Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Парламентлараро Ассамблея – ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида

Парламентлараро Ассамблея – ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида


Маълумки, яқин кунларда Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеяси (кейинги ўринларда МДҲ ПА ёки Парламентлараро Ассамблея)нинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан мазкур орган қандай ташкилот эканлиги, унинг асосий функциялари ва ўтган давр мобайнида қандай ижобий натижаларга эришганлиги масалалари қизиқиш уйғотиши табиий.

Парламентлараро Ассамблея миллий парламентлар томонидан тайинланадиган ёки сайланадиган аъзо давлатларнинг парламент делегацияларидан ташкил топган бўлиб, давлатлараро орган ҳисобланади. Бугунги кунда Парламентлараро Ассамблея аъзолари: Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Украина, Қирғизстон, Қозоғистон ва Ўзбекистон парламентлари ҳисобланади.

МДҲ ПА ишчи органи Парламентлараро Ассамблея Кенгаши ҳисобланади, у доимий асосда Парламентлараро Ассамблеянинг ишини ташкил этади. Кенгаш қоида тариқасида йилда икки марта йиғилади ва ялпи мажлисларни ўтказади.

Ялпи мажлисларда Парламент делегацияларидан ташқари МДҲнинг бошқа органлари, кузатувчилар ва халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этади.

МДҲ билан бир вақтнинг ўзида пайдо бўлган Парламентлараро Ассамблея ўз фаолиятининг илк кунлариданоқ янги сиёсий ва иқтисодий шароитларда парламентларнинг ҳамкорлиги учун муҳим майдонга айланган. Мустақилликка эришган мамлакатлар ҳуқуқий тизимларни тубдан ислоҳ қилишлари лозим эди, шунинг учун Парламентлараро Ассамблея доирасида амалга оширилган биргаликдаги фаолият натижасида мазкур ислоҳотлар рўёбга чиқарилди. Натижада мамлакатларнинг миллий қонунчилигини МДҲ доирасида уйғунлаштиришга ҳаракат қилинмоқда.

МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларини яқинлаштириш ва қабул қилинаётган модель (намунавий) қонунлар ва тавсиялар асосида МДҲ доирасида ҳар томонлама интеграция учун шароитлар яратиш Парламентлараро Ассамблеянинг асосий вазифаси сифатида қаралмоқда.

Парламентлараро Ассамблеянинг бошқа муҳим йўналишлари сирасида МДҲ умумий иқтисодий маконининг ҳуқуқий асосларини шакллантириш, сайловлар ва референдумлар устидан кузатув ўтказиш, тинчликни сақлаш, халқаро ҳамкорлик, парламентаризм тарихини ўрганиш ва оммалаштириш каби фаолиятини кўрсатсак бўлади.

МДҲга аъзо давлатлар қонунчилигини яқинлаштириш мақсадида парламент делегациялари таркибидан 10 та доимий комиссия тузилган. Улар фаолиятининг асосий мақсади – модель қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. Парламентлараро Ассамблея томонидан қабул қилинган ва тавсиявий характерга эга бўлган модель қонунлар МДҲга аъзо давлатлар парламентлари учун миллий қонунчиликни ривожлантириш ва яқинлаштириш йўлидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида намуна сифатида тавсия этилади.

Ҳозирги кунда Парламентлараро Ассамблея 600 га яқин модель қонунларни ва бошқа шунга ўхшаш ҳужжатларни қабул қилган.

Парламентлараро Ассамблея томонидан тайёрланган бир қатор ҳужжатлар МДҲнинг амалдаги давлатлараро ҳужжатларига айланган. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида тинчликни таъминлаш бўйича Коллектив кучлар тўғрисидаги, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг байроғи тўғрисидаги, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг эмблемаси тўғрисидаги низомлар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда ҳарбий хизматчилар, ҳарбий хизматдан бўшатилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш тўғрисидаги келишув, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари ҳақидаги, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида чегаравий ҳамкорлик ҳақидаги конвенциялар, Қандли диабет касаллиги кўпайишига қарши курашишда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги ва Давлат муҳофазасига муҳтож бўлган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлашда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги келишувлар шулар жумласидан.

Парламентлараро Ассамблеяси қабул қилган айрим ҳужжатлар халқаро шартномаларнинг асосини ташкил этади. Улар қаторига Терроризмга қарши кураш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик шартномаси, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳақидаги, Наркотик моддалар, психотроп воситалар ва уларнинг прекурсорларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш соҳасида МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ҳамкорлик ҳақидаги, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида лизинг фаолиятини кенгайтириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шароитларни ташкил этиш ҳақидаги, Биргаликдаги миллий теле-тиббиёт тизимларини ташкил этиш ва келгусида уларни ривожлантириш ҳамда фойдаланишда МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро ҳамкорлиги ҳақидаги келишувлар, Жиноий даромадларни легаллаштириш (ювиш) ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш ҳақида МДҲга аъзо давлатларнинг шартномасини киритсак бўлади.

МДҲга аъзо давлатларнинг ҳуқуқий тизимларида Парламентлараро Ассамблеянинг ҳужжатларига эҳтиёж мавжудлигини модель қонунлардаги нормалар миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинаётганлиги ҳам тасдиқламоқда

Юқорида қайд этилганидек, Парламентлараро Ассамблея фаолиятида умумий иқтисодий маконнинг ҳуқуқий асосларини – модель қонунчилигига кирувчи модель қонунлар, тавсиялар ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, Парламентлараро Ассамблея иқтисодий соҳадаги модель қонун ижодкорлиги бозор иқтисодиётининг ҳуқуқий асосларини, МДҲ умумий иқтисодий маконини шакллантиришга, жумладан, МДҲ ва Божхона иттифоқига аъзо мамлакатларда эркин савдо зонасини ҳуқуқий таъминлашга, фуқаролик ва иқтисодий айланмасини, бюджет ва фискал сиёсатининг муносабатларини ўзаро келишилган ҳолда тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш Парламентлараро Ассамблея фаолиятида устуворлик касб этади. Мазкур соҳада Парламентлараро Ассамблея ижтимоий сиёсат, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги муаммоларни ечишда гуманитар ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган ягона ёндашувларни ишлаб чиқмоқда.

Мазкур жараёнда Мустақил давлатлар фуқароларининг ижтимоий ҳуқуқлари ва кафолатлари Хартияси ҳамда қуйидаги масалаларга қаратилган яхлит модель қонунчилик ҳужжатлари ва тавсияларининг қабул қилиниши муҳим босқич ҳисобланади:

оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандликни рағбатлантириш, миграция жараёнларини тартибга солиш, соғлиқни сақлаш, санитария ва гигиенага риоя қилиш соҳасида модель қонунчилик базасини такомиллаштириш;

тиббиёт фанини, тиббий ва фармацевтик таълимни ривожлантириш, дори воситалари ва тиббий технологиялардан фойдаланиш ва уларни экспертизадан ўтказиш;

тиббий суғурта, экологик хавфсизлик ва қулай атроф-муҳитни ташкил этиш;

соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, жисмоний маданият ва спортни, туризмни ривожлантириш, тиббий-соғломлаштириш ҳудудлари ва курортларнинг фаолият кўрсатишини таъминлаш.

«Қизил хоч» жамиятининг Халқаро қўмитаси ҳамда «Қизил хоч» ва «Қизил ярим ой» жамиятларининг халқаро федерацияси билан биргаликда халқаро гуманитар ҳуқуқни МДҲга аъзо давлатларнинг миллий қонунчилигига имплементация қилиш Парламентлараро Ассамблея фаолиятининг муҳим йўналишига айланди.

Бундан ташқари, Парламентлараро Ассамблея Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда аҳолини тиббий хизматлар билан бутунлай қамраб олишни рағбатлантириш учун кўмаклашишга ҳамда атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳасида интеграция ҳамкорлигини ривожлантириш йўлида шароитларни яратишга, МДҲ доирасида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш учун ўзаро келишилган қонунчилик базасини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Парламентлараро Ассамблея бугунги кун тартибида хавфсизликнинг янги хавф-хатарлари ва таҳдидлари алоҳида ўрин эгалламоқда.

Мазкур масалада Парламентлараро Ассамблея томонидан қабул қилинаётган қарорлар ва хатти-ҳаракатлар халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадини кўзламоқда.

МДҲга аъзо давлатларнинг келишилган қонунчилик ёндашувлари терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси, трансчегаравий жиноятчилик, коррупцияга қарши биргаликдаги курашишни янада кучайтириш учун шароитларни таъминламоқда.

Мудофаа ва хавфсизлик, янги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш соҳасидаги модель қонунчиликнинг аксарият нормалари МДҲга аъзо давлатларнинг қонуншунослари томонидан миллий қонунларни тайёрлашда инобатга олинган.

Парламентлараро Ассамблея томонидан чегаравий ва ахборот хавфсизлигини, одам савдоси ва ноқонуний миграцияни бартараф этишни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда ва қабул қилинмоқда.

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси хавфсизликни мустаҳкамлаш ва янги хавф-хатарлар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик шаклларини фаол жорий қилмоқда. 2004 йилда МДҲ ПА Кенгаши ташаббуси билан Ҳамдўстлик мамлакатларининг терроризм, жиноятчилик ва наркобизнесга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилигини уйғунлаштириш бўйича МДҲ ПА қошида Бирлаштирилган комиссия ташкил этилди. Мазкур комиссия МДҲ органлари, БМТ, ОБСЕ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг ихтисослашган тузилмалари ўртасида тизимли ва яқин тармоқлараро ҳамкорликнинг самарали шаклига айланди.

Сайловлар ва референдумлар устидан кузатув орқали амалга оширилаётган демократия ривожланиши ва сайлов ҳуқуқларига риоя қилиниши мониторинги Парламентлараро Ассамблеянинг алоҳида фаолият йўналиши сифатида эътироф этилмоқда. МДҲга аъзо давлатлар парламент аъзолари халқаро кузатувчилар мақомида МДҲга аъзо ва бошқа давлатларда электорал жараёнлар устидан мониторингни амалга оширмоқдалар. Кузатувчилар ва экспертлар сайлов қонунчилигини таҳлил қилмоқдалар, электорат фаолияти соҳасида эришилган ютуқлар ва камчиликларни эътироф этмоқдалар.

Сайловлар устидан назорат фаолиятини Парламентлараро Ассамблеянинг Демократияни ривожлантириш, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя қилиш халқаро мониторинг институти мувофиқлаштирмоқда.

Ҳозирги вақтда Парламентлараро Ассамблеянинг кузатувчилари МДҲга аъзо ва бошқа давлатларда130 га яқин сайлов кампаниялари ва референдумлари устидан мониторинг ишларини олиб борган.

МДҲга аъзо ва бошқа давлатларда сайловлар устидан ўтказилган кузатувлар тажрибаси Парламентлараро Ассамблея томонидан демократик сайловларнинг ягона мезонларини ўз ичига олган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларда демократик сайловлар, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари мезонлари (стандартлари) ҳақидаги Конвенцияда ўз ифодасини топди.

Парламентлараро Ассамблея томонидан олиб борилаётган илмий-вакиллик функцияси алоҳида эътиборга молик.

Парламентлараро Ассамблеянинг 20 йиллик фаолияти давомида 362 та халқаро илмий-вакиллик тадбирлари ўтказилдибунда 7 мингдан ортиқ давлат, сиёсат ва жамоат арбоблари, етук олимлар, мутахассислар иштирок этишди.

Муҳим тадбирлар сирасида: тўққизта Петербург халқаро иқтисодий форумини; иккита халқаро конгресс: “МДҲга аъзо давлатларда телекоммуникациянинг ривожланиши ва ахборот жамиятини шакллантириш” ҳамда “Ахборот жамиятида ишонч ва хавфсизлик”; 2002 йилдан бошлаб умумевропа ҳамкорлиги, шунингдек, маданиятлараро ва динлараро ўзаро мулоқот, миграция жараёнларининг глобаллашуви, глобал иқтисодий инқироз шароитида энергетика ва экологик хавфсизлик ҳамда Европанинг келажакдаги хавфсизлиги масалалари бўйича ўказиладиган парламент конференцияларини кўрсатиш мумкин.

Парламентлараро Ассамблея халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида жиддий роль ўйнамоқдаАссамблея маданият, машҳур тарихий воқеалар, масалан, Сомонийлар давлати ташкил топишининг 1100 йиллигига бағишланган бир қатор йирик гуманитар акцияларнинг ташаббускори ҳисобланади.

Парламентлараро Ассамблея фаолиятида халқаро ҳамкорлик катта ўрин эгаллайди. МДҲ ПА бир қатор етакчи халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ҳамда аксарият парламентлараро бирлашмалар: Парламентлараро кенгаш, Европа Иттифоқининг Парламент ассамблеяси, ОБСЕ Парламент ассамблеяси ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳақидаги келишувларни имзолаган.

Ўзбекистон МДҲ ПА тузилмасида кенг вакилликка эга ва фаол иштирок этмоқда. Жумладан, юқорида қайд этилганидек, Парламентлараро Ассамблея 10 та парламент делегациясидан иборат. Ўзбекистоннинг Парламент делегациясига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Т.Норбоева ва Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловлар раҳбарлик қиладилар. Делегация таркибига Сенатнинг 4 та ва Қонунчилик палатасининг 5 та қўмитаси раислари, Сенатнинг 2 та қўмита раисларининг ўринбосарлари киритилган.

Ўзбекистоннинг парламент аъзолари МДҲнинг тузилмаларида ҳам кенг вакилликка эга. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Э.Зоҳидов МДҲ ПА Маданият, ахборот, туризм ва спорт масалалари бўйича доимий комиссияси раиси; Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар бўйича қўмитаси раиси Д.Файзиева Ижтимоий сиёсат ва инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси, Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича қўмитаси раиси Ш.Назаров Иқтисодиёт ва молия бўйича доимий комиссия аъзоси, Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари бўйича қўмитаси раиси И.Абдуллаев Давлат қурилиши ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш тажрибасини ўрганиш бўйича доимий комиссияси аъзосидир.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон парламенти МДҲ ПА модель қонунчилигида фаол иштирок этмоқда. Парламент амалиётида илк бор “Органик қишлоқ хўжалиги тўғрисида”ги модель қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилган. Бу жараёнда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Охирги икки йил мобайнида 100 дан ортиқ модель қонун лойиҳалари бўйича 300 дан ортиқ таклифлар киритилган, уларнинг аксарияти қонун лойиҳаларини маромига етказишда инобатга олинган. Масалан, “Сайловлар ва референдумлар устидан халқаро кузатув тўғрисида”ги, “Асаларичилик тўғрисида”ги, “Илмий ва илмий-техник экспертиза тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Давлат ва муниципал (коммунал) мулкни хусусийлаштириш тўғрисида”ги модель қонун лойиҳаларига билдирилган таклифлар тўлалигича қабул қилинди.

Парламентаризмни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги фаолиятининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш ва такомиллаштириш, халқаро алоқаларни ва парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш борасидаги хизматлари учун бир қатор депутатлар ва сенаторлар ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари “МДҲнинг 30 йиллиги” медали ва кўкрак нишони билан тақдирланишган. 

Мазкур воқеага бағишланган тантанали тадбирда сўзга чиққан Сенат Раиси Танзила Норбоева Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Парламентлараро Ассамблеяси 30 йиллик фаолияти давомида Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида ҳамкорликни кучайтиришга доир долзарб масалалар бўйича қўшма муҳокамаларни ўтказиш ва қарорлар қабул қилишда самарали майдонга айланганини, Парламентлараро Ассамблея МДҲ ҳудудида демократик жараёнларни ва парламентаризмни, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётганлигини алоҳида таъкидлади.

Биз бу фикрга тўла қўшилган ҳолда шуни қўшимча қилиб айтмоқчи эдикки, Парламентлараро Ассамблея, айниқса, охирги йилларда ҳақиқатан ҳам, парламент дипломатияси, парламентлараро ҳамкорлик, шу жумладан, Ўзбекистон парламенти аъзолари учун самарали ва конструктив майдон сифатида ўзини намоён этмоқда.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва парламент

тадқиқотлари институти директори,

юридик фанлар доктори, профессор

www.uza.uz



«    Май 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031