Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ижтимоий давлатнинг конституциявий асослари

Ижтимоий давлатнинг конституциявий асослари


Ўзбекистон халқи ҳаётидаги муҳим тарихий воқелик – референдум орқали Янги Ўзбекистоннинг янги таҳридаги Конституциясини қабул қилиш Президентимизнинг ҳар бир соҳадаги ташаббуслари ва қатъий сиёсий иродаси билан Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ҳамда Тараққиёт стратегияси асосида давом этаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида мамалактимизда ижтимоий давлат қуришнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бундай улкан ўзгаришларни нафақат ҳаммамиз бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда.

Натижалар исбот талаб қилинмайдиган аксиома бўлгани учун ҳам мисолларга кўп тўхталиб ўтирмасдан, ижтимоий соҳага доир фақат бир-икки асосий жиҳатларни келтириб ўтиш ўринлидир. Хусусан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш усулларини олайлик. Бунда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муносиб ҳаёт кечиришлари учун шароит яратиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва унинг даромадларини ошириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисмига давлат томонидан кафолатли тизим орқали ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда. Ишсизликдан ҳимояланиш, кафолатланган сифатли таълим, малакали тиббий ёрдам, болалар, аёллар, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.

Йиллар давомида аҳолини қийнаб келган муаммоларни ҳал этиш мақсадида мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилди, аҳолининг мурожаатлари давлат органлари фаолиятининг диққат марказида бўлди.

Ўтган 2022 йилда тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. 2017 йилда 500 мингта кам таъминланган оила ижтимоий ёрдам олган бўлса, бугунга келиб 2 миллиондан ортиқ оилага кўмак берилмоқда. Бу борада ажратилаётган маблағлар 7 баробар кўпайиб, йилига 11 триллион сўмга етди.

Бу билан кифояланмай, иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини, аҳоли жон бошига даромадларни ошириш сиёсати изчил давом эттирилмоқда. Албатта, буларнинг барчасини ортида — инсон қадри, уни эъзозлаш, ҳаётдан, давлатдан рози қилиш йўлидаги олий мақсадлар турибди.

Охирги олти йилда мамлакатимиз бўйича қарийб 300 мингта ёки аввалги йилларга нисбатан 10 баробар кўп уй-жойлар қурилгани, қўшимча 500 минг ўқувчи ўрни яратилиб, уларнинг жами сони 5 миллион 300 мингга етгани ҳам фикримизнинг ёрқин ифодасидир.

Инсон саломатлигини сақлаш учун энг чекка туман, маҳаллалар, энг олис ҳудуд даражасигача барча тиббий хизматлар кўрсатилмоқда ва бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.

Давлат раҳбари 2022 йил 20 декабрда Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида давлат хизматчилари сонини босқичма-босқич 30-35 фоизга қисқартириш ва иқтисод қилинадиган маблағларни ижтимоий масалаларга йўналтириш ҳақида тўхталганлари ҳам ижтимоий соҳага эътибор кун сайин кучаяётганидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда барча ислоҳотлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар – “Инсон қадри учун”, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, “Давлат – инсон учун”, “Инсон – жамият – давлат” деган халқчил тамойиллар асосида олиб борилмоқда.

Шу ўринда “Ижтимоий давлат ўзи нима?” деган савол туғилиши табиий.

“Ижтимоий” сўзи “арабча — жамоа, жамиятга оид ҳамда инсон ва жамият ҳаётига оид” деган луғавий маъноларни англатади.

Ижтимоий давлат — инсоният тарихий тараққиётининг муайян даври маҳсули, давлатчилик ривожининг махсус босқичи. Ижтимоий давлат ғояси, энг аввало, қадимги Шарқда, хусусан, мутафаккир аждодларимиз томонидан илгари сурилган. Буюк бобомиз Абу Наср Форобий маърифатли инсонлар жамоасини, идеал жамият ғоясини «Фозил одамлар шаҳри» асарида тараннум этган.

Ижтимоий давлат барпо этиш Алишер Навоий бобомизнинг ҳам эзгу орзуси бўлган. У инсонларнинг бахтли яшаши учун муносиб ижтимоий муҳит яратиш, фаровон жамият қуриш, маърифатли давлат бошқаруви, адолатпарвар ва одил ҳукмдор, инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли ва бағоят аҳлоқий бўлиш каби қарашларни илгари сурган эди. Шунга ўхшаш ғояларни Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Аҳмад Дониш сингари қатор алломаларимиз ижодида кўришимиз мумкин.

Ҳозирги “ижтимоий давлат” тушунчаси илк бор 1850 йилда немис олими Лоренц фон Штейн томонидан илмий муомалага киритилган. Унинг таъкидлашича, давлат ўз фуқароларининг ижтимоий-иқтисодий ривож-ланишига ҳисса қўшиши, барча ижтимоий табақалар учун ўз ҳокимияти орқали шахсий ҳуқуқларда мутлақ тенгликни таъминлаши лозим. Бунда инсон камолоти давлат равнақи учун зарурий шарт ҳисобланади.

Замонавий илмий манбаларда кенг тарқалган талқинга биноан, ижтимоий давлат, энг аввало, ижтимоий адолат ҳақида, ўз фуқароларининг фаровонлиги, ижтимоий ҳимояланганлиги хусусида ғамхўрлик қиладиган давлатдир. Бундай давлат ўз фаолиятини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари — ишсизлар, меҳнат қобилиятини йўқотганлар, боқувчисидан маҳрум бўлганлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, болалар, кексаларни ижтимоий ҳимоялаш билан узвий олиб боради.

Бунда “Ижтимоийлик”нинг асосий шарти — инсонга унинг қадри, шаъни ва эркини асраб-авайлаб муносабатда бўлишдир. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари амалда тўла таъминланиши ва бу кафолатланганлиги билан чамбарчас боғлиқ. Ижтимоий давлатнинг моҳияти унинг оқилона ижтимоий сиёсатни амалга оширишида, айниқса, инсон ва жамият манфаатларига мос ижтимоий функцияларни изчил адо этишида намоён бўлади. Шу боис бундай давлат фаолиятининг муҳим қисмини ижтимоий вазифаларни бажариш ташкил этади.

Ижтимоий давлатдаги ижтимоий сиёсатнинг асосий конституциявий асослари:

— иш билан таъминлаш ва меҳнат муҳофазаси;

— меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини кафолатлаш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

42-модда.

Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.

Соғлиқни сақлаш:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

48-модда.

Ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини қонунда белгиланган тартибда давлат ҳисобидан олишга ҳақли.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини, унинг давлат ва нодавлат шаклларини, тиббий суғуртанинг ҳар хил турларини ривожлантириш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш чораларини кўради.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратади.

Оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясида бўлиши ҳамда қўллаб-қувватланиши:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

76-модда.

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади.

78-модда.

Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир.

Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнатга лаёқатсизлар ва кексаларга ғамхўрлик, ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

57-модда.

Меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд бошқа тоифаларининг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг турмуш сифатини оширишга, жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун уларга шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларни кўради.

Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

Давлат пенсияларини, бошқа тўлов ва нафақаларни белгилаш:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

46-модда.

Ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Қонунда белгиланган пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмас.

Ижтимоий ҳимояни кафолатлаш:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси (янги таҳрири) лойиҳаси

19-модда.

Ўзбекистон Республикасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилади ва кафолатланади.

23-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

29-модда.

Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

50-модда.

Давлат бепул умумий ўрта таълим ва бошланғич профессионал таълим олишни кафолатлайди. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.

Таълим ташкилотларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар учун инклюзив таълим ва тарбия таъминланади.

Ижтимоий давлатнинг функциялари – аҳоли бандлигини таъмин-лаш, жамият миқёсида моддий бойликларни бюджет йўли билан мувозанат-лаш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва муҳофаза этиш, таълим-тарбия борасида ғамхўрлик қилиш, одамларга тирикчилик учун энг кам меъёрни белгилаш, оилани ҳимоялаш, ижтимоий таъминот тизимини йўлга қўйиш, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш кабилар.

Ижтимоий давлатнинг асосий конституциявий хусусиятлари:

— кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати;

— таълим сифати юқорилиги ва у инсонпарварлик, халқпарварлик, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишга йўналтирилган бўлиши;

— кучли жамоатчилик назорати;

— фуқаролик жамияти институтлари мавқеи ва таъсири кучли эканлиги;

— барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари инсон ва жамият (жамоатчилик) олдида масъуллиги, жавобгарлиги ҳамда уларнинг манфаатларига хизмат қилиши;

— давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик, қонунийлик, натижадорлик, сифат асосий мезон ҳисобланиши ва фаолият одамларнинг муаммоларини ҳал этиб, уларни рози қилиш учун йўналтирилганлиги;

— коррупция деярли сезилмайдиган даражада мавжуд бўлиши (чунки бу иллатни, истаймизми-йўқми, таг-томири билан йўқотиб бўлмайди);

— давлат хизматчилари, давлат ҳокимияти ваколатлари ва функцияларини бажарадиган ҳар қандай шахс, қандай лавозимда ва мартабада бўлмасин, ҳалол, оддий, камтар, халқпарвар, самимий ва фидойи бўлиши.

Шу ўринда яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтишни истардимки, ижтимоий давлатда инсонлар орасида ҳасадни йўқотиш, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, хайр-саховат тадбирларини бардавом йўлга қўйиш, инсонларнинг ички дунёсини пок ва уларни ҳалол, болалигидан ўзининг меҳнатидан бошқа бирор-бир усул ёки восита орқали муваффақиятга эришиб бўлмаслиги тушунчаси билан тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракат-ларга алоҳида эътибор бериш муҳим аҳамиятга эга.

Ижтимоий давлатчилик нафақат Америка ва Европа, балки Осиё давлатларида – жумладан Жанубий Корея, Сингапур ва Японияда ҳам ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистонда бу борада ўзига хос ютуқлар бор ва эндиликда халқимиз бу тизимни Конституция даражасида мустаҳкамлаш арафасида турибди.

Худди шу ўринда таъкидлаш жоизки, Президентимиз “ижтимоий давлат” тушунчасини “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш”,- дея изоҳлаган ва ўз навбатида, “Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуришни мақсад қиляпмиз. Буни Конституцияда мустаҳкамлашимиз керак”, деб таъкидлагандилар.

Маълумот учун, “Ижтимоий” сўзи амалдаги Конституциямизда (“Муқаддима”, IX боб номи, 16 та моддада) жами бўлиб 24 маротаба қўлланилган. Жумладан, ижтимоий адолат, ижтимоий ҳаракат, ижтимоий ҳаёт, ижтимиой келиб чиқиш, ижтимоий мавқе, ижтимоий фаоллик, ижтимоий ҳуқуқ, ижтимоий таъминот, ижтимоий ёрдам, ижтимоий адоват, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, ижтимоий сиёсат, ижтимоий соҳа сўзлари тарзида кўришимиз мумкин.

Янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасида эса (“Муқаддима”, IX боб номи, 25 та моддада) жами бўлиб 42 маротаба (амалдагисидан қарийб 2 баравар кўп) қўлланилган. Хусусан, ижтимоий адолат, ижтимоий давлат, ижтимоий ҳаракат, ижтимоий ҳаёт, ижтимоий келиб чиқиш, ижтимоий мавқе, ижтимоий ахлоқ, ижтимоий фаоллик, ижтимоий ҳуқуқ, ижтимоий таъминот, ижтимоий ёрдам, ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд, ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш, ижтимоий фаровонлик, ижтимоий соҳа, ижтимоий адоват, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлар, ижтимоий табақа, ижтимоий гуруҳ, ижтимоий шарт-шароитлар, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, ижтимоий сиёсат, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижтимоий шериклик жумлалари қўлланганини гувоҳи бўламиз.

Умуман олганда, туб ислоҳотлар натижасида шаклланган Янги Ўзбекистоннинг амалдаги ижтимоий давлат мақоми юртимизнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Конституциямизда ўз аксини топмоқда.

Фозилжон ОТАХОНОВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари
 ва парламент тадқиқотлари институти директори,
 юридик фанлар доктори, профессор.

www.xs.uz



«    Март 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031