Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Таҳлил ва галдаги вазифалар

Таҳлил ва галдаги вазифалар


Ҳар бир ишда таҳлил ва сарҳисоб усуллари келгусидаги фаолиятни мақсадли режалаштириш ва янада юқори самарадорликка эришиш учун муҳим омил бўлиб ҳисобланади. Фаолиятга очиқлик ва ошкоралик берилиши эса амалга оширилган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, қолаверса натижаларга «бошқа кўз билан қараш» ҳамда камчиликлар, истиқболли вазифалар бўйича ташқаридан фикр-мулоҳаза ва таклифлар олиш имконини оширади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2022 йилдаги фаолияти таҳлиллари билан ўртоқлашишни мақсад қилдик.

Қонунчилик муаммолари мониторинги ва парламентни илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш – давр талаби

Қонунчилик муаммоларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш йўналишида қонун лойиҳалари юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 23 та илмий хулоса тақдим этилди. «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги, «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги, «Почта алоқаси тўғрисида»ги, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Чиқиндилар тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида»ги, «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги, «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги, «Рақобат тўғрисида»ги, «Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тўғрисида»ги ҳамда амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга доир қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенатига Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб юборилган, хусусан, почта алоқаси, ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари, электрон тижорат, она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар, географик объектларнинг номлари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш борасидаги қонунлар, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш юзасидан жами 9 та таҳлилий маълумот (хулоса шаклида) тайёрланди.

2022 йилда қабул қилиниб, расман эълон қилинган қонунлар мисолида кўрадиган бўлсак, Институт томонидан берилган илмий хулосалардаги таклиф ва тавсиялар 9 февралдаги «Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун билан тўлдириш киритилган «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонун 9-моддасининг биринчи қисмида, 3 ноябрдаги «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 6 ва 18-моддаларида, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг 12-моддаси 1-қисми 6-хатбошисида, 41-моддаси 2-қисмида ва 30-моддаси 5-қисмида (қонунларда ўз ифодасини топган. Жумладан, Институт томонидан берилган таклифнинг «Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги Қонун 9-моддасининг биринчи қисмида инобатга олиниши тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш соҳасида Савдо-саноат палатасига хўжалик шартномалари доирасида юзага келадиган енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилишига сабаб бўлди.

Шунингдек, Институтнинг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддасига берилган таклифларининг амалиётга жорий этилиши стандартлаштириш соҳасида ушбу фаолиятнинг асосий принциплари бўлмиш қонунийлик, миллий стандартларни ишлаб чиқишда манфаатдор тарафларнинг ўзаро келишуви, холислик ва стандартлардаги такрорланишларнинг ва зиддиятларнинг олдини олишга қаратилган ҳамжиҳатлик каби принципларнинг белгиланишига хизмат қилди.

Олий Мажлис палаталари, депутатлар ва сенаторлар фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг профессионаллик даражасини оширишга кўмаклашиш йўналишида Қонунчилик палатасига, масалан: чет давлат фуқаролигини олган шахснинг муқаддам фуқаролиги бўлган давлатни хабардор қилиш тартиби, хориж фуқаролигини олиш учун қўйиладиган талаблар ва жавобгарлик; Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, йўқотиш ва тугатиш; хорижий ташкилотларнинг лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги чет эл давлатлари парламентлари тажрибаси; йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасига оид аниқланган муаммо ва камчиликлар, уларни бартараф этиш; реклама тўғрисидаги қонунчилик ва унинг бугунги ҳолати; «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳалари; «Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида»ги қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаларини ўрганиш якунлари бўйича хорижий давлатлар тажрибаси; маҳаллий Кенгашлар сессияларини жонли эфирга узатиш;қонун лойиҳаларини буюртма асосида тайёрлаш ва хорижий мамлакатлар парламентлари томонидан қонун лойиҳаларига буюртма бериш тартиби; Россия Федерацияси Федерал Мажлисининг Давлат Думаси ва унинг қонун ижодкорлиги фаолиятини ўрганиш натижалари; суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда вужудга келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш каби масалаларда 32 та ахборот-таҳлилий маълумот тақдим этилди.

Олий Мажлис Сенатига 48 та (шундан 18 таси амалдаги қонунлар мониторинги юзасидан) ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрлаб берилди. Масалан: «Оқила аёллар» ҳаракатини ташкил қилиш ҳамда давлат бошқарувида аёллар фаоллигини ошириш дастурини ишлаб чиқиш; «Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари» бўйича миллий сўровнома; хорижий давлатларда маҳаллий вакиллик органлари регламенти ҳамда уларнинг назорати бўйича қонунчилик тажрибасини ўрганиш якунлари; Ўзбекистон Республикасининг энергетика соҳасида шартномавий мажбуриятларни тарафлар томонидан бажарилиши; «Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ижроси, қонуности ҳужжатлари қабул қилинганлиги ҳолати ҳамда уларнинг амалда қўлланилишини ўрганиш натижалари; «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишга оид қисмининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш якунлари; Тошкент шаҳри кўчаларида йўл ҳаракати иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш ва юзага келаётган тирбандликларни бартараф этиш масалаларини ўрганиш натижалари юзасидан илмий асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ахборот-таҳлилий маълумотлардаги таклиф ва тавсиялар Қонунчилик палатасида «Пробация тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг 5, 7, 18, 22-моддаларини ҳуқуқни қўллаш амалиёти, соҳадаги ҳуқуқий бўшлиқлар ва хорижий давлатлар тажрибаси асосида такомиллаштиришда, шунингдек, Сенатнинг 2022 йил 5 августдаги «Қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисида»ги Қарорида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги қонунларни янада такомиллаштириш бўйича, қолаверса палаталарда муайян қонун лойиҳаси, қонун ва бошқа масалалар бўйича масъул қўмиталарнинг хулосалари шакллантирилишида инобатга олинган.

Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталарининг 2 та, жумладан, “Mening fikrim” веб-портали орқали келиб тушган электрон жамоавий мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини таъминлаш тўғрисида» юқори ва қуйи палатанинг Қўшма қарори (2022 йил 10 март, 1931–IV/КҚ-318-IV-сон) ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида»ги қарори (2022 йил 7 февраль, 1811–IV-сон) лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашилди.

Шунингдек, Миллий парламентимиз палаталари фаолиятини янада такомиллаштиришга оид, мисол учун, Қонунчилик палатаси мажлисларини жонли эфирга узатишга доир ишлар сифати ва натижадорлигини ошириш, депутатларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишни янада ривожлантириш, қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишгача бўлган жараён самарадорлигини ошириш, депутат сўрови юбориш институтининг таъсирчанлигини ва бунда фракцияларнинг ролини ошириш, Қонунчилик палатасида «ҳукумат соати» институтини ўтказиш тартибини такомиллаштириш каби масалаларда жами 9 та ахборот-таҳлилий маълумотнома тайёрланиб, Олий Мажлисга тақдим этилди.

Парламентаризмни ривожлантириш йўлида

Парламентаризм, халқаро парламентлараро ташкилотлар ва хорижий парламентлар иши тажрибасини ўрганиш натижалари асосида Олий Мажлис палаталари фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш йўналишида муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 119 та модель қонуни ва бошқа ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис палаталарига тақдим этилди.

Жумладан, «Илмий ва илмий-техникавий фаолият субъектларини давлат аттестацияси (аккредитацияси) тўғрисида», «Илмий ва илмий-техник экспертиза тўғрисида», «Суғурта фаолияти тўғрисида», «Чегара қўшинлари (кучлари) тўғрисида», «Тамаки тутунининг зарарли таъсиридан фуқаролар саломатлигини сақлаш ҳақида», «МДҲга аъзо-давлатларда рақамли маконни яратиш ва унинг инфратузилмасини тартибга солиш тўғрисида», «Театр ва театр фаолияти тўғрисида», «Фан ва технология соҳасидаги интеллектуал фаолият натижаларига бўлган ҳуқуқларни тижоратлаштириш тўғрисида», «МДҲга аъзо-давлатларнинг ички ишлар органлари (полиция) томонидан қўлланиладиган атамалар луғати ва криптовалюталар ҳамда бошқа рақамли активлардан ноқонуний мақсадларда фойдаланишда жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ тушунчалар ҳақида», «Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш тўғрисида», «Давлат харидлари тўғрисида», «Рақамли ҳуқуқлар тўғрисида», «Жамоат хавфсизлиги ҳақида», «Миллий хавфсизлик тўғрисида», «Асаларичилик тўғрисида», «Экологик хавфсизлик тўғрисида», «Ишлаб чиқариш чиқиндилари ва истеъмол қилиш тўғрисида», «Экологик маълумотни олиш тўғрисида», «Экологик фондлар тўғрисида», «Халқаро кузатув тўғрисида», «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида», «Давлат ва муниципалитет (коммунал) мулкини хусусийлаштириш тўғрисида», «Давлат ва муниципалитет хизматлари тўғрисида», «Муниципал мукофотлар тўғрисида», «Инвестиция ва ишончли банк фаолияти тўғрисида», «Рақамли соғлиқни сақлаш тўғрисида», «Органик қишлоқ ҳўжалиги тўғрисида», «Соғлом ҳаёт тарзи соҳасида ижтимоий реклама тўғрисида», «МДҲга аъзо-давлатлар учун намунавий Солиқ кодекси Махсус қисмининг 3-боби – «Соддалаштирилган солиққа тортиш тизими», «Сунъий интеллектдан фойдаланишни, шу жумладан, тадқиқот ва ишланмалар учун ахлоқий стандартларни норматив тартибга солиш», «Таълим соҳасида рақамлаштиришни норматив тартибга солиш», МДҲга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий хавфсизликни ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш сингари ҳужжатлар лойиҳалари бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Парламентаризмни ривожлантириш бўйича ўқувлар ташкил этиш йўналишида Институт тузилмасидаги БМТ Ўқув маркази томонидан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг «Ёшлар қаноти» вакиллари ва Тошкент давлат шарқшунослик университетининг «Шарқшунос таҳлилчилар клуби» аъзолари иштирокида ўқувлар ўтказилиб, жами 44 нафар ёшнинг парламент фаолияти юзасидан билимлари бойитилди.

БМТ Ўқув марказ томонидан, шунингдек, парламентаризмни ривожлантириш, депутат сўрови институти ва парламент назорати жараёнининг мазмун-моҳиятига бағишланган 19 та ўқув дастур ҳозирланди.

Халқаро ҳамкорлик йўналишида Институт директорининг халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари билан 13 маротаба расмий учрашувлар ташкил этилди. Музокараларда ўзаро ҳамкорлик натижалари ҳамда бу борадаги келгуси режалар ва истиқболли вазифалар муҳокама қилинди.

Эътироф этиш керак, халқаро ҳамкорлар юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни, илм-фан ривожи учун давлат раҳбари даражасида кўрсатилаётган алоҳида эътиборни ва Миллий парламентимиз фаолиятини юқори баҳолади.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Сенат Раиси, Қонунчилик палатаси Спикери, уларнинг ўринбосарлари ва қўмита раисларининг доимий қўллаб-қувватлови билан палаталар ва уларнинг барча қўмиталари, тузилмалари билан яқин ҳамкорликда фаолият олиб борилди, бундан ташқари, қўмиталар билан биргаликда ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, дипломатик, маънавий ва маърифий йўналишларда 100 дан ортиқ давра суҳбати, семинар, конференция ва бошқа тадбирлар ўтказилди.

Таъкидлаш ўринлики, ўтган йилда Институт ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – халқимиз сиёсий ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси», «Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш», «Гендер-ҳуқуқий экспертиза», «Ҳаракатлар стратегияси – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам замини» ва «Низоларни муқобил ҳал қилиш», «Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси» номли  илмий-амалий қўлланмалар тайёрланди.

Шунингдек, 3 та халқаро ташкилот – Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро Ассамблеяси ва Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) ҳамда уларга аъзо бўлган жами 14 та мамлакат – Арманистон, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия, Украина, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон парламентлари ўрганилди. Натижаси бўйича шакллантирилган илмий ва таҳлилий маълумотлар асосида «Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо-давлатлар парламентлари», «Туркий давлатлар ташкилоти ва унга аъзо-мамлакатлар парламентлари», «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо-мамлакатлар Парламентлараро Ассамблеяси» номли илмий-амалий қўлланма чоп  этилди.

Юқоридаги адабиётлар депутатлар, сенаторлар, парламент палаталари девонлари ва маҳаллий Кенгашлар ходимлари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, илмий изланувчилар ҳамда кенг жамоатчилик учун мўлжалланган бўлиб, уларда ҳудудларни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ жиҳатлар, гендер-ҳуқуқий экспертиза ва уни ўтказиш асослари, тартиби ва услубиёти, халқаро, парламентлараро ташкилотлар ва хорижий парламентлар, уларнинг тарихи, шаклланиши, тузилиши, фаолияти, органлари, йўналишлари, вазифа ва функциялари, шунингдек, ҳуқуқ, сиёсат ва парламентаризм соҳаларидаги илмий тадқиқотлар натижалари ўз ифодасини топган.

Булардан ташқари, Институт муассислигида қонунчилик муаммолари, норма ижодкорлиги ва парламентаризм соҳаларида илмий тадқиқот материаллари, илмий-таҳлилий мақолалар, миллий ва хорижий қонунчилик қиёсий таҳлилини ўз ичига олган даврий нашр – «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси»нинг 2022 йилдаги 1–4-сонлари чоп этилди.

Санаб ўтилган журнал, тўплам ва илмий-амалий қўлланмалар электрон шаклда Олий Мажлис палаталарига, барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, илмий тадқиқот ва олий таълим муассасаларига, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва у орқали республикамиздаги туман (шаҳар) ахборот-ресурс марказларига тарқатилди.

Конституциявий ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси

Муҳим тарихий воқелик – конституциявий ислоҳотлар жараёнида Институт жамоаси фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, Конституциявий комиссия қарорига мувофиқ, Институтнинг 9 нафар илмий ходими Конституциявий комиссиянинг Таклифлар билан ишлаш гуруҳи ва 4 нафар илмий ходими Конституциявий комиссиянинг Йиғма ахборот-таҳлил гуруҳи ҳузуридаги Экспертлар гуруҳи таркибида самарали фаолият кўрсатди.

Шу билан бирга, конституциявий ватанпарварлик, фаол фуқаролик позицияси ва илмий-экспертлик муассасаси вакили масъулияти ўлароқ, Институт ходимлари томонидан meningkonstitutsiyam.uz платформаси, махсус телеграм бот, колл-марказ, анъанавий ва электрон почта орқали амалдаги Конституциямизга 2022 йилнинг 25 май кунидан 1 август кунига қадар бўлган даврда, хусусан, биринчи босқичда 112 та, иккинчи босқич – «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонуннинг умумхалқ муҳокамаси жараёнида конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан 69 та таклиф илгари сурилди.

Шу билан бир қаторда, конституциявий ислоҳотлар ҳамда Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича қатор давлат органлари, илмий муассасалар ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликда давра суҳбати, семинар, конференция ва учрашув тарзида 100 га яқин тадбир ташкил этилди. Уларнинг кўпчилигида Институт ходимлари бевосита маърузалар билан иштирок этишди, оммавий ахборот воситалари ва интернет орқали 248 маротаба (шундан босма ва электрон нашрларда 30 та, радиода 24 та, телевидениеда 68 та, веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқларда 126 та) чиқишлар қилинди ва ўтказилган тадбирлар ҳақидаги маълумотлар ёритилди.

Институт веб-сайтида «Конституциявий ислоҳотлар» (lpri.uz/constitu-tional-reforms/) махсус рукни йўлга қўйилиб, унга ҳамда Институтнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига конституциявий ислоҳотларга доир жами 300 дан зиёд материал жойлаштирилди ва мазкур маълумотлар билан танишганлар умумий сони 100 мингдан зиёдни ташкил этмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ислоҳотлари жараёнида иштироки

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида жорий йилдаги устувор йўналишлар аввалида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига, жумладан, бу борада хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди «қўл бошқаруви»дан – аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш кераклиги, биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилиниб, Ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгариши, энг аввало, вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши хусусида алоҳида таъкидлади.

2022 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–269-сон Фармони қабул қилинди.

Айтиб ўтиш керакки, мазкур Фармонни ишлаб чиқиш учун асос бўлган ўрганишлар ва таҳлиллар жараёнида Институт ходимлари фаол иштирок этди. Чунончи, Институт илмий ходимларидан иборат таркибдаги Ишчи гуруҳ томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг, Космик тадқиқотлар ва технологиялар, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентликлари ҳамда Дин ишлари бўйича, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмиталари каби ташкилотларнинг фаолияти функционал таҳлил қилиниб, тегишли ахборот-таҳлилий маълумотномалар тайёрланди, таклифлар ишлаб чиқилди ва ваколатли органга тақдим этилди.

Ўзбекистоннинг халқаро ташаббуслари доирасида бажарилган ишлар

БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларни парламентлараро даражада тарғиб қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.

Институт томонидан «Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги ташаббуслари ва баёнотлари ўз вақтида ва кенг кўламда амалга оширилишини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»нинг 1-банди доирасида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, ушбу ҳужжатнинг муқобил варианти тайёрланди.

Шунингдек, Институт томонидан БМТнинг «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюцияси концепцияси лойиҳаси ҳамда унинг муқобил вариантлари ишлаб чиқилиб, тақдим этилди.

Илмий кадрларни тайёрлаш йўлида

Бугунги кунда Институт илмий ходимларидан 4 нафари Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази ҳузуридаги Илмий даражалар берувчи кенгашларнинг аъзолари сифатида фаол иштирок этиб келишмоқда. Улар томонидан 2022 йилда илмий даражалар олиш учун ёзилган диссертацияларга 8 маротаба расмий оппонентлик қилинган ҳамда диссертациялар ва авторефератларга 18 маротаба тақризлар берилган.

Халқ билан мулоқот ва очиқлик доимий устувор йўналишлар сифатида

Халқ билан мулоқот йўналишида 2022 йилда Институт масъуллигидаги “Mening fikrim” веб-порталига фуқаролар томонидан 901 та электрон жамоавий мурожаат келиб тушди. Улардан таълим, қурилиш, тадбиркорлик, туризм, cоғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик каби соҳаларга оид 15 та электрон жамоавий мурожаат веб-порталга жойлаштирилди. Жараёнда фуқаролар томонидан 444 та изоҳ қолдирилди.

Олий Мажлис палаталарининг 2022 йил 10 март кунги “Mening fikrim” веб-портали орқали келиб тушган электрон жамоавий мурожаатларни кўриб чиқиш самарадорлигини таъминлаш тўғрисида»ги Қўшма қарори билан Ишчи комиссиянинг янги таркиби тасдиқланди.

Очиқликни таъминлаш йўналишида Институт ходимлари 765 маротаба турли тадбирлар (382 та офлайн ва 383 та онлайн шакл)да иштирок этиб, қонунчиликдаги долзарб масалаларга бағишлаб ўтказилган 175 та халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференция, давра суҳбати ва семинарларда маърузалар билан иштирок этишди.

Институт ходимларининг марказий босма, электрон ва халқаро нашрларда қонунчиликдаги дозарб масалалар ва амалдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган 212 та илмий ва илмий-оммабоп мақолалари эълон қилинди.

Амалга оширилган ишлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жами 3 246 маротаба, шу жумладан, Олий Мажлис палаталари веб-сайтларида 332 та, марказий босма нашрларда 92, телеканаллар орқали 122 та, Facebook ва Telegram саҳифалари орқали 2 243 та, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида 89 маротаба ёритилди.

Институт ходимлари телеканаллар орқали эфирга узатилган 76 та ахборот ва таҳлилий кўрсатувларда иштирок этишди.

Институтнинг ижтимоий тармоқлар (Facebook ва Telegram)даги саҳифалари орқали аҳолининг кенг қатлами (8,5 мингдан ортиқ обуначи)га қонунчиликдаги янгиликлар, ҳуқуқий-ижтимоий масалалар бўйича ахборотлар бериб борилмоқда.

Келгусидаги вазифалар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида давлат ва жамият ишларини бошқаришда парламентнинг ролини кучайтиришга қаратилган вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Институт 2023 йилга қуйидагилар:

биринчи, парламент палаталарининг Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда барча соҳада қонун устуворлигини, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлаш бўйича самарали назорат ўрнатиш ва уларнинг тўлиқ бажарилишини мониторинг қилиш каби жараёнлардаги фаолиятини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

иккинчи, Конституциямизни такомиллаштиришдек масъулиятли вазифани амалга оширишда Қонунчилик палатаси қўмиталарига ва Конституциявий комиссияга яқиндан кўмаклашиш;

учинчи, Олий Мажлис палаталари ваколатлари кенгайтирилаётгани сабабли халқаро ҳуқуқ нормалари, ривожланган давлатлар қонунчилиги ва илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, таҳлил қилиш ва умумлаштириш натижалари асосида парламентимизнинг иш услубини янада яхшилаш ва фаолият самарадорлигини оширишга доир илмий асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

тўртинчи, маъмурий ислоҳотлар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳамиятини тушунтириш ишларида илмий ходимларимиз иштирокини таъминлаш, маъмурий ислоҳотларнинг кейинги босқичини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва улар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга оид фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;

бешинчи, Мурожаатномада таъкидланган яна бир муҳим йўналиш – «ижтимоий давлат»нинг ҳуқуқий табиати, тушунчаси, мазмун-моҳияти ва аҳамиятини назарий ва ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш каби вазифалар режалаштирилди.

Хулоса қилиб айтганда, асосий мақсадимиз фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш ва Янги Ўзбекистоннинг равнақига муносиб ҳисса қўшишдан иборат.


Фозилжон ОТАХОНОВ,
Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари

 ва парламент тадқиқотлари институти директори,
 юридик фанлар доктори, профессор.

www.xs.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930