Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Умрдош, фикрдош ҳуқуқшунос олимлар – Икром Зокиров ва Мамлакат Восиқова

Умрдош, фикрдош ҳуқуқшунос олимлар – Икром Зокиров ва Мамлакат Восиқова


Қолғон киши касби илмдин заҳмат аро,

 Фиқҳ ўргансун саъй ила ул меҳнат аро,

 Илм ичра шараф фиқҳда бил нисбат аро – 

 Ким сарвар эрур фақиҳ бу уммат аро.

                                                                                          Алишер Навоий

2024 йил 11 март куни Тошкент шаҳрида  Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан ”Умрдош, фикрдош ҳуқуқшунос олимлар – Икром Зокиров ва Мамлакат Восиқова ўқишлари”  мавзусида республика илмий конференцияси ташкил қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,   Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар мактаби ҳамда юридик ихтисослик бўйича кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, Мамлакат Восиқова номидаги ТДЮУ ҳузуридаги академик лицей ўқитувилари ва талабалари, илмий тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар, устозларининг фарзанд ва набиралари иштирок этишди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, академик Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори, профессор Муроджон Турғунов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Конференцияда “Устозлар йўлидан бориб” мавзусида – Ўзбекистон судьялар ассоциацияси раиси,  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев,  “Мамлакатимизда цивилистик доктрина: манбалари, алломалари, фундаментал ғоялари” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бош илмий ходими, юридик фанлар доктори, профессор Омонбой Оқюлов,  “Мамлакат Восиқованинг илмий мероси” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Жўрабой Тошқулов,   “Мамлакат Восиқованинг Ўзбекистонда юридик хизматни ривожлантиришдаги роли” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, “Устоз Икром Зокировнинг илмий мактаби” мавзусида – Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курси директори, юридик фанлар доктори, профессор Сотволди Бобоқулов,“Икром Зокиров – мустақил Ўзбекистонда биринчи дарслик муаллифи”мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Миродил Баратов, Ўзбекистонда оила қонунчилигининг ривожланиши” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти докторанти, юридик фанлар номзоди Шахзода Рашидова маъруза қилдилар ҳамда устозларнинг қизлари Адолат Рашидова конференция иштирокчиларига ота-оналари тўғрисидаги хотираларни ҳис-ҳаяжон билан сўзлаб берди. 

Маърузачилар таъкидлаганидек, устозлар ҳар жиҳатдан барчага ўрнак бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтишган, давлат ва жамият тараққиётига, ижтимоий муносабатлари ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга муносиб ҳисса қўшишган, юқори малакали ҳуқуқшуносларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга, юридик соҳада илмий ходимларни тайёрлашга умрларини бахшида қилишган ҳамда  ўзларидан бой илмий мерос қолдиришган.

Икром Зокиров ва Мамлакат Восиқованинг умрдош ва фикрдош ҳуқуқшунос бўлиб узоқ йиллар умргузаронлик қилишларида, бир-бирларига бўлган ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ва мустаҳкамлашда уларнинг донолиги, сабр-қаноати ва матонати, шукроналик, оилага садоқат каби ибратли хусусиятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. 

Конференцияда ТДЮУ ҳузуридаги Академик лицей талабалари томонидан устозлар Икром Зокиров ва Мамлакат Восиқованинг босиб ўтган ҳаёти ва фаолияти, илмий-ижодий, давлат ва жамоат фаолиятида амалга оширган ишлари ифодаланган саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларида чуқур таассурот қолдирди.

Анжуман якунида ТДЮУ ҳузуридаги Академик лицей талабалари ва уларнинг мураббийсига фахрий ёрлиқлар тантанали равишда топширилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930