Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ф.Отахонов. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш муаммолари

Ф.Отахонов. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш муаммолари


Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритиш муаммолари // “Ўзбекистонда судлар фаолияти ва суд ҳужжатлари ижроси: уйғунлиги, бугунги ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги республика илмий-амалий онлайн конференцияси (2020 йил 15 май ТДЮУ) материаллари тўплами – Тошкент, ТДЮУ, 2020. – 8 –17 бетлар.

 

Отахонов Фозилжон Хайдарович

Тошкент давлат юридик университети

“Фуқаролик процессуал ва иқтисодий процессуал ҳуқуқи” кафедраси профессор в.б., юридик фанлар доктори.

 

ҲАКАМЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИНИ МАЖБУРИЙ ИЖРО ЭТИШ УЧУН ИЖРО ВАРАҚАСИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ ЮРИТИШ МУАММОЛАРИ

Аннотация: Ушбу мақолада ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишларни юритишда амалиётда юзага келаётган муаммолар таҳлил қилинган ҳамда муаллиф кўп йиллик ҳакамлик судьяси сифатидаги тажрибасига таяниб мазкур муаммоларни ҳал қилишга оид илмий асослантирилган таклиф ва тавсияларни илгари сурган.

Аннотация: В данной статье анализируются проблемы, возникающие на практике в процессе выдачи исполнительного листа для принудительного исполнения решения третейского суда, и автор, основываясь на многолетнем опыте работы в качестве третейского судьи, выдвигает научно обоснованные предложения и рекомендации для решения этих проблем.

Аnnotation: This article analyzes the problems that arise in practice in the process of issuing a writ of execution for the enforcement of an arbitration court decision, and the author, based on many years of experience as an arbitrator, puts forward scientifically based proposals and recommendations for solving these problems.

 Таянч (энг муҳим) сўзлар: ҳакамлик суди, ваколатли суд, иқтисодий суд, ҳал қилув қарори, ажрим, ариза, ижро.

Ключевые словатретейский суд, компетентный суд, экономический суд, решение, определение, заявление, исполнение.

Key words: arbitration court, competent court, economic court, decision, determination, application, execution.

 

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиётда маъмурий-буйруқбозликка асосланган бошқарув тизимидан воз кечилиб, бозор ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилгани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун кенг имкониятлар ва қулай шароитлар яратилишига хизмат қилмоқда.

Бунинг боиси шуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “... тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади, яъни “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Шунинг учун бундан кейин тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади”[1]

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”[2]да хусусий мулк ҳуқуқи ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожи йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, унга тўлиқ эркинлик бериш белгиланди. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони[3] муҳим аҳамиятга эга. 

Мазкур Фармон билан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, жумладан тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этилдилар. Бу норма ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 8-9–моддаларида белгилаб қўйилган[4].

Ҳуқуқни қўллаш амалиётида, ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозаралар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади. Ҳакамлик судлари эса низоларни муқобил ҳал этишда асосий нодавлат орган сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та Ҳакамлик судларининг судьялари рўйхатига 143 та юқори малакали мутахассислар киритилган бўлиб, улардан 141 таси олий маълумотли, шу жумладан 5 таси юридик фанлари доктори, профессор, 7 таси юридик фанлари номзоди, доцент, 2 таси иқтисод фанлари номзоди, доцентдир.

Ҳакамлик судлари томонидан олиб борилаётган ишлар, Палата аъзолари бўлган тадбиркорлик субъектларига яратилган имтиёзлар, ҳуқуқий тарғибот ишлари жонлантирилганлиги, ҳудудларда семинар-тренинглар ташкил қилинганлиги, Палата ҳузуридаги Ҳакамлик судининг веб-сайти - arbitr.uz ишга туширилганлиги, Палата веб-сайтида Ҳакамлик судлари томонидан ташкил қилинган тадбирлар тезкор ёритилиб борилаётганлиги, тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва юридик хизмат ходимлари, адвокатлар мурожаатларига малакали жавоблар берилаётганлиги сабабли уларга даъво аризалари билан мурожаатлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. 

Масалан, 2019 йилда Ҳакамлик судлари томонидан 10623 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 243,3 млрд.сўм, 3,7 млн АҚШ доллари, 875 Еврони ташкил қилган. Бу 2018 йилда кўрилган ишлар сонига нисбатан 3 776 тага, 2017 йилга нисбатан эса 8158 тага кўпдир[5].

Демак, ҳакамлик судлари давлат суд тизимига кирмаган ҳолда фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низоларни мустақил ҳал этиш учун ҳуқуқий асосларга ва имкониятларга эга бўлган, бир сўз билан айтганда, ҳакамлик суди низоларни кўриб чиқиш борасида давлат судларига муқобил суд шакли сифатида ўз ўрни ва муҳим аҳамиятга эга бўлган нодавлат орган сифатида ривожланиб бормоқда. 

Ҳакамлик суди ҳам давлат судлари сингари ҳакамлик муҳокамаси натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қоида тариқасида мазкур ҳал қилув қарорида белгиланган тартибда ва муддатларда ихтиёрий ижро этилади. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори унда белгиланган муддатда ихтиёрий ижро этилмаган бўлса, у мажбурий ижро этилиши керак. Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, “Ҳакамлик судлари тўғрисида” ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунларига[6] мувофиқ ваколатли суд берган ижро варақаси асосида амалга оширилади.

Ваколатли суд сифатида иқтисодий судлар ҳакамлик муҳокамаси тарафлари юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар бўлган тақдирда ижро варақаси беришлари мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ҳуқуқига ҳакамлик муҳокамасининг ҳар икки тарафи эга бўлсада, уни мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига фақат ҳал қилув қарори унинг фойдасига қабул қилинган ҳакамлик муҳокамаси тарафи эгадир.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилишга ишда иштирок этган ёки этмаганлигидан қатъи назар учинчи шахслар ҳақли эмас, шу жумладан ҳакамлик суди ҳам ўзи томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этишга ташаббус кўрсатувчи субъект сифатида иштирок эта олмайди.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижросини тезкорлик билан таъминлаш мақсадида ундирувчи томонидан ижро варақасини олиш тўғрисидаги ариза: биринчидан, ҳакамлик суди жойлашган ердаги; иккинчидан, қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги; учинчидан, қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилиши мумкин. Мазкур муддат иқтисодий суд томонидан узрли деб топилган сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, ўтказиб юборилган муддат тикланиши мумкин.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза фақат ёзма шаклда тузилиши ва у тараф ёки унинг вакили томонидан имзоланиши лозимлиги тўғрисидаги қоида императив хусусиятга эга бўлиб, унга риоя қилиш ҳакамлик муҳокамаси тарафлари учун мажбурийдир.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади: 1) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг тасдиқланган кўчирма нусхаси; 2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси; 3) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи, агар аризачи уни тўлашдан озод қилинган бўлмаса, ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар; 4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси ҳакамлик муҳокамасининг бошқа тарафига топширилганлиги ҳақидаги хабарнома ёки унинг юборилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжат.

Иқтисодий суд томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш қуйидаги ҳолларда рад этилади: ариза ижро варақасини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан берилган бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини ихтиёрий ижро этиш муддати тугаган кундан эътиборан олти ойлик ўтказиб юборилган муддатни тиклаш рад этилган тақдирда.

Иқтисодий суд томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза қуйидаги ҳолларда аризачига қайтарилади: судловга тегишлилик, ариза шакли, мазмуни, унга илова қилинадиган ҳужжатлар ва вакил томонидан имзолаш бўйича белгиланган талабларга риоя этилмаганда, шунингдек ариза олти ойлик муддат ўтгач берилган тақдирда ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд бўлмаган тақдирда.

Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этган ҳоллардагина рад этади: 1) ҳакамлик битими қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини; 2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорида ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларни бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалардан ажратиб олиш мумкин бўлса, иқтисодий суд ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосалар бўлган қисми учун ижро варақаси беради; 3) ҳакамлик суди таркиби ёки ҳакамлик муҳокамаси "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини; 4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини; 5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини; 6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафлари учун ҳали мажбурий бўлмаганлигини ёки бекор қилинганлигини ёхуд унинг ижроси иқтисодий суд ёки фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан тўхтатиб турилганлигини.

Иқтисодий суд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича ИПКда ҳал қилув қарори қабул қилиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан ажрим чиқаради. Иқтисодий суднинг ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ажрими дарҳол ижро этилиши керак.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришнинг ҳуқуқий асослари яратилган ва улар амалиётда қўлланиб келинмоқда.

Аммо бу соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Қуйида мазкур муамаммоларнинг айримларига тўхталамиз.

Биринчи, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги махсус Қонуннинг 47 ва 53-моддаларига мувофиқ агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ваколатли судлар ўз ташаббуси билан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиши мумкинлиги тўғрисидаги норма белгиланган. Айнан шундай норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 357-моддасида ҳам назарда тутилган.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 231-моддасида бунга қўшимча равишда яна қуйидаги иккита асос бўйича иқтисодий судлар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиши мумкинлиги тўғрисидаги норма киритилган: 1) агар низо ҳакамлик суди томонидан "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддаси талабларини бузган ҳолда кўриб чиқилган бўлса, яъни давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳакамлик судларини ташкил этиши ҳамда ҳакамлик битими тарафлари бўлиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоида бузилган бўлса; 2) ҳакамлик суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарорини қабул қилган бўлса.

Битта масала бўйича қонун чиқарувчиларнинг турлича ёндашуви, амалиётда ҳакамлик муҳокамаси тарафлари ўртасида тенглик принципини бузилишига, суд амалиётини турлича талқин қилинишига, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарориларига бўлган ишончни сусайтиришга олиб келмоқда.

Иккинчи, ваколатли судлар (иқтисодий судлар ва фуқаролик ишлари бўйича судлар) томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза судья томонидан якка тартибда, ҳакамлик муҳокамаси тарафларини хабардор қилган ҳолда суд мажлисида 35 ёки 40 кунлик муддат ичида кўриб чиқилади.

Агар ваколатли судлар ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмаслиги ҳамда ваколатли судлар томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорлари бўйича ижро варақалари суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг беш кун ичида суд мажлиси ўтказилмасдан берилишини эътиборга олсак, ижро варақасини олишнинг бундай мураккаб жараёни ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини тезкор ижро этилишига салбий таъсир кўрсатишига гувоҳ бўламиз.

Учинчи, Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасига мувофиқ давлат божини ундириш объектлари жумласига ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалар ҳам киритилган бўлиб, бундай аризалар билан ваколатли судларга мурожаат қилинганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилади. Мазкур Қонуннинг 8-модаси 36-банди ва 9-моддаси 21-бандига кўра тадбиркорлик субъектлари – ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда давлат божини тўлашдан озод қилинганлар.

Бироқ, фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларга бундай имтиёз берилмаганлиги улар томонидан ҳакамлик судларига мурожаат қилишга бўлган иштиёқни пасайишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган ишлар сони ошиб бормоқда. 

Юқорида кўрсатилган муаммоларни ҳал қилиш учун қуйидаги таклиф ва тавсияларни беришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, ваколатли судлар томонидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни рад этиш асосларини Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 231-моддасида белгиланган нормаларга мувофиқлаштириш, яъни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 357-моддаси ҳамда “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги Қонуннинг 47-моддасиига тегишли қўшимчалар киритиш лозим. 

Иккинчидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни тўғрисидаги аризани ваколатли судлар судьяси томонидан якка тартибда суд муҳокамасини ўтказмасдан ва тарафларни чақирмасдан ариза келиб тушган кундан бошлаб беш кун ичида кўриб чиқилиши лозим. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 230-моддаси ва Фуқаролик процессуал кодексининг 356-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф қилинади.

Учинчидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси беришни тўғрисидаги аризани ваколатли судларга топширишда ҳакамлик муҳокамасининг тарафлари бўлган барча жисмоний ва юридик шахсларга (давлат корхона ва муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотларга) ҳам тадбиркорлик субъектлари каби давлат божи тўлашдан озод қилиш, яъни имтиёз берилиши ҳакамлик судлари орқали низоларни ҳал қилиш имкониятини кенгайтириб, ваколатли судларга мурожаатлар сонини камайтиришга хизмат қилади.

Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 5-моддасидан давлат божини ундириш объектлари рўйхатидан ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризаларни чиқариб ташлаш ва 8-9-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш лозим. 


[1] Мирзиёев Ш.М. Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз //Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи.

[2] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 йил 13 февраль, 6-сон, 70-модда.

[3] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 йил 10 октябрь, 40-сон, 467-модда.

[4] Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.01.2020 й., 03/20/600/0023-сон, 14.03.2020 й., 03/20/610/0299-сон

[6] Қаранг: Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 25.01.2018 й., 02/18/ИПК/0623-сон; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.01.2018 й., 02/18/ФПК/0612-сон; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 42-сон, 416-модда; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 31-32-сон, 315-модда. 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930