Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Конституцияда ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи кафолатланган

Конституцияда ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи кафолатланган


Жорий йилнинг 5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги “Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан “Янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва роли” мавзусида маърифий учрашув ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори, юридик фанлари доктори Фозилжон Отахонов “Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада таъкидланганидек, 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ ва изчил мустаҳкамлаб қўйилибгина қолмай, балки уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш учун зарур механизмлар яратилган холда кафолатланди.

Конституцияга мувофиқ инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунларнинг, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди ва одил судлов билан таъминланади. 

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устунлиги сўзсиз тан олиниши, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга эканлиги, тўғридан-тўғри амал қилиши ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этиши, бирорта қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституциянинг принцип ва нормаларига зид бўлиши мумкин эмаслиги тўлиғича инсон ва фуқаронинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари ҳам тааллуқлидир.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсати натижасида инсонларнинг ахборотга бўлган ҳуқуқлари кенгайиб бормоқда. Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 33-моддаси кўра ҳар ким исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек мазкур ҳуқуқ билан боғлиқ бўлган қуйидаги нормалар белгиланмоқда:

биринчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ йўл қўйилиши қатъий белгилаб қўйилмоқда. Бунда шахсларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари қонун ости ҳужжатлари, жумладан Ҳукумат қарорлари, вазирлик ёки идоранинг, ҳокимликларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан, шунингдек, оғзаки ёки ёзма кўрсатмалари билан чекланиши мумкин эмаслиги конституциявий даражада мустаҳкамланмоқда. 

Эндиликда шахсларнинг ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлари фақат халқ вакиллари фаолият кўрсатадиган Олий Мажлис томонидан ёки референдум йўли билан қабул қилинган қонунлар билан чекланиши мумкин;

 иккинчидан, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш чегарасининг асослари ёки аниқ рўйхати кўрсатилмоқда

Унга кўра, ахборотни излаш, олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқни чеклашга фақат қонунга мувофиқ ҳамда фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш, давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ошкор этилишининг олдини олиш мақсадида зарур бўлган доирада йўл қўйилади. 

Бундай чеклашга йўл қўйилиши БМТнинг «Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида»ги халқаро пакти 19-моддасида ҳам кўрсатилган бўлиб, унга кўра давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки ахлоқини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлганда ушбу ҳуқуқлар қонун билан чекланиши мумкинлиги аниқ ёзиб қўйилган.

Маърузада давлат Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиши оид конституциявий нормага алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, Интернет нафақат алоқа воситаси, балки виртуал муҳитга ҳам айланиб бораётган, кўплаб тушунча ва хизматлар “реал” заминдан жадал тарзда “виртуал” ҳаётга кўчаётган бугунги давр айни шундай илғор ёндашувни тақозо этмоқда. Ҳозирги кунда Интернетни тақиқлаш ва чеклаш нафақат нотўғри, балки мантиқсиз ҳам эканини исботлаб ўтиришга ҳожат қолмади. Нега деганда, бугун одамлар ишини, ўқишини, ҳоббиларини, турли товар ва хизматлар логистикасини, қолаверса, давлат хизматларини ҳам Интернетга кўчиряпти. Бу, ўз навбатида, Конституцияга мазкур нормани киритилиши учун асос бўлганлигини эътироф этиш лозим.

Учрашув иштирокчилари Конституциянинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамда жамият тараққиётидаги ўрнини алоҳида қайд қилган ҳолда ўзларининг қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930