Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жамоатчилик назорати: қонунчиликни такомиллаштириш масалалари

Жамоатчилик назорати: қонунчиликни такомиллаштириш масалалари


2024 йил 11 январь куни Тошкент шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар муҳокамасига бағишланган экспертлар учрашуви ташкил қилинди.

Учрашувда нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва экспертлар иштирок этишди.

Тадбирни USAIDнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар дастури директори Раҳима Назарова кириш сўзи билан очиб берди.

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси-нинг Қонунига жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун лойиҳаси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов тадбир иштирокчиларига батафсил ахборот берди.

Учрашувда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатда самарали жамоатчилик назорати тизимини жорий қилиш, шу жумладан фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.

Хусусан, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди, жамоатчилик кенгашлари институти шакллантирилди, 2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қабул қилинди, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси тизими жорий қилинди ҳамда очиқлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг                   36-моддаси кўра “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади”.  Конститу-циянинг 49-моддаси мувофиқ “Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади”. Шунингдек, Конституциянинг 148-моддасига кўра “Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади”. 

Ушбу конституциявий нормаларни амалга ошириш механизмини яратиш шу кунннинг долзар масалалари бўлиб ҳисобланади.

Шу билан бирга, жамоатчилик назорати тизимини тўлақонли ҳаётга татбиқ этишда айрим тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, жумладан амалдаги қонунчиликда «жамоатчилик назорати» тушунчасига таъриф берилмаганлиги натижасида турли ёндашувлар вужудга келмоқда, шунингдек, жамоатчилик назоратини амалга ошириш шаклларининг аниқ механизмлари, муддатлари ва тартиб-таомиллари белгиланмаганлиги жамоатчилик назорати расмиятчилик учун ўтказилишига сабаб бўлмоқда.

Шу сабабли муҳокама қилиш учун тақдим қилинган қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини таъминлашга қаратилган «жамоатчилик кузатув комиссияси», «жамоатчилик инспекцияси» ва «жамоат инспектори» институтларини жорий қилиш, жамоатчилик кенгашларини ташкил қилишнинг қонуний асослари, жамоатчилик назорати тушунчаси, мақсади, вазифалари ва унинг ҳар бир шаклини аниқ механизмларини ёритиш назарда тутилмоқда.

Экспертлар учрашуви қатнашчилари қонун лойиҳасини янада мукаммаллаштириш мақсадида жамоатчилик назоратини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотлари масъулиятини ошириш, қонун нормаларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш, жамоатчилик кенгаши аъзоларини очиқ ва шаффоф танлаш, жамоатчилик палатаси тўғрисида алоҳида модда киритишга қаратилган таклифларни илгари сурдилар.

Тадбир якунида қонун лойиҳасида назарда тутилган янги нормалар жамоатчилик назоратининг самарадорлиги ва таъсирчанлигини, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик ва шаффофлик даражасини оширишга хизмат қилади деган хулосага келинди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930