Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишнинг долзарб масалалари

Жамоатчилик назорати таъсирчанлигини оширишнинг долзарб масалалари


Жорий йилнинг 6 январь куни Нукус шаҳрида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси томонидан  Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича дастури кўмагида “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва халқаро тажриба” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.

Давра суҳбатида Қорақалпоғистон Республикаси давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, депутатлар, адлия вазирлиги ва бошқа давлат органлари вакиллари,  нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори Сайёра Ходжаева ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Амангелди Пренов кириш сўзи билан очиб бердилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси худудий бўлинмаси бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши  ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Қуўатбай Каримходжаев модераторлик қилди.   

Давра суҳбатида “Давлат органлари ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори, Коррупцияга қарши  курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, “Жамоатчилик кенгашлари: халқаро тажриба” мавзусида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари, юридик фанлар номзоди Сайёра Ходжаева, “Демократик жараёнларда жамоатчилик маниторингининг роли” мавзусида “Юксалиш” умуммиллий  ҳаракати  Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари, Қорақалпо-ғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маслаҳатчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати,   Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши аъзоси – Тажибай Романов, “ННТларнинг халқаро ва маҳаллий грант танловларида иштирокини кучайтириш ҳамда ижтимоий аҳамияти долзарб бўлган лойиҳаларни шакллантиришдаги муаммолар”  мавзусида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси  ҳудудий бўлинмаси раҳбари Назира Елибаева маъруза қилдилар.

Тадбирда маърузачилар таъкидлаганидек, бугуни кунда таъсирчан жамоатчилик назорати самарадорлигини ошириш масалалари Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йиллар мобайнидаги ривожланиш йўлининг асоси ҳисобланган муҳим ҳужжат – Тараққиёт стратегиясининг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” номли биринчи устувор йўналишида ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан  белгиланган еттита мақсадида мустаҳкамлаб қўйилгани бежиз эмас.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг   36-моддаси кўра “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда шакллантириш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назорати воситасида амалга оширилади”. Конституциянинг 49-моддасига мувофиқ “Давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади. Шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади”. Конституциянинг 148-моддасига кўра “Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ҳамда ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади”. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Конституция ва қонун устуворлигига эришишда  жамоатчилик назоратидан кўра самарали восита йўқ”.

Ушбу конституциявий нормаларни амалга оширишда давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир иштирокчилари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш шакллари ва механизми, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда бу борадаги муаммолар, шунингдек давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари таркибини шакллантириш, жамоатчилик кенгаши аъзолари фаоллигини ошириш учун мотивация бериш воситалари ва усуллари тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларнинг халқаро ва маҳаллий грант танловларида иштирокини кучайтириш мақсадида лойиҳаларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш ва бунга юқори малакали, хорижий тилларни биладиган ва дастурий маҳсулотларни яратиш тажрибасига эга бўлган мутахассисларни жалб қилиш лозимлиги тўғрисидаги таклифлар илгари сурилди.

Давра суҳбати иштирокчилари жамоатчилик кенгашларининг қонуний асосларни такомиллаштириш зарурлиги ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиришга бўйича институционал асос яратиш лозимлигини қайд қилдилар.

Тадбир иштирокчиларига  “Ҳокимликлари ҳузуридаги Жамоат-чилик кенгашлари: ҳуқуқий асослари ва фаолият йўналишлари” деб номланган амалий қўлланма ҳамда “Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг  Ўзбекистондаги жамоатчилик назорати  ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли” бўйича фикрларини ўрганиш мақсадида сўровнома тарқатилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930