Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов кампанияларида иштирок этиш имкониятларини ошириш

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов кампанияларида иштирок этиш имкониятларини ошириш


2024 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)  томонидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида Ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов кампанияларида иштирок этиш имкониятларини ошириш” мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди.

Лойиҳа ва семинар тренингнинг мақсади - ногиронлиги бўлган шахсларни давлат ҳокимияти вакиллар органларига сайловларда депутатликка номзод сифатида қатнашиш учун тайёрлашдан иборат. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари,  сиёсий партиялар раҳбарлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Семинар-тренингни “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори Сайёра Ходжаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Максуда Варисова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Бекзод Нариманов, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Бахриддин Хофизов,  Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Комил Абдуллаев кириш сўзлари билан очиб бердилар.

Тадбирда “Ўзбекистонда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари” мавзусида  “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” РЖБ бошқаруви аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби профессори,  юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов, "Ногиронлик комплексини минималлаштириш ва амбицияни шакллантириш" мавзусида ТДЮУ “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори, юридик фанлар доктори Оманбой Окюлов, «Давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари, уларни шакллантириш тартиб- тамойиллари»” мавзусида “Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” РЖБ бошқаруви аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Юридик бўлими бош мутахассиси, юридик фанлари номзоди Шоира Умарова маъруза қилдилар.

Маърузачилар таъкидлаганидек, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли, дадил ва изчил ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир. Ислоҳотлар жараёнида мамлакатимизнинг янги                               таҳрирдаги  Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган энг илғор демократик  тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини, сайлов ҳуқуқини янада кенгроқ таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда сайлов қонунчилигининг муттасил такомиллаштириб борилиши – демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатга хос жуда муҳим, мантиқий, адолатли ва зарурий жараён. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил                                 11 сентябрдаги ПФ-158-сон Фармони билан тасдиқланган «ЎЗБЕКИСТОН — 2030» стратегиясининг 79-мақсади – Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада ошириш бўлиб, 2030 йилгача эришиладиган мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичи сифатида – “Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизимини жорий қилиш” – белгиланган.

Ушбу мақсадни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 18 декабрдаги ЎРҚ-883-сон Қонуни қабул қилди ва унга кўра Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни ҳамда сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фозилжон Отахонов ўз маърузасида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси ва бошқа қонунлар асосида мамлакатимизда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишнинг конституциявий-ҳуқуқий асослари ва ногиронлиги бўлган шахсларни бу жараёнларда иштироки тўғрисида батафсил тушунтиршлар берди.  Хусусан, Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги,  фуқаролар, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги конституциявий норма сифатида белгиланганлигини қайд қилди.

Конституциянинг 57-моддасига мувофиқ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир, давлат уларга жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чораларни кўради. Шунингдек, давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалар объектлари ва хизматларидан тўлақонли фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратади, уларнинг ишга жойлашишига, таълим олишига кўмаклашади, уларга зарур бўлган ахборотни тўсқинликсиз олиш имкониятини таъминлайди.

Семинар-тренингда олинган назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда тренер Шоира Умарова бошчилигида  сайлов тизими, сайлов ўтказишнинг асосий принциплари, сайлов комиссиялари тизими, сайлов кампанияси бошланганлигини эълон қилиш, сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиши, номзодлар кўрсатиш ҳуқуқи, имзоларни тўплаш тартиби, номзодларни ва уларнинг ишончли вакилларини, партиялар рўйхатини рўйхатга олиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми, сайловолди ташвиқотини олиб бориш масалалари бўйича амалий кўникмаларини бойитишга қаратилган машғулотларда фаол қатнашдилар.

Семинар-тренинг якунида иштирокчиларга “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига номзод сифатида сайлов кампанияларида иштирок этиши” бўйича амалий қўлланма тарқатилди ва сертификатлар топширилди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930