Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Марказий Осиё тадбиркор аёллари ҳамкорлиги мустаҳкамланади

Марказий Осиё тадбиркор аёллари ҳамкорлиги мустаҳкамланади


Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида “Women and Girls Empowered” (WAGE) консорциуми томонидан АҚШ Савдо вазирлиги Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда “Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлиги” мавзусида ташкил этилган минтақавий конференция бўлиб ўтди.

Анжумандан кўзланган мақсад Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлиги Миллий кун тартибини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича илғор амалиётни ўрганиш, тажриба алмашиш, минтақада аёллар бизнес ҳамжамияти билан давлат ўртасидаги мулоқотни кучайтиришдан иборат.

Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистондан давлат идоралари, аёллар бизнес ҳамжамияти, университет, таҳлилий марказлар, халқаро ташкилотлар ва бошқа турли манфаатдор томонлар вакиллари, экспертлар иштирок этган тадбирда мамлакатимиздан 21 нафар мутахассис фаол қатнашди.

“WAGE” дастури миллий координатори Малика Муқимова шиддат билан ривожланиб бораётган давр одамлардан замон билан ҳамнафас бўлиш, тенгма-тенг қадам ташлаш учун муттасил изланиш, ўқиб-ўрганишни талаб этаётганига урғу берди. Юртимизда асл тадбиркор аёллар ўз ишбилармонлиги билан нафақат ўзларининг, балки эл-улус фаровонлиги йўлида ҳам хизмат қилаётгани ҳақида сўз юритди.

Икки кун давом этган конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ, қулай имконият яратиш, жамият ва давлат ишини бошқаришда аёлларнинг самарали иштирокини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани хусусида тўхталди.

“Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва инклюзив иқтисодиёт бўйича Давлатлар стратегияси ва дастурлари” номли иккинчи ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Mалика Қодирхонова ҳамда Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Хўжаева республикамизда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахоновнинг муайян таклифлари ҳам иштирокчиларда ўзига хос қизиқиш уйғотди.

Анжуман якунида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон “WAGE” Коалициялари ҳамда Туркманистон тадбиркор аёллари ўртасида Меморандум имзоланди.

Мамлакатимиз делегацияси аъзолари ташриф доирасида давлат идоралари вакиллари, аёллар бизнес ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этди. Мулоқотлар давомида Марказий Осиё мамлакатларида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича аниқ таклиф, тавсиялар ишлаб чиқилди.

www.uza.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930