Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

ШҲТ ва парламентаризм

ШҲТ ва парламентаризм


Пойтахтимизда  “ШҲТ Самарқанд саммити: парламент олдидаги вазифалар» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбир доирасида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти олимлари томонидан тайёрланган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар парламентлари” тўплам тақдимоти ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда ер юзининг улкан географик ҳудудини ҳамда сайёрамиз аҳолисининг қарийб ярмини бирлаштирган ШҲТ фаолиятига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Нафақат ШҲТ таркибий тузилмаси, унинг фаолияти мазмуни ва асосий йўналишлари, балки ташкилот таркибидаги саккиз мамлакат – Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон давлатларининг сиёсий ва ҳуқуқий тизимлари халқаро, хорижий ва миллий сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, қолаверса соҳа олимлари ва илмий тадқиқотчилар эътиборини тортиб келмоқда.

Шу муносабат билан, тўпламда минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг универсал институти сифатида намоён бўлаётган, турли маданият ва цивилизация шакллари, ташқи сиёсий йўналишлари ва миллий ривожланиш моделлари билан бирлаштиришга муваффақ бўлган халқаро минтақавий ташкилот – ШҲТга аъзо мамлакатларнинг парламент тизими хусусидаги батафсил маълумотлар ўз ифодасини топган.

Тўпламда асосий эътибор олий вакиллик органларининг ҳуқуқий мақоми, уларнинг тузилиши ва ваколат муддати масалаларига қаратилган бўлиб, депутатлар корпусини шакллантириш тартиби ва депутатлар дахлсизлиги, шунингдек, қўмиталар ва бошқа парламент органларининг ишлаш тартиби баён қилинган.

Тўплам парламент ва ҳукумат аъзолари, давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг ходимлари, экспертлар, илмий ходимлар, парламентаризм соҳасида тадқиқот олиб бораётган илмий изланувчилар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда кенг китобхонлар учун мўлжалланган.

Мухтасар айтганда, ўқувчи ташкилотга аъзо давлатлар парламентлари фаолияти ва амалдаги таркибини ўрганиш, парламентларнинг умумий хусусиятлари, ўзига хос ва фарқли жиҳатларини таққослаш, улардаги жараёнлар, шу жумладан қонунчилик фаолияти билан битта манбанинг ўзида танишиш имкониятига эга бўлади.

www.yuz.uz



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930