Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофотни тантанали тақдирлаш маросими таассуротлари

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофотни  тантанали тақдирлаш маросими таассуротлари


Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий Кенгаши ҳузуридаги  Судьялар олий мактаби Иқтисодий ҳуқуқ кафедраси профессори, юридик фанлар доктори Фозилжон Отахонов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган  “Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофоти”ни тантанали тақдирлаш маросимидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофотнинг рамзий монументи

Тантанали тадбир олдидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирокида “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида ўрнатилган халқаро мукофот рамзий монументининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда, шунингдек, мукофот Олий қўмитаси ва маслаҳат кенгашининг бир қатор аъзолари иштирок этди.

Монумент йирик қўл шаклида бўлиб, коррупцияни тўхтатиш ва бу жиноятга «йўқ» дейиш зарурлигини, бутун дунё халқларининг коррупцияга қарши курашда ҳамкорлиги ва бирдамлигини ифодалайди. Тошкент шаҳри мазкур монумент ўрнатилган дунё шаҳарларининг еттинчи манзили бўлди.

Маълумот учун: Мукофотнинг рамзий монументи Доҳада истиқомат қилувчи ироқлик замонавий рассом ва ҳайкалтарош Aҳмад Aлбаҳрани томонидан яратилган. Унинг сўзларига кўра, очиқ кафтни акс эттирувчи ҳайкал олий ҳазратлари Aмир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг коррупцияга қарши кураш бўйича қарашларини акс эттиради. Ҳайкалнинг ҳар бир қисми дунё давлатларини, ундаги учбурчаклар эса шаффофликни ифодалайди. Шундай экан, минглаб одамлар ва кўплаб давлатларни вайрон қилган коррупцияга қарши курашиш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофотни таъсис этилиши тарихи

Мазкур нуфузли Мукофот 2015 йилда Қатар ҳукумати ҳамда БМТ шафъелигида Қатарда ташкил этилган Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази томонидан таъсис этилган ҳамда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш идоралари халқаро ассоциациясининг (IAACA) VIII конференциясида Қатар давлати раҳбари Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний томонидан эълон қилинган. Халқаро мукофот коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашга қўшган муваффақиятли ва самарали ёндашувларни эътироф этиш ва қадрлаш учун мўлжалланган.

Мукофотнинг асосий мақсади – глобал миқёсда намунали ва эътиборга молик ҳаракатлар, илғор амалиётларни қўллаб-қувват-лайдиган восита бўлиб хизмат қилиш, бутун дунё бўйлаб коррупцияга қарши кураш моделларини тан олиш, тарғиб қилиш, тўплаш ва тарқатиш, соҳада хабардорлик ва бирдамликни ошириш, шунингдек, коррупциядан холи жамият сари янги ташаббусларни рағбатлантиришдан иборат. 

У 2016 йилдан бошлаб ҳар йили коррупцияга қарши глобал кампанияга ҳисса қўшган шахслар ва ташкилотларни эътироф этиш ҳамда миннатдорлик белгиси сифатида топшириб келинмоқда.

Юксак мукофот ғолибларини аниқлаш тартиби. Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофотни топшириш учун   махсус органлар ташкил қилинган бўлиб, уларнинг ҳар бири ўз роли ва мажбуриятларига эга.

Олий қўмита (Юқори даражадаги мукофот қўмитаси) – давлат раҳбари ва вазирлар даражасидаги аъзолардан иборат таркибда ташкил қилинган. Олий қўмитани Васийлик кенгашининг раиси бошқаради. Унга Баҳолаш ва маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган номзодларнинг қисқа рўйхатидан мукофотнинг ҳар бир номинацияси бўйича якуний ғолибларни танлаш ишониб топширилган.

Баҳолаш ва маслаҳат кенгаши – Котибият томонидан олинган барча номинацияларни кўриб чиқади ва ўрганади; ҳар бир номинациядаги энг яхши номзодларни танлайди; Олий қўмита томонидан якуний танловни аниқлаш учун номзодларнинг қисқа рўйхатини тузади; Котибиятга мукофот билан боғлиқ масалалар бўйича мажбурий бўлмаган маслаҳат ва кўрсатмалар беради.

Мукофот котибияти – Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши курашиш маркази (ROLACC) Олий қўмита ва Баҳолаш ва маслаҳат кенгашини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган маъмурий ва процессуал ишларни ўз зиммасига олган.

БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) вакиллари Баҳолаш ва маслаҳат кенгашини йиғилишларида мустақил маслаҳатчи сифатида ва Олий қўмита йиғилишларида кузатувчи мақомида иштирок этадилар.

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот билан тантанали тақдирлаш маросими ҳар йили UNODC кўмагида  ташкил этилади ва унда UNODCнинг юқори мартабали вакиллари Қатар давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва мезбон мамлакатнинг олий мартабали вакили билан ғолибларга сертификат ва мукофотни топширишда иштирок этади.

Юксак мукофот ғолибларини тантанали тақдирлаш маросим-лари ўтказилган мамлакатлар. 2016 йил – Австриянинг Вена шаҳрида, 2017 йил – Швейцариянинг Женева шаҳрида, 2018 йил –Малайзиянинг Путражая шаҳрида, 2018 йил – Руанданинг Кигали шаҳрида, 2020 йил – Туниснинг Тунис шаҳрида, 2022 йил – Қатарнинг Доха шаҳрида Юксак мукофотнинг тантанали тақдирлаш маросимлари бўлган.

Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот билан еттинчи тақдирлаш тантанали маросим ўтказилишининг асосий сабаблари

Бу йилги тантанали маросимни Тошкентда ўтказилиши сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг сиёсий иродаси ва ташаббуси билан коррупцияга қарши кураш йўналишида олиб борилаётган қатъий ва изчил ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан катта эътирофи ифодасидир.

Хусусан, Президент Ш.Мирзиёевнинг 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Қатар давлатига ташрифи мобайнида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Қатар давлати Маъмурий назорат ва шаффофлик бошқармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ташриф якунларидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Қатарнинг Давлат аудит бюроси, Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази, Давлат Бош прокуратураси билан ҳам ўзаро ҳамкорлик ва тажриба алмашиш борасида қатор келишувларга эришилди.

Шунингдек,  Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, коррупция иллатининг  оқибатларини чуқур англаган ҳолда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни тизимли амалга оширилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилган, махсус ваколатли Агентлик ташкил этилган. Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар амалиётга кенг жорий этилмоқда. Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилган, давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилган.

Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлат-ларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда. Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш соҳасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон банки, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз “Transparency International” индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсади кўзланган. “Open Data Inventory” рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муҳим ташаббуслар

“Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз. Бу масъулиятли ва муросасиз кураш йўлида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ва барча халқаро ҳамкорларимиз билан биргаликда бор кучимизни сафарбар этишга тайёрмиз” – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз томонидан бу борада қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди.

Биринчи, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегияни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этиш орқали давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлаш.

Иккинчи, коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва уларда фаол қатнашиш билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш.

Учинчи, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлигини кучайтириш орқали унинг салоҳият ва имкониятларини янада ошириш ҳамда энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмларни, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича “дастлабки ўрганиш” – коррупцион суриштирув институти жорий этиш.

Тўртинчи, онги ва қалби болаликдан “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган янги авлодни камолга етказишдек устувор вазифани амалга оширишда БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш.

Бешинчи, коррупцияга қарши курашишдек мураккаб жараёнларда энг олдинги сафларда бораётган оммавий ахборот воситаларининг ўрнини алоҳида эътироф этган ҳолда коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш.

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот  номинациялари бўйича ғолиблар

Халқаро коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак мукофот ғолиблари жаҳоннинг 5 та қитъасидаги 38 та мамлакат вакиллари (коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол 33 та шахслар ва 18 та ташкилотлар)  қуйидаги 5 та номинация бўйича тақдирланганлар:

Биринчи “Коррупцияга қарши курашишдаги ютуқлари ҳамда узоқ йиллик фаолияти учун” номинацияси бўйича – 2016 йилда –Тельма Альдана (Гватемала), 2017 йилда – доктор Герардо Коломбо (Италия), Мухи Эддин Тук (Иордания), 2018 йилда – Леонард Франк Маккарти (АҚШ), Маллам Нуху Рибаду (Нигерия),  2019 йилда – доктор Кеннет Каунда (Замбия), 2020 йилда – Пердана коррупцияга қарши курашиш жамғармаси (Малайзия), 2022 йилда – доктор Жон Гитонго (Кения), 2023 йилда – Хосе Угаз (Перу).

Иккинчи “Коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги таълим ва академик тадқиқотлар учун” номинацияси бўйича – 2016 йилда доктор Миодраг Лабович (Македония), Корде гуруҳи (Канада), 2017 йилда – доктор Томас Спиди-Райс (АҚШ), доктор Зьюмей Ван (Хитой), 2018 йилда – доктор Джейсон Шарман (Австралия), доктор Робтел Нефджай Пейли (Либерия), 2019 йилда – доктор Мария Крамбиа-Капардис (Кипр), доктор Альбан Кочи (Албания), 2020 йилда – доктор Адам Грейкар (Австралия), доктор Майкл Леви (Буюк Британия), 2022 йилда – доктор Сопе Уильямс-Элегбе (Жанубий Африка Республикаси), доктор Эрнесто Савона (Италия), 2023 йилда – Сунсана Роксандич (Хорватия),  доктор Жон С.Т. Қуаҳ (Сингапур).

Учинчи “Коррупцияга қарши курашишга оид ёшлар ташаббус-лари ва дахлдорлиги учун” номинацияси бўйича –  2016 йилда – Ёшлар коррупцияга қарши (Греция), ТМ Мьюзик (Танзания), 2017 йилда – SPAK (Индонезия),  2018 йилда – Фернанда Флорес Агирре (Мексика), ACCOUNTABILITY LAB (Дунё даражасида), 2019 йилда – Жан Жак Лумумба (Конго Демократик Республикаси), JEUNESSES MUSICALES INTERNATIONAL (JMI) (Бельгия), 2020 йилда – ОНГ ТОЛОТСОА (Мадагаскар), Демократияни ўрганиш маркази (Болгария), 2022 йилда – KOALISI ANTI-KORUPSI INDONESIA (Индонезия), Ёшлар коррупцияга қарши (Ливан), 2023 йилда – All 4 Integrity ташкилоти (Португалия), Youth 4 Integrity ташкилоти (Кения).

Тўртинчи – “Коррупцияга қарши курашишга оид инновациялар ва журналистик материаллар учун” номинацияси бўйича –  2016 йилда – Ханан Хандагжий (Иордания), Санъат сардорлари - ArtLords (Афғонистон), 2017 йилда –I PAID A BRIBE (Ҳиндистон), 2018 йилда – доктор Роджер Корантен (Гана), Телефонлар коррупцияга қарши (Папуа-Янги Гвинея), 2019 йилда – SEMA (Уганда), Эльнура Алканова (Қирғиз Республикаси), 2020 йилда – Риад Кабейсси (Ливан), ОПС институти (Бразилия), 2022 йилда – Хоупвелл Чин’ононо (Зимбабве), 2023 йилда Клэр Ревкасл-Браун (Буюк Британия), Фил Мейсон(Буюк Британия).

Бешинчи –“Спортни коррупциядан холи қилиш”  номинацияси бўйича –  2022 йилда – доктор Лиза А.Кил (АҚШ), 2023 йилда – Вайхига Мваура (Кения), Шантану Гуха Рэй (Ҳиндистон). 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930