Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ўзбекистон аёл судьялари адолат ва матонат тимсоли

Ўзбекистон аёл судьялари адолат ва матонат тимсоли


2024 йил 5 март куни Тошкент шаҳрида  Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва EWMIнинг Ўзбекистондаги филиали билан ҳамкорликда 10 март Халқаро аёл судьялар куни муносабати билан “Ўзбекистон аёл судьялари адолат ва матонат тимсоли” мавзусида халқаро конференция ташкил қилинди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши судьялари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва EWMIнинг Ўзбекистондаги филиали  вакиллари, Грузия, Зимбабве, Қирғизистон давлатлари судьялари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисининг ўринбосари Халилилло Турахужаев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-кизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Кадирхонова, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши раисининг ўринбосари Алишер Жалилов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистондаги ваколатхонаси директорининг ўринбосари Эдвард Михальски, EWMIнинг Ўзбекистондаги филиали директори Соня Простран кириш сўзлари билан очиб бердилар.

Конференция иши учта сессияга ажратилган ҳолда ташкил қилинди. Биринчи сессия «Аёл судьяларининг суд тизимидаги роли: ўтмиш, бугун ва истиқболдаги режалар» деб номланиб, унда «Аёл судьяларининг одил судлов тарихидаги роли ва бугунги кунда қўшаётган ҳиссаси» мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Санобар Мамадалиева, «Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар: самара ва натижа» мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьяси Нодира Бобохонова, “Адолатли жамиятни ривожлантириш учун профессионал майдонларда аёллар бирдамлигининг ҳал қилувчи роли” мавзусида – JSSA лойиҳасининг Гендер ва ижтимоий инклюзия эксперти Нора Суюналиева, “Жиноий судловда гендер тенглиги: муаммолар ва ютуқлар” мавзусида – Қирғиз Республикаси Бишкек шаҳри Свердлов тумани судининг судьяси Алма Кадыркулова маъруза қилдилар.

"Аёлларнинг судьялик касбини эгаллаш йўлидаги синовлар ва эришилган ютуқлар” - деб номланган иккинчи сессиясида  «Касбим - умрим маъноси» мавзусида – Тошкент шаҳар судининг судьяси Гульнара Мирзалимова, “Қорақалпоқ аёл судьялари орзусидаги кунлар” мавзусида – Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий судининг судьяси Жанат Аймаганбетова, ”Аёл - адолат тимсоли” мавзусида – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактби профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, “Қонун устуворлиги бўйича амалий гуруҳлар – индивидуал судьяларнинг ваколатларини кенгайтириш воситаси” мавзусида –USAIDнинг “Қонун устуворлиги” дастури суд-ҳуқуқ масалалари бўйича маслаҳатчиси Эка Ломтатидзе маъруза қилдилар.

Конференциянинг учинчи сессияси "Жамиятда гендер тенгликнинг таъминланишидаги аёл судьяларнинг роли” – деб номланди ва унда “Аёл судьяларнинг жамиятдаги ўрни” мавзусида  – Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Эльза Шамсутдинова, “Жиноий судлов ишларида вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш: Грузия тажрибаси” мавзусида – Грузиянинг Тбилиси апелляция судининг судьяси Эка Зарнадзе, “Суд фойдаланувчилари орасида гендер ва ижтимоий инклюзия истиқболлари: Зимбабве тажрибаси” мавзусида “Адолат учун ҳамкорлик” лойиҳаси директори, адвокат Доркас Маказа маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг равишда иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди.

Шунингдек мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида  эркаклар ва аёлларнинг тенг равишда иштирок этишини таъминлашга қаратилган махсус стратегиялар ҳамда дастурлар қабул қилинди. Шу билан бирга гендер тенгликни таъминлаш механизмлари такомиллаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил  11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган «ЎЗБЕКИСТОН — 2030» стратегиясининг 25-мақсади – Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш бўлиб, 2030 йилгача эришиладиган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида – “Гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш орқали бошқарув лавозимларидаги хотин-қизлар улушини 30 фоизга ошириш ҳамда жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш” – белгиланган. 

Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги СҚ-297-IV-сонли Қарори билан тасдиқланган “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг” 6-МАҚСАДЛИ КЎРСАТКИЧИДА судьялар орасида хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш белгиланган. 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон Республикаси олий судида – 13 та, фуқаролик ишлари бўйича судларда – 111 та,  жиноят ишлари бўйича судларда  – 31 та, иқтисодий судларда – 27 та, маъмурий судларда – 17 та, жами 199 та аёл судьялар фаолият кўрсатганлар.  Уларнинг 28 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган.

Ҳозирги кунларда жорий ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 41 нафар аёллар таҳсил олмоқда.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 10 июндаги 3272-IV/КҚ-521-IV-сонли Қўшма қарори билан тасдиқланганБМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари юзасидан тавсияларини амалга ошириш бўйича  «ЙЎЛ ХАРИТАСИ» нинг 15-бандида “Ўзбекистон Республикаси суд тизимидаги лавозимларга аёл номзодлар кўрсатишни ошириш ва гендер тенглик принципини таъминлаш” – белгиланган бўлиб, уни амалга ошириш учун:

биринчидан, аёл юристларнинг суд тизимида мавқе даражалари бўйича кўтарилиши ва касбий кўникмаларини ривожлантириши учун уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича махсус дастурларни жорий этиш;

иккинчидан, жамиятда аёл юристларнинг роли ҳақида ва суд тизимида ишга жойлаштириш имкониятлари тўғрисида аёлларнинг хабардорлигини ошириш бўйича ахборот кампаниясини ўтказиш;

учинчидан,  муаммоларни аниқлаш ва келгуси чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун суд тизимидаги лавозимларга аёл номзодларни кўрсатиш тўғрисидаги маълумотларни таҳлил ва мониторинг қилиш механизмларини такомиллаштириш;

тўртинчидан, суд тизимидаги лавозимларга аёл номзодларни кўрсатишдаги нотенгликни аниқлаш бўйича тадқиқот ўтказиш ва ушбу ҳолатни бартараф этишга оид тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси мутасади давлат органларига юклатилган.

Қадимги юнон мифологиясида Фемида адолат маъбудаси ҳисобланади. У тасвирланган ҳайкал эса дунё миқёсида суд ҳаракатларининг тимсолига айланган. Қўлида қилич ва тарози ушлаган, мантия кийган аёл ифода этилган ҳайкалнинг кўзи боғлиқ ҳолда тасвирланган. Чунки судья даъвогарларнинг мулкий ва ижтимоий тафовутларига қарамайди, фақат иккала тарафнинг гапларини тинглаб, ҳақиқатни эшитади. У фақат қонунга итоат қилади. 

Адолат тимсоли қилиб эса бежизга аёл танланмаган. Чунки Фемида ҳукмдор Зевснинг рафиқаси сифатида унинг ўнг томонида турар ва адолатли қарор қабул қилинишида унинг хулосаси инобатга олинар эди. Демак қадимги даврлардан буён эркакларга аёллар маслаҳатчи ва адолатни ўрнатишда асосий кўмакчи бўлиб келган.

Бугунги кун судьяси ҳам Президентимиз таъкидлаганидек: “Онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида эса – поклик” устувор бўлган шахс сифатида шаклланиши керак. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тарихида узоқ йиллар мобайнида Ўзбекистон Олий суди раиси бўл­ган, академик Хадича Сулаймонова, Ўзбекистон Адлия вазири бўлган ҳуқуқ­шунос олима, профессор Мамлакат Восиқова, Ўзбекис­тон Олий суди раи­си бўлган                     Ҳа­лима Муҳитдинова, Тошкент вилоят хўжалик судининг раиси бўлган Анна Петриченко, Фарғона вилоят хўжалик судининг раиси бўлган Ольга Неменущая, Бухоро вилояти хўжалик судининг раиси бўлган Людмила  Алиева, фахрий судьяларимиз  Робахон Махмудова, Фарруха Мухиддинова, Машхура Сафаева, Мавжуда Ражабова, Умсун Астанова, Назокат Аббасова, Мукаррам Ортиқова ҳамда  бир қатор аёл судьяларимиз Нодира Бобохонова, Малика Қаландарова, Нодира Ҳакимова, Санобар Мамадалиева, Гулнора Мирзалимова, Эльза Шамсутдинова, Жанагул Балкибаева, Зарифа Қурбонова, Караматжон Давлетова ва бошқалар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, адолат тарозисини юқори кўтариш, қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишларни амалга оширишда фаол иштирок этганлар ва иштирок этиб келмоқдалар.

Бундай ютуқларга эришишда ва адолат тимсолига айланишларида оилада, суд тизимида, умуман, жамиятимизда энг катта бойлигимиз бўлган тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш ва мустаҳкамлашда уларнинг донолиги, сабр-қаноат ва матонати, шукроналик, оилага садоқат каби ибратли хусусиятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ва эга бўлиб келмоқда. 

Анжуман доирасида одил судловни амалга оширишдаги алоҳида намуна кўрсатаётиб, жамиятда одил судловга бўлган ишончни мустаҳкамлаш ва ёш судья кадрларни етиштиришда муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ аёл судьялар Олий суд ва Судьялар олий кенгаши томонидан “Суд фахрийси” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930