Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти бўлиб ўтди

“Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти бўлиб ўтди


Тошкентда 24 май куни “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Инсон қадри” онлайн платформаси ҳамда “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдим этилди.

Анжуманда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси ижроси учун масъул вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, халқаро ташкилот раҳбарлари, экспертлар иштирок этди.

Тадбир аввалида “Инсон қадри” онлайн платформаси тақдимоти ўтказилиб, порталнинг ишлаш механизми, лойиҳадан кутилаётган натижалар хусусида батафсил маълумот берилди.

– “Инсон қадри учун” тамойили замирида инсоннинг тинч ва хавфсиз ҳаётини, фундаментал ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, ҳар бир шахс учун муносиб турмуш шароити ҳамда замонавий инфратузилма яратиш, одамларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит ҳосил қилишдек устувор мақсад, вазифалар мужассам, – деди Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

“davlatdasturi.uz” онлайн платформаси орқали аҳоли Давлат дастурларида белгиланган чора-тадбирлар ижроси билан батафсил танишиши, тегишли йўналишда амалга оширилиши кўзда тутилган ишлар юзасидан фикр, таклиф ёки эътирозини билдириши мумкин.

– Тараққиёт стратегияси ва Давлат дастури ижросини кенг жамоатчилик томонидан кузатиб бориш имконини яратиш мақсадида онлайн порталдаги маълумотлар мунтазам янгилаб борилади, – деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. – Бу жараённинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, порталда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўз ҳаётида ҳис қилиши лозим бўлган фуқаролар ижро ҳолати бўйича ўз муносабатини фото, видео ёки электрон ҳужжатни юклаш орқали билдириш имкони яратилган.

Тақдимот маросими чоғида онлайн портал орқали Тараққиёт стратегиясини 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган 398 та банд ҳамда йўналиш доирасида назарда тутилган чора-тадбирлар бўйича маълумот жойлаштирилгани қайд этилди. Бунда ижро ҳолати “бажарилган”, “бажарилмоқда” ёки “бажарилмаган” кўринишида акс этиши таъкидланди.

Шу билан бирга, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналишни амалга оширишга қаратилган 100 та мақсад ва кўрсаткич ҳақидаги маълумот акс этган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” тўплами тақдимоти ҳам ўтказилди.

Ўтган қисқа вақт ичида мазкур тўплам инглиз, хитой, итальян тилларида ҳам чоп этилиб, мамлакатимиз ва хориждаги элчихоналар, халқаро ташкилот ва кенг жамоатчилик учун ҳам намойиш этилганига алоҳида урғу берилди.

Халқимиз ва кенг жамоатчилик учун ислоҳотлар ҳаётийлигини таъминлашга қаратилган портал ҳамда тўплам тақдимотига бағишланган тадбирда бир қатор маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳам фикр- мулоҳазаларини билдирди.

Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов ҳамда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, ҳужжат ижроси учун масъул вазирлик, идоралар ўртасида маълумот алмашиш механизмини йўлга қўйиш, эришилган натижаларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли ва иштирокини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Қизғин ўтган тақдимот маросими якунида мазкур портал “Тараққиёт стратегияси” маркази жамоаси иштирокида мунтазам такомиллаштириб борилиши, айни жараёнда кенг жамоатчилик томонидан билдириладиган фикр, мулоҳазаларга жиддий эътибор қаратилиши маълум қилинди.

Тақдимот маросимида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Фозилжон Отахонов иштирок этди.


www.uza.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930