Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Президент инаугурацияси: сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари

Президент инаугурацияси: сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари


2023 йил 9 июль куни муддатидан илгари бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг 15,6 миллиондан зиёди ёки 79,88 фоиз ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди.

Хусусан, сайловда овоз беришда иштирок этган сайловчи-ларнинг 87,05 фоиз овози билан Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг  қарори қабул қилинди.

Қайта сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш маросими – инаугурация юртимизнинг янги тарихида муҳим ўрин эгаллайдиган тархий, демократик ҳодиса бўлиши табиий. 

Ўзбекистон юридик энциклопедиясида инаугурация тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Инаугурация – давлат бошлиғининг ўз лавозимига расмий киришиши тантанали маросими. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 108-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қасамёд қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади». 

Президент инаугурацияси маросими мамлакатдаги ҳокимиятнинг сиёсий имиджини яратиш борасидаги муҳим омиллардан ҳисобланади. Давлат ва унинг олий даражадаги лидерларининг нуфузини ошириш мақсадида ёрқин театрлаштирилган ва ритуаллаштирилган президентлар инаугурацияси маросимлари, ҳарбий парадлар, фан ва санъат намоёндаларини тақдирлаш маросимлари, диний байрамлар ва бошқалар ташкил этилади. 

Жамиятда сиёсий қадриятларни шакллантиришга оид масалалар америкалик олимлар томонидан батафсил ўрганилган. Хусусан, америкалик сиёсатшунос Дэвид Истон сиёсий маданият феноменини ўрганиб хулоса қилишича, «қадриятларни таклиф қилиш ва уларни жамиятнинг кўпчилик аъзоларига сингдириш сиёсий тизимнинг базавий функциясидир». Д.Керцер ўз асарларида қадриятларни шакллантириш ва уларни жамиятга киритишнинг самарали механизмлари сифатида сиёсий маросимлар каби рамзий воситаларни кўрсатган: «Маросимлар орқали инсонлар сиёсий институтлар, сиёсий лидерларнинг сифатлари тўғрисидаги ўз қарашларини ривожлан-тиради. Сиёсий англаш рамзлар ва маросимлар орқали амалга оширилади, қандайдир рамзий нарсани ифодалайдиган маросим эса сиёсий воқелик тўғрисида тасаввуримизни шакллантирувчи кучли қуролдир». Сиёсий маросимлар таҳлилига бағишланган асарлар муаллифи Кэтрин Бэлл ҳам ушбу ғояни билвосита равишда тасдиқлайди. Унинг фикрича, сиёсий маросимлар «инсонларни умумий қадриятлар ва мақсадларга асосланган, ўзаро боғланган ва тартибга келтирилган ҳамжамият сифатида кўрсатиб» ҳамда «ушбу қадриятлар ва мақсадларнинг легитимлигини белгилаган ҳолда» ҳокимиятни яратади.

Д.И.Гигаури сиёсий маросимлар бошқа сиёсий технологиялар каби «сиёсий эффект(самара)»га эришишнинг бир лаҳзалик усули эмаслигини таъкидлайди. Албатта, юқорида келтирилган илмий қарашларни умумлаштирган ҳолда шуни айтиб ўтишимиз лозимки, давлат раҳбарининг дастурий маърузаси президент инаугурацияси маросимининг узвий қисми сифатида намоён бўлади. Айнан ушбу дастурий маъруза аксарият ҳолатларда жамиятни ягона қадриятлар, умумий манфаатлар ва муштарак мақсадлар асосида бирлаштирувчи омил бўлади.

М.В.Гаврилованинг фикрига кўра, инаугурация нутқи сайлов кампанияси тугаганидан кейиноқ сўзланади, ва унинг асосий мақсади сайловолди кураш давомида бўлинган жамиятни бирлаштириш ҳисобланади. Албатта, ушбу фикрни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда қўшимча сифатида шуни айтиб ўтишимиз лозимки, инаугурация маросими келгуси даврда мамлакат истиқболини белгиловчи устувор вазифаларни аниқлаб олиш учун очиқ мулоқот майдони сифатида ҳам кўрилиши мумкин.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, президент инаугурацияси – бу оммавий тадбирдир. Энг муҳим давлат маросимларини фақатгина жамоат жойларида ўтказиш зарурлиги шубҳа туғдирмайди. Қолаверса, кўплаб тарихий фактлар ва ҳозирги замонга оид мисоллардан маълумки, тож кийдириш, диний ва давлат байрамлари, инаугурациялар каби маросимлар
 ва расм-русумларни кенг омма олдида ўтказилиши ушбу тадбирларнинг мазмунини ташкил этади. Масалан, ана шундай асосий маросимлардан бири – давлат раҳбарининг лавозимига киришиши – ҳокимият легитимли-гининг мажбурий, асосий омилига айланган ва айланиб бормоқда, унинг фуқаролари ва бошқа давлатлар раҳбарлари томонидан ушбу мамлакатда суверен ва легитим ҳокимият мавжудлигини тан олинишининг исботидир. Тарихдан маълумки, тож кийдириш ва инаугурациялар ҳар доим «манзилли», ташқи муҳитга йўналтирилганлиги билан ажралиб турган: янги ҳукмдорни легитимликка эга бўлган пайт urbi et orbi оммавий намойиш қилиш бундай расм-русумларнинг асосий мақсади бўлган ва шундайлигича бўлиб қолмоқда. Айнан шунинг учун маҳаллий ва хорижий, бевосита ҳозир бўлган ва маросимда иштирок этаётган ёки уни бирон-бир бошқа тарзда кузатувчи томошабинлар ва гувоҳлар максимал даражада кўп бўлишига ҳар доим катта эътибор берилган. XX асрда бундай маросимларнинг мажбурий оммавийлигига бўлган муносабат ўзгармади, тож кийдириш ва инаугурацияларнинг аудиторияси эса оммавий ахборот воситалари туфайли бутунжаҳон миқёсигача кенгайди. Рим папаси Пий XIIга тож кийдириш маросими киноплёнкага туширилган ва тарихда биринчи бор радио орқали тўғридан тўғри эфирга узатилган. 1949 йилда Гарри Трумэн инаугурацияси телевидение орқали намойиш этилган биринчи АҚШ президент бўлди. 1953 йил 2 июнда Вестминстер аббатлигида бўлиб ўтган Елизавета IIга тож кийдириш маросими британ монархияси тарихида биринчи марта радио ва телевидение орқали бутун дунёга трансляция қилинган. Ушбу маросимни жами 20 миллионга яқин киши томоша қилган. АҚШ президенти Билл Клинтоннинг 1997 йилда бўлиб ўтган инаугурацияси биринчи бор Интернет тармоғи орқали узатилган.

Хорижий мамлакатларда давлат раҳбарининг инаугурациясига оид тажрибалар таҳлилида қатор қизиқарли жиҳатлар кўзга ташланади. Уларнинг деярли барчасида қасамёд қабул қилиш жараёни инаугурациянинг мажбурий қисми сифатида белгиланган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида президент инаугурацияси Америка протоколи асосида олиб борилади. АҚШда Президент инаугурацияси Капитолий тепалигида (Вашингтон) мамлакат парламенти – Конгрессда ташкил этилади. Айрим мамлакатларда инаугура-цияни ўтказиш вақти аниқ белгиланган ва ўзгармайди. Масалан, АҚШда – 20 январь (1933 йилга қадар инаугурация АҚШ Конституциясига
 20-ўзгартиш киритилгунга қадар 4 март куни ўтказиб келинган
), Мексикада – 1 декабрь, Бразилияда – 1 январь, Колумбияда – 7 август, Германияда –
 1 июль куни ўтказилади.

Давлат дини қонун билан белгилаб қўйилган қатор Европа мамлакатларида (масалан, Греция, Ирландия, Италия, Украинада) диний маросим ҳам инаугурация жараёнига мажбурий таркибий қисм сифатида киритилган (муқаддас китоб ёки хочни ўпиш, муқаддас китобга қўлни қўйиш ва бошқалар).

Чехияда давлат раҳбари инаугурациясининг аҳамиятли жиҳати шундаки, агар сайланган шахс қасамёд қабул қилиш вақтида қасамёд матнини ўзгартирса ёки адашиб кетса, сайлов натижалари бекор қилинади ва янги сайловлар ўтказилиши белгиланади. Бироқ, ҳозиргача бундай ҳолат кузатилмаган.

Ўзбекистон Прeзидeнти инаугурациясининг ҳуқуқий асослари

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, «Президент инаугурацияси» жумласи Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида бевосита учрамасада, Президентнинг лавозимга киришиш (қасамёд қилиш) маросимига оид айрим қоидалар миллий қонунчилигимизда ўз аксини топган.

Биринчидан, Конституциянинг 96-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлислари ўтказилиши асослари келтирилган бўлиб, улар қаторида айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қасамёд қилиши ҳам белгиланган.

Иккинчидан, Конституциянинг 108-моддасига кўра, Президент Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси йиғилишида қуйидаги қасамёдни қабул қилган пайтдан бошлаб ўз лавозимига киришган ҳисобланади:

«Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишга, республиканинг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат беришга, Ўзбекистон Республикаси Президенти зиммасига юклатилган вазифаларни виждонан бажаришга тантанали қасамёд қиламан».

Учинчидан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси тўғрисида»ги 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 3-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг ижро этилиши мустаҳкамланган.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг
 14-моддасига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси сайланган шахсга Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланганлиги тўғрисида гувоҳномани топширади. Ушбу гувоҳнома айнан Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш маросимида берилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 65-моддаси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришишнинг ҳуқуқий регламентациясига бағишланган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари расмий равишда эълон қилинган кундан эътиборан кечи билан икки ой ичида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти инаугурациясининг
 ўзига хос жиҳатлари

 

Мустақил Ўзбекистон тарихининг президентлик институти таҳлилига кўра, ҳозирги кунга қадар Президентнинг ўз лавозимига киришиш (қасамёд қилиш) расмий маросимлари 1992 йил 4 январь, 2000 йил 22 январь, 2008 йил 16 январь, 2015 йил 15 апрель, 2016 йил 14 декабрь, 2021 йил
6 ноябрь саналарида бўлиб ўтган.

Мазкур 6 та Президент инаугурацияси маросимларининг қуйидаги бир қатор жиҳатларни келтириб ўтиш ўринли, яъни: а) Президентнинг ўз лавозимига киришиш маросими Олий вакиллик органининг мажлисида ўтказилади; б) тантанали маросимга бағишланган мажлисни Марказий сайлов комиссияси Раиси очиб беради; в) мажлислар залида Ўзбекистон Давлат байроғи кўтарилади; г) Президент қасамёд қабул қилиш вақтида Конституция (1992 йил 4 январда бўлиб ўтган Президент инаугурацияси бундан истисно) ва Муқаддас Қуръони Каримга ўнг қўлини қўяди; д) Президент қасамёд қабул қилганидан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янграйди; е) Президент ўз лавозимига киришганидан кейин дастурий маърузасини эълон қилади.

2021 йил 6 ноябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Прези-дентининг лавозимга киришиш тантанали маросими муқаддам ташкил қилинган  инаугурациялардан бир қатор ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турганини кўриш мумкин. Хўш, улар қайсилар?

Биринчи фарқли жиҳати – бу Президент инаугурацияси ўтказилган жой. Ҳозирги кунга қадар мустақил Ўзбекистонда Президент инаугурацияси билан боғлиқ барча тадбирлар Олий вакиллик органининг биносида ўтказилган. Жумладан,1992 йил 4 январь кунидаги Президентнинг қасамёд қабул қилиш тантанали маросими Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши, 2000 йил 22 январь, 2008 йил 16 январь, 2015 йил 15 апрель, 2016 йил
 14 декабрь саналаридагиси эса Олий Мажлис (Қонунчилик палатаси) биносида бўлиб ўтган.

Бу галги Президент инаугурацияси Олий Мажлис Сенатининг янги барпо этилган катта мажлислар залида бўлиб ўтгани ва юқори палатанинг янги биносида ташкил этилган биринчи мажлис, янада аниқроғи палаталарнинг биринчи қўшма мажлиси ҳисобланиши билан ҳам эътиборлидир.

Бу жиҳатни Ўзбекистон Президенти: «Бугунги тантанали маросим пойтахтимиз марказида барпо этилган, барча замонавий шароитларга эга бўлган муҳташам Сенат биносида ўтаётганида ҳам чуқур рамзий маъно бор, албатта. Бу қутлуғ маскан мамлакатимиз равнақи йўлида муҳим қонун ва қарорлар қабул қилинадиган нуфузли даргоҳга, замонавий миллий давлатчилигимиз кўзгуси ва демократия мактабига айланади, деб ишонаман»-  дея ўз нутқида ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган эди.

Иккинчи фарқли жиҳати – тантанали маросимда Ўзбекистон тарихида биринчи бор Президентнинг расмий рамзларидан фойдаланилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига 2021 йилнинг 25 октябрида киритилган қўшимчалар билан Ўзбекистон Республикаси Президенти расмий рамзларининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Ушбу тартиб сайланган шахсни Президентлик лавозимига юклатилган мураккаб вазифаларни самарали амалга ошириши учун халқ ва жамият томонидан билдирилган ишонч белгиси сифатида хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш лозим.

Аввалги Президент инаугурацияларидан фарқли ўлароқ, 2021 йил 6 ноябрдаги тантанали маросимга Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг штандарти ҳам олиб кирилди. Штандарт махсус турдаги байроқ бўлиб, у Президент иштирок этадиган барча муҳим тадбирларда, инаугурация (қасамёд қабул қилиш) пайтида ҳамда Президент қароргоҳларининг бинолари ва хизмат хоналарида кўтарилади. Президент штандартининг (байроғининг) давлат байроғидан фарқли жиҳати шундаки, давлат байроғи барча давлат органлари, ушбу давлатнинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари биноларида ҳамда бошқа жой ва ҳолатларда кўтарилса, Президент штандарти (байроғи) шахсан Президентга бириктирилади ва фақат у томонидан фойдаланилади.

Д.И.Гигаурига кўра, сиёсий элиталар ўзининг ҳокимиятини доимо рамзий тарзда асослаган. Сиёсий тизимни легитимация қилиш ва қўллаб-қувватлаш жараёнида сиёсий маданиятнинг аҳамияти беқиёсдир. Америкалик антрополог Клиффорд Гирц таъкидлаганидек, сиёсий ҳокимият ўзини намоён қилиш ва ўз даъволарини илгари суриш учун доимо «маданий рамкалаш»га эҳтиёж сезади. Ҳар қандай мураккаб ташкил этилган жамиятнинг сиёсий марказида элита ва унинг бошқаруви фактини ифодаловчи рамзий шакллар тўплами жойлашган. 

К.Гирцга кўра, тож, тож кийдириш маросимлари, лимузинлар
 ва конференциялар каби рамзлар марказнинг марказлигини белгилаб, нафақат унинг муҳимлигини кўрсатиб беради, балки қандайдир олий нарсага тегишлилик аурасини ҳам яратади. Шундай қилиб, агар ҳокимият рамзларини ўрганадиган бўлсак, К.Гирцнинг фикрига асосан, ҳокимиятнинг моҳиятига яқинлашамиз ва атрофида жамият шаклланаётган рамзий сиёсий марказни ҳам аниқлаш имконига эга бўламиз. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг штандарти ҳам сиёсий марказни кўрсатиб берувчи муҳим рамзий инструмент сифатида намоён бўлмоқда. 

Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатининг катта мажлислар залига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва муқаддас Қуръони Карим билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Президентининг белгиси – Олий нишони олиб кирилди. Шу тариқа Давлат раҳбари иштирокидаги тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий рамзларидан фойдаланиш бўйича сиёсий анъанага старт берилди.

К.Гирц таъкидлаганидек, ҳокимиятнинг сиёсий рамзлари монархик жамиятларга ҳам, тож кийдириш маросимлари президентлар инаугурацияси маросимларига, тожлар эса президент штандарти ва конституциянинг махсус томи каби ижро ҳокимияти раҳбарининг рамзларига алмаштирилаётган замонавий жамиятларга ҳам хосдир. Сиёсий рамзлар сиёсий воқеликни шакллантиришда муҳим роль ўйнашда давом этмоқда, турли маросимлар
 ва расм-русумлар эса сиёсатнинг қизиқарли жиҳати ва кенг оммани сиёсатда иштирок этишга жалб қилишнинг усули бўлиб, легитимация жараёнининг барқарорлигини таъминлайди. 

Бунда легитимлик деганда «мавжуд сиёсий институтлар ушбу жамиятга энг мос эканлигига аҳоли ва ижтимоий гуруҳларнинг ишончини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимнинг махсус сифати тушунилиб, легитимлик, аввало, ижтимоий институтлар ривожланишининг қадриятлари динамикасига боғлиқ ва терминологик жиҳатдан «ҳокимият ритуаллари (расм-русумлари)», «сиёсий менталитет», «сиёсий мифология», «сиёсий эътиқодлар ва рамзлар», «сиёсатда ишонч» тушунчалари орқали расмийлаштирилади»

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, Д.И.Гигаури сиёсатдаги замонавий рамзий феноменларни ҳокимиятнинг легитимация қилиш жараёнининг бир қисми ва сиёсий коммуникациянинг қиймат компоненти сифатида ўрганиш лозим деган хулосага келган.

Учинчи фарқли жиҳати – тантанали маросим иштирокчиларининг доираси сезиларли равишда кенгайган эди. Олий Мажлис Сенатининг янгидан барпо этилган катта мажлислар залида бўлиб ўтган Президент инаугурациясида нафақат парламент аъзолари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, балки кенг жамоатчилик ҳам қатнашиб, жами 650 киши иштирок этди.

Тўртинчи фарқли жиҳатиЯнги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди. Мавжуд сиёсий анъаналарга ҳамоҳанг равишда Президент лавозимига киришиш тадбирининг асосий қисмларидан бири сифатида дастурий маъруза ўқиб эшиттирилди. Хусусан, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси асосида демократик ислоҳотлар йўлини қатъий давом эттирамиз» номли концептуал нутқи билан чиқиш қилди. «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» деган бош мезон ва тамойил асосида изчил ислоҳотларни давом эттириш йўли белгиланди. Давлат раҳбари кенг жамоатчиликни келгуси беш йилда мамлакатимизда демократик ислоҳотларни давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишга қаратилган еттита устувор йўналишлар билан таништирди.

Хулоса қилиб айтганда Президент инаугурацияси маросимининг иккита муҳим функциясини алоҳида қайд қилиш лозим. Биринчиси – Президент инаугурацияси ҳокимиятнинг сиёсий имиджини яратади. Иккинчиси – Президент инаугурацияси жамиятда сиёсий қадриятларни шакллантиради. Бундан ташқари, инаугурация маросими ва унда давлат раҳбарининг рамзлари ишлатилиши амалдаги ҳокимиятнинг жамият томонидан қўллаб-қувватланиши, яъни легитимлигини кўрсатиб берувчи омил сифатида баҳоланиши мумкин. 

 Мустақил Ўзбекистон  тарихида еттинчи маротаба бўлиб ўтадиган  Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришиш тантанали маросими 2023 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериши орқали қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосан юксак савияда ташкил қилиниши ва ўтказилиши шубҳасиз.
 

Фозилжон ОТАХОНОВ 

юридик фанлар доктори, профессор



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930