Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси – конституциявий ҳуқуқимиз

Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси – конституциявий ҳуқуқимиз


Пойтахтимизда шу йил 4 ноябрь куни "Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси – фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш билан боғлиқ конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш воситаси сифатида" деган мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Давра суҳбатидан кўзланган мақсад – қонун лойиҳалари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларни юридик шахслар, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳамда жамият манфаатларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш, жамоат назоратининг бундай шаклини амалга оширишнинг қонуний ва институционал асослари билан танишишдан иборат. Бунда, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар муҳокама қилиш ва давлат экспертизасини амалга оширишда давлат органлари билан самарали жамоатчилик экспертизасини ташкил этиш билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилла Тиллабоев ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси вазифасини бажарувчи Ҳанс-Ульрих Им тадбирни очди.
Олий Мажлис палаталари, вазирлик ва идоралар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган мулоқотда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ўз навбатида, фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки даражасини оширишни талаб қилиши таъкидланди. Қонун лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси бу борадаги жамоатчилик таъсири шаклларидан биридир.
Хусусан, ушбу жамоатчилик назорати шакли давлат органларининг норматив-ҳуқуқий фаолияти самарадорлигини ошириш ва фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишлари учун мақбул шароитларни яратишга қаратилган қонунларни қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган биринчи Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “халқ қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи бўлиши керак”. Бундан буён ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича фикр ва таклифлар тўғридан-тўғри фуқаролар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидан келади.
Қонунларни қабул қилиш жараёнида аҳоли томонидан қонун лойиҳаларини кенг муҳокама қилиш тизимидан самарали фойдаланиш лозим. Бундай мунозараларни ўтказиш учун Олий Мажлис раҳбарияти Интернетда махсус "платформалар" яратиши тақозо этилади.
Қонун лойиҳалари жамоатчилик экспертизаси институтининг конституциявий моҳияти, унинг юқори демократик салоҳияти фуқаронинг давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи билан боғлиқдир. Буларнинг барчаси миллий қонунчилик тизимида қонун лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасини ўтказиш тартиби тушунчаси, турлари ва хусусиятларини кўриб чиқишда, таҳлил қилишда доимий қизиқишни таъминлайди.
Жамоатчилик экспертизасининг асосий мақсади, биринчи навбатда, қонун лойиҳаларини қабул қилишда фуқароларнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳимоя қилишдир. Жамоатчилик экспертизасининг муҳим аҳамияти шундаки, у аҳоли ва ҳокимиятнинг самарали ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.
Бунда, шунингдек, қонун лойиҳаларининг сифати, самарадорлиги, қонун ҳужжатларига мослиги, қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги ва оқибатлари чуқур таҳлил қилинади.
Жамоатчилик экспертизасини ўтказиш аҳолининг республика даражасидаги ва минтақавий миқёсдаги қарорларни қабул қилиш жараёнида иштирок этишига ёрдам беради. Бу, ўз навбатида, жамоатчилик назорати ва қонун чиқариш жараёни самарадорлигини оширади.
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича жамоатчилик экспертизасини ўтказишда фаол иштирок этишига муайян сабаблар тўсқинлик қилаётганидан кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, ҳозирги вақтгача жамоатчилик назоратининг ушбу шаклини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизми тизимли тартибга солинмаган.
Давра суҳбати доирасида "Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Ушбу лойиҳа бўйича бир қатор амалий таклиф ва тавсиялар берилди.
Маълумот учун: "Қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жамоатчилик экспертизаси тўғрисида"ги қонун лойиҳаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳа 35 та давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан атрофлича ўрганилган.
Қонун лойиҳаси тавсия этилган таклиф-мулоҳазалар билан такомиллаштирилиб, том маънода жамият манфаатларига жавоб берадиган ҳужжат ҳолатига келтирлади. Сўнгра лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитасига маъқуллаш учун тақдим этилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати


«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930