳатлигимиз ва қатъий иродамизга боғлиқ  – Т.12. – Т.: Ўзбекистон, 2004. – Б.93. 

[2] Қаранг.: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 10 мартдаги                   ПҚ-24-сонли «Жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялашнинг устувор мақсад ва вазифаларини амалга ошириш Дастури тўғрисида” Қарори //Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами.  2005.                     10-11-сон. 71-модда.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930