Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қайта ижтимоийлаштириш муаммоси ўрганилди

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қайта ижтимоийлаштириш муаммоси ўрганилди


Тошкентда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қайта ижтимоийлаштиришда давлат идоралари ва фуқаролик жамиятлари институтлари ҳамкорлиги” лойиҳаси доирасида Республикамизнинг турли ҳудудларидаги фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти”, Республика жамоатчилик бирлашмалари, Европа Иттифоқи ҳамда Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт федерал вазирлиги биргаликда молиялаштирган Немис Халқ университетлари ассоциациясининг мамлакатимиздаги филиали ҳамкорлигида, миллий ҳамкорлар Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Ички ишлар вазирлиги иштирокида ташкил этилди.

Анжуманда лойиҳани ҳаётга жорий қилиш ва пенитенциар тизим фаолияти бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди, илғор ғояларни илгари суриш бўйича Германия тажрибаси ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова Омбудсман томонидан олиб борилаётган ишлар юзасидан атрофлича ахборот бераркан, судланганлар ва жазони ўтаб чиққанлар ҳуқуқи мавзусига алоҳида тўхталди.

Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси А.Гороховнинг ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботи тингланди.

2022 йил ноябрь ойида ҳамкорларнинг Германия Федератив Республикасига ўқув сафари уюштирилиб, озодликка чиққанларни қайта ижтимоийлаштириш бўйича немис тажрибаси ўрганилган эди. Иштирокчиларга мазкур тажриба бўйича тақдимот намойиш қилинди.

– Мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги кафолатини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган, – деди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори, профессор Ф.Отахонов. – Миллий қонунчилигимизни халқаро стандартга муваофиқлаштириш бўйича ишлар сезиларли жадаллашган. Хусусан, ижтимоий хавфсиз ҳамда оғир бўлмаган жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган шахсларга илк бор сайлаш ҳуқуқи берилди, Умумий, қаттиқ, махсус, турма тартиби ва тарбия муассасаларида сақланаётган шахсларнинг яқин қариндошлари билан телефон сўзлашуви, учрашуви ҳамда жўнатма қабул қилиши сони, қарийб, икки баробар кўпайтирилди. Қолаверса, маҳкумлар илтимосига кўра, узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилиши жорий этилди. Кам таъминланган оила вакили бўлган жазо муддатини ўтаётган шахс юқори ҳақ тўланадиган ишга жалб қилиниши таъминланди. 

Яна бир муҳим воқелик шундан иборатки, Омбудсманга жазони ижро этиш колониясига ҳеч қандай тўсиқсиз кириш ҳуқуқи берилди. Жазони ижро этиш муассасаларида Омбудсманга, прокурорга мурожаат, ариза ҳамда шикоят учун алоҳида почта қутилари ўрнатилган.

Мамлакатимизда кейинги йилларда озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўрнига муқобил (қамоқ билан боғлиқ бўлмаган) жазо чораси қўллаш тенденцияси кўпайган. Қонунга риоя этилиши прокуратура идоралари ва Омбудсман томонидан мунтазам равишда мониторинг қилиб борилмоқда.

Анжуман давомида “Жазони ижро этиш, давлат ва фуқаролик жамиятлари ўртасида ҳамкорлик қилиш йўналишига тегишли Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги ўзгаришлар”, ”Жазони ижро этиш муассасалари билан жазони ўтаб озодликка чиққан шахсларни реабилитация қилиш ва ижтимоий адаптация марказлари ўртасидаги ҳамкорлик йўналишлари ва истиқболи”, “Омбудсман ва унинг ҳудудий вакиллари билан фуқаролик жамиятлари ўртасида лойиҳани ҳаётга жорий қилиш жараёнидаги ҳамкорлик тажрибаси” каби қатор долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.

Тадбирнинг иккинчи куни дастури доирасида иштирокчилар Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳри пробация хизматлари фаолияти билан танишади.
Жазоланганларни қайта ижтимоийлаштириш соҳасига оид муаммоли масалалар ва ушбу муаммоларни ҳал этиш йўллари ўрганилади. Фуқаролик жамияти институтлари билан бирга амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилнади, таклиф ва ташаббуслар кўриб чиқилади.

www.uza.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930