Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

«Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» ўқув-амалий қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди

«Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» ўқув-амалий қўлланмасининг тақдимоти ўтказилди


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳаси доирасида ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида муаллифлар гуруҳи томонидан тайёрланган «Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» ўқув-амалий қўлланмаси тақдимоти ўтказилди.

Унда депутатлар, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ва «Қонунчилик муаммолари ахборотномаси» таҳрир ҳайъати аъзолари, Институт илмий ходимлари, БМТ Тараққиёт Дастури, илмий ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Институт директори, юридик фанлар доктори, профессор Ф.Отахонов тадбирни очар экан ҳудудларни стратегик ривожлантириш ҳозирги кунларда жаҳон шаҳарларини модернизациялашнинг энг самарали услуби, тренди эканлигини, мазкур метод республика ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда босқичма-босқич ва комплекс равишда қўлланилаётганлигини эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан стратегик ҳудудий ривожлантириш бугунги кунда мамлакатнинг барча ҳудудларини ривожлантиришда асосий метод сифатида қўлланилаётгани, шу асосда ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатлар шакллантирилаётгани таъкидланди.

Тадбир давомида қўлланма муаллифлари унинг асосий жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қилишди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ш.Назаров ҳудудларни стратегик ривожлантиришнинг асосий масалаларига, қўлланманинг асосий мазмуни ва стратегик режалаштиришнинг асосий ёндашувларига алоҳида тўхталди.

Шунингдек, ҳудудий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишлари, уларни аниқлашда SWOT – таҳлил ва ушбу методдан фойдаланиш имкониятларини очиб берувчи бобларга алоҳида урғу берди.

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор А.Акилов туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш билан боғлиқ бўлган ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳақида тўхталди.

Якунида, модератор Ф.Отахонов мазкур тадбир яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳудудларни стратегик ривожлантириш ва ушбу жараёнга аҳолини кенг жалб этиш мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, давлат бошқарувини демократлаштиришнинг асосий устуворлиги сифатида эътироф этилганлигини алоҳида тилга олди.

Тақдимот қизғин муҳокамалар ва савол-жавобларга бой бўлди.

www.xs.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930