Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

“Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” ўқув-амалий қўлланмаси тақдимоти

“Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” ўқув-амалий қўлланмаси тақдимоти


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳаси доирасида ва Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида муаллифлар гуруҳи томонидан тайёрланган “Аҳоли иштирокида туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” ўқув-амалий қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда депутатлар, Институт ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси” таҳрир ҳайъати аъзолари, Институт илмий ходимлари, БМТ Тараққиёт Дастури, илмий ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, ўқув-амалий қўлланма ҳаммуаллифи, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Шарофиддин Назаров кириш сўзи билан очиб, ўқув-амалий қўлланманинг зарурати, долзарблиги ва аҳамияти, хусусан, ҳудудларни стратегик ривожлантиришнинг асосий масалалари, қўлланманинг асосий мазмуни ва стратегик режалаштиришнинг муҳим ёндашувлари ҳақида атрофлича сўз юритди.

Кириш сўзи билан иштирок этган БМТ Тараққиёт Дастури лойиҳаси раҳбари Аброр Ходжаев Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан муаллифлар жамоаси таркибида тайёрланган ушбу ўқув-амалий қўлланмани электрон ва чоп этилган шаклда барча илмий тадқиқот ва олий таълим муассасасига юборишни қўллаб-қувватлашларини мамнуният билан таъкидлади.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Захидов қўлланмани олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларига киритиш, шунингдек, мана шу сингари тадбирларни ташкиллаштириш борасида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Қўмита ҳамкорлигини кенг йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Модератор – Институт директори, юридик фанлар доктори, профессор Фозилжон Отахонов ўқув-амалий қўлланманинг долзарблигига урғу бериб, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида ҳудудларни стратегик ривожлантириш ва ушбу жараёнга аҳолини кенг жалб этиш мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, давлат бошқарувини демократлаштиришнинг асосий устуворлиги сифатида эътироф этилганлигини алоҳида тилга олди.

Шунингдек, ҳудудларни стратегик ривожлантириш ҳозирги кунларда жаҳон шаҳарларини модернизациялашнинг энг самарали услуби, тренди эканлигини, мазкур метод республика ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда босқичма-босқич ва комплекс равишда қўлланилаётганлигини эътироф этди. Давлат раҳбари ташаббуси билан стратегик ҳудудий ривожлантириш бугунги кунда мамлакатнинг барча ҳудудларини ривожлантиришда асосий метод сифатида қўлланилаётганини, шу асосда ҳукумат ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида ўзаро муносабатлар шакллантирилаётганини таъкидлади.

Тадбир давомида ўқув-амалий қўлланма муаллифлари унинг асосий жиҳатларини очиб беришди. Жумладан, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжон Акилов туманни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш билан боғлиқ бўлган ташкилий-ҳуқуқий масалалар ҳақида тўхталиб, ҳудудий ривожланиш стратегиясининг устувор йўналишлари, уларни аниқлашда SWOT – таҳлил ва ушбу методдан фойдаланиш имкониятларини очиб берувчи бобларга эътибор қаратди.

Муҳокамалар давомида сўз олган Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси Нодир Жумаев Институт ва муаллифларнинг бу борадаги амалий саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. 

Тақдимот қизғин муҳокамалар ва савол-жавобларга бой бўлди.



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930