Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари

Иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг                            долзарб масалалари


Жорий йилнинг 16-17 ноябрь кунлари Тошкентда “Одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги Судьялар миллий конференцияси бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “East-West Management Institute” (EWMI) нодавлат нотижорат ташкилоти Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу икки кунлик анжуманда Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий мактабининг вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча судларидан юздан зиёд судьялар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. 

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Олий суд раиси Бахтиёр Исломов, USAIDнинг Ўзбекистондаги Миссияси раҳбари Дэвид Хоффман, Судьялар олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов ва JSSA лойиҳаси раҳбари, EWMIнинг Ўзбекистондаги филиали директори, судья Соня Простран бу каби конференцияларнинг ўтказилиши одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалаларини ҳамда амалиётда юзага келаётган муаммоларни кенг муҳокама қилиш учун яхши имконият ва қулай майдон эканлигини таъкидладилар.

Конференция доирасида “Иқтисодий судларда одил судловни амалга оширишнинг долзарб масалалари”га бағишланган сессияси ташкил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Рустам Хайдаров модераторлик қилган тадбирда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси, юридик фанлар номзоди - Рахматжон Бердияров «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишларни иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиш амалиёти ва тугатишга доир иш юритиш жараёнида юзага келаётган муаммолар» мавзусидаги маърузасида бу борадаги муаммоларни ҳал қилиш учун бир қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, биринчидан, соҳасидаги муносабатларда иш юритишнинг асосий принципларини ишлаб чиқиш, тартибга солинмаган муносабатга нисбатан қонун аналогиясини қўллашни белгилаш; иккинчидан, суд бошқарувчиларнинг ҳуқуқий мақомига ва номланишига аниқлик киритиш, унинг фаолияти мазмунидан келиб чиқиб такомиллаштириш, “қарздорни бошқарувчи” сифатида ўзгартиш; учинчидан, барча иш юритиш тартиб-таомиллари даври учун ойлик иш ҳақини миқдорини белгилаш мезонини жорий этиш ҳамда навбатдан ташқари ундирувни қайта кўриб чиқиш; тўртинчидан, солиқлар ва йиғимлар бўйича мажбуриятини бажармаганлиги муносабати билан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқидан қарздорни чиқариш каби таклифлар иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

«Иқтисодий судлар томонидан ишларни кўришда медиация институтини қўллаш амалиёти ва ушбу институтни қўллашда юзага келаётган муаммолар»  мавзусида маъруза қилган Юқоричирчиқ туманлараро иқтисодий судининг раиси, юридик фанлар номзоди Гайрат Машкуров тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддаси биринчи қисми 53–банди билан кўрмасдан қолдирилган ишлар республика миқёсида иқтисодий судларда 2019 йилда 41 та, 2020 йилда 435 та, 2021 йилда 2013 та, 2022 йилда 3561 та, 2023 йилнинг 10 ойида 4480 тани ташкил этганлигини қайд қилиш билан бирга бу соҳадаги муаммоларга ҳам батафсил тўхталди. Медиация институтини иқтисодий судларда қўллашдаги муаммолари сифатида жумладан қуйидагилар таъкидланди:

биринчидан, медиация тартиб таомилини амалга оширишда айрим қонун нормалари ўртасида зиддиятларнинг мавжудлиги уни тўлақонли амалга оширишда қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг                                  131-моддасида учинчи қисмида медиатив келишув биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкинлиги белгиланган. Бироқ, “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни 15-моддаси иккинчи қисмига кўра, “Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин” дейилган;

иккинчидан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 131-моддасининг иккинчи қисмида “медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин”лиги белгиланган бўлсада, буни амалда қўлланилишида айрим ноаниқликлар мавжуд бўлиб қолмоқда. Яъни, “даъво тартибидаги ҳар қандай иш”га соддалаштирилган тартибдаги ишлар ҳам кириш ёки кирмаслиги юзасидан аниқ бир тўхтам амалиётда мавжуд эмас.

учинчидан, -“Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасида давлат органи иштирокида низо келиб чиққан тақдирда, давлат органи медиацияни қўллаш бўйича чоралар кўриши кераклиги қайд этилган. Амалдаги таҳрир ноаниқ, мавҳум, яъни давлат органлари қандай низолар келиб чиққанда ва қайси ҳолларда медиацияни қўллаш лозимлиги ҳақида якдил тасаввур мавжуд эмас.

Ривожланган давлатлар амалиётини мамлакатимизда кенг жорий қилиш мақсадида маърузачи қуйидаги таклифларни иштирокчилар ҳукмига ҳавола қилди: биринчи, нодавлат-нотижорат мақомига эга бўлган, имкон қадар аксарият медиаторларнинг аъзолигига асосланган Ўзбекистон медиаторлар палатасини ташкил этиш; иккинчи, Олий таълим муассасаларида, Судьялар олий мактаби, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Ички ишлар вазирлиги Академияси ҳамда мутахассисларни малака оширишга оид барча тизимларида медиация ўқув курсларини киритиш; учинчи, низоларни судга қадар ҳал қилишнинг муқобил усуллари сифатида медиациядан фойдаланиш ва унинг афзалликлари ҳақида тарғибот ва ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб бориш; тўртинчи, медиаторларни давлат томонидан молиявий қўллаб-қувватлаш, жумладан оилавий низоларни бепул ўтказилишини таъминлаш мақсадида, республика бюджети ҳисобидан медиация хизматлари учун маблағ ажратиш; бешинчи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди веб-сайтида медиатив келишув билан боғлиқ бўлган ишлар юзасидан статистик маълумотларни тизимли равишда жойлаштириб бориш; олтинчи, барча суд бинолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий тузилмалари биноларида кўринарли жойда профессионал медиаторлар рўйхатини осиб қўйиш; еттинчи, медиацияга оид қонунни амалда қўллашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорини қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

“Гаровга оид низоларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида Тошкент туманлараро иқтисодий суди раисининг ўринбосари  Мухитдин Султонов маърузасида суд амалиётида юзага келаётган аниқ вазиятлар таҳлил қилиниб, бир қатор  таклифлар билдирилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (ФК)                                               281-моддасининг олтинчи қисмига кўра, агар гаровга олувчи гаров нарсасини ўзида олиб қолиш ҳуқуқидан такрорий кимошди савдоси амалга ошмаган деб эълон қилинган кундан эътиборан бир ой ичида фойдаланмаса, гаров тўғрисидаги шартнома бекор қилинади, аммо                               382-моддасига мувофиқ эса, шартнома шартнома тарафларнинг келишувига мувофиқ ёки суд томонидан ўзгартирилиши ва бекор қилиниши мумкин. Шунинг учун ҳам айнан бу вазиятда шартнома ўз-ўзидан бекор бўлади деб хулоса қилиш нотўғри ҳисобланади. Шунингдек, ФК 281-моддасининг иккинчи қисмида гаровга қўювчининг илтимосига кўра, суд ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш тўғрисидаги қарорда уни очиқ кимошди савдосида сотишни бир йил муддатгача кечиктиришга ҳақли эканлиги назарда тутилган бўлса, “Ипотека тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 53-моддасига кўра, ипотекага қўювчи фуқаро (жисмоний шахс) бўлган ҳолларда, башарти гаров бу фуқаронинг (жисмоний шахснинг) тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ бўлмаса, у ипотека тўғрисидаги шартнома бўйича қандай мол-мулкни гаровга қўйганидан қатъи назар, узрли сабаблар бўлган тақдирда, суднинг қарорига кўра ундирувни ижрога қаратиш ипотекага қўювчининг аризасига мувофиқ суд томонидан бир йилгача муддатга кечиктирилиши мумкинлиги назарда тутилган. Ушбу ҳолатда ФК 281-моддасига қўшимча киритиш юзасидан таклиф бериш ва гаровга қўювчи юридик шахслар бўлганлиги сабабли гаровдаги мулкка ундирувни қаратишни кечиктириш мумкин эмаслиги юзасидан судларга Пленум қарорларида  тушунтириш бериш мақсадга мувофиқ деган таклиф илгари сурилди. Бундан ташқари гаровга қўювчининг мулкий мажбуриятлари ва  гаров шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги талабларни рад этиш масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

“Суд харажатларини тақсимлаш бўйича амалиётда юзага келаётган муаммолар мавзусида Тошкент вилоят судининг судьяси - Ихтиёр Юсупов маъруза қилиб, суд харажатлари тушунчаси, таркиби, давлат божи билан суд чиқимлари ўртасидаги фарқлар, давлат божини тўлашдан озод қилишнинг ҳуқуқий асослари, суд харажатларини тақсимлаш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида аниқ мисоллар билан тушунтириш берди. 

Бундан ташқари “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунни такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар киритди. Жумладан, кичик тадбиркорлик субъектлари амалга оширадиган тадбиркорлик фаолияти доирасида судларга мурожаат қилиш чоғида Давлат божи ставкалари миқдорининг 2-бандининг «а» — «г» ва «е» кичик бандларида белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши белгиланганлиги, аммо мазкур ҳолатда даъво суммасидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган давлат божи БҲМнинг 50 фоизидан ҳам кам бўлиб кетган ҳоллар бўйича аниқ тушунтириш берилмаганлиги ушбу нормани қўллашда хато ва камчиликларга олиб келаётганлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза бўйича тўланадиган (ундириладиган) давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан кам бўлмаслиги лозим, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган ҳолда эса, тўланадиган давлат божининг миқдори БҲМнинг 25 фоизидан кам бўлмаслиги керак деган нормани киритиш лозим, деган таклифни берди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби “Иқтисодий ҳуқуқ” кафедраси профессори, юридик фанлари доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир иштирокчилари кун тартибидаги барча масалалар юзасидан мунозарада қатнашиб, қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифларни ва Олий суд Пленуми қарорларини қабул қилиш мақсадга мувофиқлигини қўллаб-қувватладилар.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930