Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон ва Россия:медиация соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама марказида

Ўзбекистон ва Россия:медиация соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама марказида


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федератив Республикасига амалга оширилган ташрифи чоғида икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, шу жумладан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугун юртимиз иқтисодиётида Россиядан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди ва жадал ўсишда давом этмоқда. Умумий қиймати 14 миллиард долларлик истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги умумий ҳамкорлик алоқаларини йилдан-йилга кенгайиб бораётганлигини кўрсатмоқда. Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги учрашувда эришилган келишувлардан келиб чиқиб, 2021 йил 25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Россиянинг Мустақил медиаторлар клуби билан ҳамкорликда соҳа юзасидан ўзаро тажриба алмашишга бағишланган “Медиациянинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти илмий ходимлари, институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши аъзолари, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, профессионал медиаторлар (онлайн), ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева кириш сўзи билан тадбирни очиб, ҳозирги ривожланиб бораётган фуқаролик жамиятида, иқтисодий ва меҳнатга оид низоларни судгача олиб бормасдан муқобил усуллар билан ҳал қилишга қаратилган медиация институтини ривожлантириш жамиятдаги демократик ислоҳотларнинг ажралмас бўлаги эканлигига алоҳида урғу берди.


Россия Мустақил медиаторлар клуби бошқаруви раиси Валерий Расторгуев

“Медиация институтини ривожлантиришнинг истиқболлари” мавзусидаги маърузасида Россия Федерацияси профессионал медиаторларни тайёрлашда ўзига хос тажрибага эга эканлиги, соҳа қонунчилигига мувофиқ, мамлакатдаги медиация институтларининг ривожланиш босқичлари, Россияда медиатор бўлиш учун белгиланган талаблар, профессионал ва профессионал бўлмаган медиаторларнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари ва бошқа долзарб масалалар юзасидан иштирокчиларга маълумот берди.


Профессионал медиатор, юридик фанлар номзоди Дилбахор Якубова ўз маърузасида 2018 йилда Ўзбекистонда “Медиация тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан медиация институтининг ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилганлиги, медиациянинг асосий тамойиллари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, профессионал медиаторларнинг реестрини юритиш тартиби, медиатив келишувнинг ўзига хос жиҳатлари, жамиятнинг замонавий ривожланиш босқичида медиацияни амалиётга татбиқ этишдаги муаммолар каби масалалар юзасидан фикр билдириб, улар бўйича илмий асослантирилган таклифларни илгари сурди.


Шунингдек, Севархон Марипова “Профессионал медиаторларни тайёрлашда Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги маърузасида медиация соҳасини тартибга солувчи қонунларга мувофиқ, профессионал медиаторларни тайёрлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида маълумот бериб ўтди.


Фозилжон Отахонов юқорида келтирилган икки давлат раҳбарлари учрашуви медиация соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликнинг янги босқичини очиб берганлигини таъкидлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган медиация соҳасининг ривожи учун тизимли ишлар амалга ошириб келинаётганлигини алоҳида қайд этар экан, мазкур соҳада олиб борилаётган илмий-амалий ишларда россиялик мутахассислар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этди.
Давра суҳбати давомида медиация соҳаси билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга маърузачилар батафсил жавоб беришди.Тадбир якунида медиация институтининг самарадорлигини янада ошириш, истиқболда медиацияни қўллашнинг янги имкониятларини аниқлаш ва қонунчиликда акс эттириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930