Тел: +998-91) 190-00-76
Email: info@mediator.uz
Иш вақти: 09:00 - 18:00

Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларнинг қонуний асослари такомиллаштирилди

Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларнинг қонуний асослари такомиллаштирилди


2022 йил 16 майда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» қонун имзоланди.

Ҳозирги замонда иқтисодиётнинг глобаллашуви тез чуқурлашаётган, хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда минтақавий ва халқаро миқёсда қонунчилик бир хиллаштирилаётган шароитда ҳам миллий, ҳам халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро тижорат арбитражи тижорат ва инвестиция низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этиб бормоқда. 

2021 йил 16 февралда қабул қилиб, 16 августдан кучга кирган «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни БМТнинг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича Комиссияси томонидан қабул қилинган ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан маъқулланган ЮНСИТРАЛнинг Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги намунавий қонуни асосида, шунингдек арбитраж муҳокамаси соҳасида жаҳондаги илғор амалиёт ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Ҳозирги кунда жаҳоннинг 85 та мамлакатида қабул қилинган 118 та қонунлар, шу жумладан, АҚШ, Канада, Сингапур, Россия, Украина, Туркманистон, Ўзбекистон, Евроиттифоқ мамлакатлари қонунлари мазкур Намунавий қонун асосида қабул қилган.

Қонун 56 та моддани қамраб олган 8 та бобдан иборат бўлиб, унда қуйидагилар: умумий қоидаларда, арбитраж келишуви, арбитраж судининг таркиби ва юрисдикцияси, таъминлаш чоралари ва дастлабки қарорлар, арбитраж муҳокамасини юритиш, арбитражнинг ҳал қилув қарорини қабул қилиш ва муҳокамани тугатиш, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш, якунловчи қоидалар белгиланган.

Мазкур қонунни қабул қилишга ҳуқуқий замин яратиш йўлида бошқа мамлакатлар каби Ўзбекистоннинг биринчи қадамлари ҳам халқаро битимларга қўшилиш ва уларни ратификация қилишдан бошланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси 1993 йил 7 майда «Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида»ги (Вашингтон, 1965 йил) ва 1995 йил 22 декабрда «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида» (Нью-Йорк, 1958 йил) конвенцияларига қўшилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Нью-Йорк конвенциясига ҳозирги кунда 169 та давлат қўшилган бўлиб, йилдан-йилга халқаро арбитражлар ва уларда кўрилаётган ишлар сони ортиб бормоқда. Конвенцияда арбитраж битимининг мажбурийлиги, арбитраж битими мавжуд бўлган низога нисбатан давлат судлари аралашуви доирасини чекланганлиги, чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ҳамда бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишни рад қилиш учун асосларнинг аниқ рўйхати мустаҳкамланганлиги, «икки томонлама экзекватура» принципидан воз кечилганлиги кўплаб мамлакатларнинг миллий қонунчилигида кенг тан олиниб, ўз ифодасини топган.

Мазкур Конвенцияга мувофиқ мамлакатимизда чет эл арбитражлари томонидан қабул қилинган ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш мажбурияти мавжуд ва амалга ошириш механизми яратилган.

Қонунни ишлаб чиқиш зарурати 

Маълумки,«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш бўйича иқтисодий судларга бир қатор ваколатлар берилган эди. 

Хусусан, қонунда арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусидаги қарорни қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, таъминлаш чорасини тан олиш ёки ижрога қаратиш; таъминлаш чорасини кўриш, далилларни олишга кўмаклашиш, арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш, арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш белгиланган. 

Бироқ мазкур ваколатларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари иқтисодий процессуал қонунчиликда назарда тутилмаганлиги боис иқтисодий судларда мазкур тоифадаги ишларни кўришда муаммолар юзага келаётган эди.

Шунингдек, иқтисодий судлар томонидан ҳакамлик муҳокамасига боғлиқ ишлар билан мамлакатимиздаги халқаро тижорат арбитражлари фаолияти билан боғлиқ ишларни кўришнинг аниқ чегаралари белгиланмаганлиги қонунни қўллашда тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Бундан ташқари, мазкур қонуннинг қабул қилиниши чет эл арбитражлари ва мамлакатимиздаги халқаро тижорат арбитражлари фаолияти билан боғлиқ ишларни иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятларини процессуал қонунчиликда белгилашни тақозо этаётган эди.

Қонуннинг илмий асослантирилганлиги 

Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан киритилган ва Қонунчилик палатаси унга илмий хулоса олиш учун­­­­­­­­­­ Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтига юборган. 

Институтнинг асосий вазифаларидан бири парламент палаталарини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳисобланади. 

Мазкур қонун лойиҳаси институт илмий ходимлари томонидан ҳар тарафлама чуқур таҳлил қилинган ва лойиҳа юзасидан илмий хулоса Қонунчилик палатасига тақдим этилган. Шунингдек Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро қўмитаси депутатлари ҳамда Олий суд вакиллари иштирокида лойиҳани моддама-модда муҳокама қилиш жараёнида Институтнинг 20 дан ортиқ илмий асослантирилган таклифлари қонунни қабул қилишда эътиборга олинган.

Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Биринчи, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (бундан буён – ИПК деб юритилади) 25-моддасига киритилган қўшимчалар мазмунига кўра арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ барча ишлар иқтисодий судга тааллуқлилиги белгиланди.

Шунингдек, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар иштирокчиси юридик ёки жисмоний шахслар бўлишидан қатъи назар, фақат иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилишига оид норма киритилди.


Иккинчи, 
бундай ишлар арбитраж ташкил қилинган жой ҳисобга олинган ҳолда икки турга ажратилган бўлиб, биринчи турга – арбитрни тайинлаш; арбитрни рад этишни қаноатлантириш; арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш; арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш; далилларни олишга кўмаклашиш; арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳақидаги
ишлар иқтисодий судлар томонидан фақат, агар арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида жойлашган бўлса, кўриб чиқилади. 

Иккинчи турга – таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш; таъминлаш чорасини кўриш; арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар чет эл арбитражларига ҳам, мамлакатимизда фаолият юритаётган арбитражларга ҳам бир хилда тааллуқли эканлиги белгиланди. 

Учинчи,  арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни судловга тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, яъни уларнинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқиши назарда тутилган.

Тўртинчи, алоҳида судловга тегишлилик қоидалари белгиланган ИПКнинг 37-моддасига киритилган қўшимчаларга мувофиқ: 

а) арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш, шунингдек арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади;

б) таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги аризалар эса арбитраж жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Бешинчи, арбитрларнинг ва арбитраж муҳокамаси бошқа иштирокчиларининг иммунитетини таъминлаш мақсадида ИПКнинг 53-моддасига киритилган қўшимчага кўра арбитрлар, арбитраж таркиби томонидан тайинланган экспертлар, арбитраж муассасасининг ходимлари – арбитраж муҳокамаси давомида ўзларига маълум бўлиб қолган ҳолатлар тўғрисида гувоҳ сифатида судга чақирилиши ва сўроқ қилиниши мумкин эмаслиги белгиланди.

Олтинчи, халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилган ҳолда чет эл арбитражи ва мамлакатимизда фаолият юритадиган арбитражлар учун бир хил тартиб ўрнатиш мақсадида ИПК 248-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш масалалари, агар арбитраж жойи Ўзбекистон Республикасида бўлса, ИПКнинг 33-бобида назарда тутилган тартибда, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда ҳал этилиши белгиланди.

Иқтисодий Процессуал кодекс қандай янги нормалар билан тўлдирилди? 

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодекс 1 та янги боб ва 10 та янги моддалар билан тўлдирилди.

Хусусан, ИПК янги  281-модда билан тўлдирилиб, унда арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар жумласига «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тўққизта турдаги аризалар ва илтимосномалар бўйича ишлар киришлиги белгиланди.

Шунингдек, ИПК 291-боб билан тўлдирилди ва унда арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни юритиш иккита параграфга ажратилди.

Биринчи параграф – “Арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларни юритиш» деб номланиб, мазкур параграфда: 

а)арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишнинг умумий қоидалари; а) аризанинг шакли ва мазмуни;  

в) аризага илова қилинадиган ҳужжатлар; г) арбитраж муҳокамасига кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд муҳокамаси масалалари батафсил ифодаланган.


Иккинчи параграфда арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни юритишга оид нормалар белгиланган. Хусусан, мамлакатимизда фаолият юритаётган арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқи нафақат арбитраж муҳокамасининг тарафига, балки ишда иштирок этишга жалб этилмаган, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида арбитражнинг ҳал қилув қарори қабул қилинган шахсларга ҳам берилмоқда.

Бундан ташқари, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни; аризани кўриб чиқиш тартиби; арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш асослари ва ажримнинг мазмунига қўйилган талаблар белгиланган.

«Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қандай ўзгартириш киритилди? 

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги қонунига ҳам ўзгартишлар ва қўшимча киритилди ва унга кўра арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалардан БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи ундирилиши кўзда тутилди.

Янги Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитражнинг замонавий талабларга тўла мос келадиган мустаҳкам қонуний асослари яратилибди. Эндиги вазифалар нималардан иборат?

Аввало юқоридаги қонунларнинг қабул қилинганлиги қуйидагиларга: 

биринчидан, Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланувчи фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантиришга;

иккинчидан, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарурий ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга;

учинчидан,  ташқи савдо ҳамда бошқа ташқи иқтисодий фаолият турларини амалга оширишда шартномавий ва бошқа фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган низолар, корпоратив тусдаги низолар, инвестициялар, интеллектуал мулк ва блокчейн технологиялари билан боғлиқ низоларни кўришда тарафларнинг вақти ва харажатларини қисқартиришни таъминлашга хизмат қилади.

Навбатдаги вазифалар эса Қонунга риоя қилиш ва бажаришга қаратилиши лозим.

Бунинг учун биринчи, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси,Олий суд ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонунларнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли, айниқса ишбилармон доиралар ўртасида тушунтирилишини таъминлаши лозим.

Иккинчи, мамлакатимизда жаҳоннинг етук арбитраж марказлари бўлмиш Париж, Лондон, Стокголм ва бошқа арбитраж муассасаларидан ўрнак олиб, улар билан бемалол рақобатлаша оладиган халқаро арбитраж судларини ташкил қилишни мақсад қилиш керак.

Учинчи, халқаро тижорат арбитражи соҳасида етук мутахассисларни, шу жумладан, иқтидорли ёшларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни жаҳон андозаларига мос равишда олиб бориш лозим.

 

Фозилжон ОТАХОНОВ, 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги 

Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти

 директори, юридик фанлар доктори, профессор


www.parliament.gov.uz 



«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930